Логотип Bank.uz
КУРСЫ ВАЛЮТ ЦБ РУз
USD 12.11 9490.77
EUR 12.11 10455.03
RUB 12.11 148.82
КУРСЫ ВАЛЮТ
КОММЕРЧЕСКИХ БАНКОВ
Банк USD EUR
KAPITALBANK 9400/50 9890/990
UZPSB 9350/20 10200/450
NBU 9350/30 10320/520
САВДОГАРБАНКНИНГ ЧОРАК АСРЛИК ФАОЛИЯТИГА НАЗАР
31.07.2019

САВДОГАРБАНКНИНГ ЧОРАК АСРЛИК ФАОЛИЯТИГА НАЗАР

 Жорий йилнинг май ойи чет эл капитали иштирокидаги "Савдогар" акциядорлик тижорат банки солномасида муҳим тарихий сана сифатида из қолдирди. 12 май куни банк ташкил этилганининг 25 йиллиги кенг нишонланди. Бундан чорак аср муқаддам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 18 мартдаги ПФ-794-сонли Фармонига асосан аҳолининг товарларга бўлган эҳтиёжини қондириш ва ички бозорни улар билан тўлдириш, шунингдек, республика савдо тармоғи фаолиятини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантиришни таъминлаш мақсадида Савдо ва тижоратга кўмаклашувчи “Савдогар” акциядорлик тижорат банки ташкил этилган ҳамда 1994 йил 12 майда 42-сонли билан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида рўйхатга олинган эди. Ўша йилиёқ барча вилоят марказларида ва республикамизнинг айрим туманларида банкнинг жами 19та филиали очилган эди.  

Мазкур молия-кредит муассасаси эришган марралар, унинг ҳозирги куни ва бўлғуси режалари ҳақида Банк Бошқаруви Раиси Сурат Марифович Мансуров билан суҳбатлашдик. 

Сурат Марифович, авваламбор, Сизни ва Сиз орқали Банк Кенгаши, Бошқаруви аъзоларини, кўпсонли меҳнат жамоасини, қолаверса, банк мижозлари ва ҳамкорларини “Савдогарбанк” ташкил этилганлигининг 25 йиллик тўйи билан муборакбод этишга ижозат бергайсиз. Чорак аср катта муддат, албатта, бу орада республика банк тизими шаклланди ва мустаҳкамланди ва оёққа турди. Шубҳасиз, бунда “Савдогарбанк”нинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Тарихга назар солиб, банкнинг ривожланиш босқичлари ҳақида гапириб берсангиз.

– Тўғри айтдингиз. Банкимиз ташкил этилган санага эътибор қаратадиган бўлсак, ўша йилнинг 1 июлидан миллий валютамиз – сўм юртимиз ҳудудида ягона тўлов воситаси сифатида муомалага киритилган эди. Мана шундай вазиятда ташкил этилган “Савдогарбанк” ҳам миллий валютамизни барқарорлаштириш, банк тизимини, қолаверса, тўлов тизимини тобора мустаҳкамлаш ишида баҳоли-қудрат иштирок этгани бизни қувонтиради, албатта. 

1998 йили “Савдогарбанк” ва “Енгилсаноатбанк” бирлаштирилди ва Устав капитали 1 млрд. сўмга етказилди, филиаллар сони эса  биттага ошди ва 45тага етказилди. 2000 йили ЎзР ВМ қарори билан “Савдогарбанк” “Мевасабзавотбанк” билан  қўшиб юборилиши натижасида Устав капитали 1,5 млрд. сўмга етказилди, филиаллар сони эса 10 тага ошди ва 55тани ташкил этди.

2005 йили Германиянинг "R&D Express-Ausenhandels" компанияси “Савдогарбанк”нинг 2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги 40 фоиз акциясини сотиб олди ва банк чет эл капитали иштирокидаги банкка айланди ҳамда устав капитали миқдори 8,0 млрд. сўм (5 млн. АҚШ доллари эквиваленти)га етди.

2006 йил 22 июндаги ПФ-3764-сонли Фармонга асосан “Савдогар” ихтисослаштирилган акциядорлик тижорат банкининг улуши хорижий инвестор томонидан сотиб олиниши муносабати билан банкимиз Ўзбекистон-Германия “Савдогар” очиқ акциядорлик тижорат банкига айланди. 2010 йили эса АҚШнинг “ALL AMERICAS INTERNATIONAL, INC.” Корпорацияси банк устав капиталига 3 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ киритиши банкнинг хорижий акциядорлари сони яна биттага ошиши баробарида банк устав капиталининг миқдори 22.1 млрд. сўм (10 млн. евро эквиваленти)га етишини таъминлади.

2012 йили банкнинг хорижий акциядорлари сони учтага етди. Сингапурнинг “Кито инвестмент” компанияси банкнинг 3 млн. АҚШ доллари миқдоридаги акцияларини сотиб олиши муносабати  билан банк номи Чет эл капитали иштирокидаги “Савдогар” акциядорлик тижорат банкига ўзгартирилди ва банк устав капиталини миқдори 30 млрд. сўмга етди.

2013 йили Банк акциядорлари таркибида яна бир хорижий инвестор пайдо бўлди. Астрата АГ (Швейцария) банкимизнинг 25 фоиз акциясини сотиб олиши натижасида банк устав капиталининг миқдори 42 млрд. сўмга етказилди. Шу йили Тошкент шаҳри “Шайҳонтоҳур” туманида банкнинг Шайҳонтоҳур филиали мижозларга хизмат кўрсата бошлади.

Сурат Марифович, банк фаолият кўлами ҳақида тасаввурга эга бўлишимиз учун унинг асосий иқтисодий кўрсаткичлари билан таништириб ўтсангиз.

– Бунинг учун банкимизнинг 2018 молиявий йилдаги фаолияти асосий кўрсаткичлари билан танишиб чиқишни тавсия этаман. 2018 ҳисобот йили ҳам банкнинг ривожланиш тарихида муҳим йил бўлди. Мамлакатимиздаги қулай иқтисодий муҳит, банк молия-тизимида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва кўламларини кенгайтириш бўйича қабул қилинган дастурларнинг амалга оширилиши банкнинг муваффақиятли фаолият юритиши учун кенг имкониятлар очиб берди. Аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг банкка бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, сифатли банк хизматларини таклиф этиш ҳисобидан банк тизимида рақобатбардошлик муҳитини шакллантириш учун зарур шароитлар яратилди.

Ўтган 2018 йил маълумотлари банкнинг барқарор ўсиб бораётганлигини намойиш қилади. Энг муҳим кўрсаткичларга келадиган бўлсак, банк активлари миқдори 2019 йил 1 январь ҳолатига 678 млрд. сўмга етди. 2018 йил августда «Moody’s» халқаро рейтинг компанияси Банкнинг кредитга лаёқатлилиги бўйича «Барқарор» рейтингини қайта тасдиқлади. Бундай рейтинг банк ўз акциядорлари, мижозлари ва ҳамкорларининг ишончини оқлаётганидан, қолаверса, том маънода “барқарор” молия-кредит муассасаси эканлигидан далолат беради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 мартдаги “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3620-сонли қарори ижросини таъминлаш борасида банкнинг аҳоли кенг қатламларини қамраб олиш бўйича саъй-ҳаракатлари қай даражада самарали  бўлмоқда?  

– Банк мижозларга имкон қадар яқин бўлиш, уларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида республикамиз ҳудудида 20та филиал, 18та минибанк ва 28та махсус касса ҳамда 24та халқаро пул ўтказиш шохобчалари орқали фаолият кўрсатиб келмоқда. ПҚ-3620-сонли Президент қарорига келадиган бўлсак, унинг ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар филиали ишини намунавий филиал сифатида ташкил этдик. Шунингдек, банкимизнинг 9та филиали, яъни Дўстлик, Шайхонтоҳур, Самарқанд вилоят, Иштихон, Зангиота, Амалиёт бошқармаси, Хоразм вилоят, Навоий вилоят ва Фарғона вилоят филиаллари намунавий филиал андозасига мослаштирилди. 12та филиалимиз эса, яъни Андижон вилоят, Бухоро вилоят, Тўрткўл, Наманган вилоят, Қашқадарё вилоят, Улуғбек, Ургут, Денов, Қибрай, Ғазалкент филиаллари фронт ва бек-офис ҳудудларига ажратилди. 

Сўнгги вақтларда банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга катта эътибор берилаётганини инобатга олиб, Банкнинг Марказий девонида "Ишонч телефони" жорий қилинди. Мазкур тизим мижозларимиз бўлмиш юридик ва жисмоний шахслардан, шунингдек, банк мижозлари бўлмаганлардан келиб тушаётган оғзаки мурожаатларни тезкорлик билан жойида ҳал этиш, банкимиз филиаллари ва мини-банклари ҳамда шохобчаларида таклиф қилинаётган банк хизматлари тўғрисидаги тўлиқ ва батафсил маълумотларни мурожаат этувчиларга тақдим этиш имконини бермоқда ҳамда банк хизматларидан фойдаланувчилар билан тескари алоқани жонлантириш ва улар билан фикр алмашишда жуда қўл келмоқда.

20 та филиалимиз (Тўрткўл, Андижон вилоят филиали, Бухоро вилоят, Дўстлик, Қашқадарё вилоят, Навоий вилоят, Наманган вилоят, Самарқанд вилоят, Ургут, Иштихон, Улуғбек, Денов, Фарғона вилоят, Хоразм вилоят, Ғазалкент, Қибрай, Зангиота, Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур, Амалиёт бошқармаси)да Мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича штат бирликлари ажратилди, уларда мижозларга банк хизматлари ва маҳсулотлари тўғрисида дастлабки тушунтириш берувчи мутахассис лавозимлари зарур ходимлар билан бутланди.

Мижозларга хизмат кўрсатишда қулайликлар яратиш мақсадида яна 5та: Жиззах вилоятининг Жиззах шаҳри, Тошкент вилоятининг Зангиота тумани, Навоий вилоятининг Қизилтепа тумани, Фарғона вилоятининг Фурқат тумани, Самарқанд вилоятининг Ургут шаҳрида мини-банклаор ташкил этилди.

Филиал тармоғини кенгайтириш баробарида бугунги кунда замонавий банк хизматлари ривожини ахборот технологияларисиз ҳам тасаввур этиш қийин. Нима деб ўйлайсиз, банкда бу борадаги ишларнинг аҳволи қай даражада қониқарли?

– Жуда тўғри савол. Бугун ахборот технологиялари омилини эътибордан четда қолдирган банк ўз навбатида мижозлар ва аҳоли эътиборидан ҳам қолиши шубҳасиз. Шу муҳим омилни назарда тутган ҳолда биз мижозларимизнинг вақтини ва маблағларини тежаш мақсадида турли дастурий таъминот ва иловалардан унумли фойдаланиб келмоқдамиз. Қолаверса, хорижий ҳамкорларимизнинг ишларни замонавий услубда ташкил этиш бўйича талаблари ҳам шуни тақозо қилади. Ҳозирда банкимизда юридик шахслар ҳамда жисмоний шахслар учун алоҳида-алоҳида мобиль иловалар, онлайн конверсия, онлайн омонат хизматлари, жисмоний шахслар учун "Savdogar Mobile" дастури жорий этилган, корпоратив  savdogarbank.uz сайтимизда "Шахсий кабинет" ишлаб турибди, “Ҳумо” миллий пластик карта дастури хизмат турлари амалиётга татбиқ этилди.

Бундан ташқари, куну-тун ишлайдиган автоматлаштирилган валюта айирбошлаш шохобчалари ташкил этиш бўйича олиб борилган ишлар натижасида 10та шундай шохобчалар Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл тумани, Андижон шаҳри, Бухоро шаҳри, Самарқанд шаҳри, Самарқанд вилоятининг Самарқанд тумани, Фарғона шаҳри, Хоразм вилоятининг Урганч шаҳри, Тошкент вилоятининг Қибрай тумани, Тошкент шаҳрининг Юнусобод ва Шайхонтоҳур туманларида ташкил этилди. Уларнинг хизматидан жойлардаги аҳоли туну кун баҳраманд бўлмоқда.

–  Бу ишлар пластик карталардан фойдаланувчилар сонини оширишни назарда тутади, албатта, шундай эмасми?

– Банк оммабоплигини ошириш борасидаги чора-тадбирларнинг муваффақиятли амалга оширилиши пластик карталардан фойдаланувчилар сонининг ортишини тақозо қилади, чунки ахборот технологиялари билан боғлиқ банк хизматлари аксарият ҳолларда карточка мавжуд бўлишини назарда тутади. Банкоматлар орқали нақд пул ечиш, маҳсулот ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш, конверсия операциялари ва ҳоказолар шулар жумласидандир. Шу боис “Савдогарбанк” пластик карточка эгаларига нақд ва нақдсиз шаклда кўрсатиладиган хизматлар доирасини кенгайтириб ва такомиллаштира бориб, пластик карточкалар бозорида ҳам ўз мавқеини мустаҳкамламоқда.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2019 йил 1 январь ҳолатига муомалага чиқарилган пластик карточкалар сони 247 114 донани ташкил этмоқда. “Савдогарбанк” пластик карточкалари Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги банк филиаллари мижозлари бўлган турли мулкчилик шаклидаги хўжалик юритувчи субъектларда иш ҳақи лойиҳалари доирасида татбиқ этилган.

Шунингдек, Банкда аҳолидан электр энергияси, табиий газ ва бошқа коммунал хизматлар учун тўловларни йиғишга, турғун савдо нуқталарига, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, дорихоналар, кафе ва бошқа савдо-сервис шохобчаларида 7154 та терминал ўрнатилган ва уларнинг сони йил давомида 407тага ошди. Банк томонидан бугунги кунда жами 63та инфокиоск, 33та банкомат ўрнатилган. 2018 йил давомида пластик карточкалар ҳисобрақамлари орқали ўтказилган  транзакцияларнинг умумий суммаси 1 трлн. 144 млрд. 201 млн. сўмни ташкил этди. 2019 йил 1 январь ҳолатига пластик карточкалар ҳисобрақамларидаги (жисмоний шахсларнинг) пул маблағлари қолдиғи 27 936 млн. сўм бўлди.

Корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш борасидаги ишларнинг кўлами ҳақида нима дея оласиз?

– Корпоратив бошқарув масаласи бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бири, десак адашмаган бўламиз. Бизда ҳам авваламбор юқори бўғин раҳбар ходимларининг, қолаверса, ўрта ва қуйи бўғин ходимларининг корпоратив бошқарув борасидаги малакаларини юксалтириш, ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ишларида корпоратив бошқарув тамойилларига алоҳида урғу бериш борасидаги ишларни доимий тарзда амалга ошириб борамиз. 2018 йил 20 декабрда ISO 9001:2015 стандартига асосан менеджмент сифат тизимини жорий этиш бўйича сертификат олинганлиги ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Корпоратив мижозлар билан ишлашда банкда нималарга кўпроқ аҳамият қаратиляпти?

– Ўтган йилларда банк корпоратив мижозлар билан муносабатларни ривожлантиришнинг янги босқичига ўтди. Бу борадаги иш услуби ҳар бир мижозга индивидуал ёндашув ҳамда структураланган банк хизматларини таклиф этишдан иборат. Бунда ҳар бир мижознинг банк хизматларига бўлган эҳтиёжини максимал даражада қондириш, фаолиятнинг ўзига хос томонларини ҳисобга олиш, шунингдек, ўзаро манфаатли ҳамкорлик – Банкнинг ҳам корпоратив, ҳам хусусий мижозлар билан ишни ташкил этишдаги асосий тамойилларидир.

Мижозлар билан ишлаш услубларини мунтазам такомиллаштириш ва банк хизматларининг энг замонавий илғор шаклларини амалиётга жорий этиш йўлида Банк ходимларининг қилган барча саъй-ҳаракатлари натижасида мижозларнинг банк билан ҳамкорлиги катта самаралар бермоқда ва қулайлик туғдирмоқда.

Бугунги кунда Савдогарбанк кенг доирадаги мижозлар билан ҳамкорлик қилмоқда. Уларнинг таркибида йирик саноат корхоналари, қўшма корхоналар, қурилиш, савдо ва хизмат кўрсатиш, кичик бизнес корхоналари, хусусий тадбиркорлар ва фермер хўжаликлари мавжуд. Ушбу ишлар натижасида Банк хизмат кўрсатаётган мижозлар сони (жисмоний шахслар билан биргаликда) йилдан-йилга ортиб бормоқда ва бу кўрсаткич 2018 йил якуни бўйича 293 336 тага етди.

Сурат Марифович, Банкда кредит сиёсатини амалга оширишда қайси соҳаларга кўпроқ урғу берилмоқда? Рақамлар тилида улар қандай акс этади?

– Банк кредит сиёсатида биз кредит хатарларининг энг паст даражасига эришиш ва мунтазам мониторинг ўтказишга кўпроқ эътибор қаратяпмиз. Кредит операциялари ишончлилигини ошириш ва уларнинг самарадорлигини ўстириш мақсадида кредит қўйилмалари тузилмасини такомиллаштириш Банк кредит сиёсатининг асоси ҳисобланади. Банкимизга янги қарз олувчиларни жалб этиш, шунингдек, доимий тарзда кредитланиб келаётган мижозларга бериладиган кредитлар ҳажмларини кенгайтириш бу борадаги ишларимизнинг асосини ташкил этади.

Рақамларга келадиган бўлсак, сўнгги йилларда Банк кредит сиёсати мамлакат иқтисодиётининг реал секторига қарашли корхоналарни устувор кредитлашга қаратилмоқда, албатта. 2019 йил 1 январь ҳолатига кредит қуйилмалари 531 232 млн. сўмни ташкил этган бўлса, Банк томонидан 2018 йил давомида берилган инвестиция кредитлари миқдори 59 335 млн. сўмни, жами инвестицион кредитлар қолдиғи эса 144 493 млн. сўмни ташкил қилмоқда.

Биргина 2018 йилни оладиган бўлсак, Банк томонидан ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш борасида ажратилган кредитлар миқдори 10 331  млн. сўмни ташкил этди. Ажратилган кредитларнинг 1 124 млн. сўми ипотека, 1 419 млн. сўми истеъмол кредитлари ва 7 788 млн. сўми микрокредитлардир.

– Бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, хусусан, оилавий тадбиркорликни кредитлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Банкда амалга оширилаётган ишлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз.

–  Кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Банкимиз фаолиятида ҳамиша устувор ўринни эгаллаб келган. Банк мамлакатимиз ички бозорини истеъмол моллари билан тўлдириш, импорт ўрнини босиш ҳамда қўшимча янги иш ўринларини ташкил этишга кўмаклашадиган кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида биргина 2018 йил давомида ўз маблағлари ҳамда жалб қилинган маблағлар ҳисобидан жами 236 745 млн. сўм миқдорида кредит ажратди. Шунингдек, банк томонидан тадбиркор аёлларни қўллаб- қувватлаш мақсадида 13 950 млн. сўм миқдорида кредитлар ажратилди.

– Сўнгги вақтларда мамлакатимизнинг хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқалари анча жонланганини эътироф этиш жоиз. Банкда халқаро ҳисоб-китоблар қай йўсин амалга оширилмоқда?

–  Бошқа банклар билан вакиллик муносабатларининг янада тараққий топиши “Савдогарбанк”ка ўз мижозларининг экспорт-импорт операциялари бўйича халқаро тўловлари сон ва сифат жиҳатдан янги даражада амалга оширилишига бўлган эҳтиёжларини қондириш имконини берди.

“Савдогарбанк” бугунги кунда бир қатор хорижий банклар билан  вакиллик алоқаларини йўлга қўйган. Шунингдек, мижозларга кўрсатилаётган хизмат турларини кўпайтириш ва халқаро андозаларга мос ишлаш усулларига ўтиш мақсадида “Савдогарбанк” 2006 йилдаёқ «SWIFT» халқаро тўловлар тизимига аъзо бўлган эди. Шунингдек, аҳоли учун банк хизматлари кўрсатиш мақсадида 20та шохобчада «Золотая корона» халқаро пул ўтказиш тизими фаолият кўрсатиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги ПФ-5177-сонли  “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан “Савдогарбанк” томонидан аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида 23та айирбошлаш шохобчаси ва конверсион бўлимлар ташкил этилди. 

Чет эл капитали иштирокидаги "Савдогар" акциядорлик тижорат банкининг йирик акциядорлари:

 

«MEGASTRATA PTE. LTD» (Сингапур)

«KITO INVESTMENTS PTE. LTD» (Сингапур)

«ALL AMERICAS INTERNATIONAL, INC.» (АҚШ)

«Самарқанд чой қадоқлаш фабрикаси» хорижий корхонаси

«XORAZM SHAKAR» акциядорлик жамияти

Бошқалар

 – Бугунги кунда банк тизими ривожи ахборот технологиялари нечоғли тараққий этгани билан боғлиқ, шундай эмасми?

– Савдогарбанкда ривожланган ахборот инфратузилмаси ташкил этилган бўлиб, барча замонавий талабларга жавоб беради. Мижозларимиз талабларига жавоб берувчи янгидан-янги банк хизматларини ташкил қилиш, банк амалиётлари бажарилишини тезлаштириш, филиалларни бошқариш жараёнларида замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ва улардан унумли фойдаланиш банкимизнинг асосий йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.

Банкнинг барча филиаллари замонавий компьютерлар, рақамли алоқа каналлари ва маълумотларни қайта ишлаш воситалари билан таъминланган. Мижозларга қулайлик яратиш ва бугунги кун талаби бўлмиш масофадан хизмат кўрсатишни янада ривожлантириш мақсадида «Интернет-банкинг» дастурий воситасидан кенг фойдаланилмоқда. Ҳозирги кунда «Интернет-банкинг», жисмоний ва юридик шахслар учун «Мобиль-банкинг», "Онлайн конверсия", "Онлайн омонат", "Шахсий кабинет" ва «SMS-банкинг» дастурий воситалари тизимларидан фойдаланаётган мижозлар сони тобора ошиб бормоқда.

Банк фаолиятини самарали бошқариш, назорат ва таҳлилини олиб бориш, қарорларни қисқа муддатларда қабул қилишда ахборот-таҳлилий тизим ишга туширилган ва уни мукаммаллаштириш устида иш олиб борилмоқда.

Ягона баланс тизими асосида ишловчи интеграллаштирилган автоматлаштирилган банк тизими дастурий мажмуаси имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланиш мақсадида унинг қўшимча дастурий модуллари ишга туширилди.

Банк фаолияти самарадорлигини янада ошириш, ходимларнинг ижро интизомини янада яхшилаш, ҳужжатлар алмашинувига сарфланадиган вақтни тежаш учун электрон ҳужжат алмашинуви дастурий мажмуалари ишлаб турибди.

Банк фаолиятининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида замонавий техник воситалар билан тўлиқ таъминланган ва зарурий дастурий таъминотлар ўрнатилган.

– Ҳозирда банк тизимидаги кучли рақобат шароитида банк эгалланган марраларни тутиб қолиши ва янада ривож топиши кадрлар сиёсати нечоғлик тўғри амалга оширилаётгани билан боғлиқ.

– Ҳозирги вақтда Савдогарбанкнинг кадрлар тайёрлаш стратегияси банк ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини янада ривожлантиришга қаратилган. Кадрлар билан олиб борилаётган иш иқтидорли шахсларни юзага чиқариш, ходимларнинг қобилиятларидан максимал даража фойдаланиш учун энг мақбул шарт-шароитларни яратишдан иборат. Масаланинг жиддийлигини инобатга олган ҳолда “Савдогарбанк” тизимида кадрлар масаласини муваффақиятли ҳал этишга Банк Кенгаши томонидан алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Банкнинг ўтган йилларда самарали фаолият юритишига ходимларнинг касбий маҳорати ва пухта ўйланган кадрлар сиёсати кўп жиҳатдан ёрдам берди, деб ўйлайман.

2019 йил 1 январь ҳолатига Марказий Девон ва банк филиалларида 930 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Ходимларнинг 847 нафаридан ортиғи олий ёки ўрта махсус маълумотга эга. Шунингдек, бугунги кунда 45 нафар ходим олий ўқув юртларида таълим олмоқдалар.

Банк кадрлар сиёсатининг устувор йўналишларидан бири танлаш самарадорлигини ошириш, тайёрлаш ва жой-жойига қўйиш, ходимларни рағбатлантириш тизимини мукаммаллаштириш ҳамда корпоратив маданиятни ривожлантиришдир.

2019 йил ва келгуси йиллар учун қандай режалар қўйилмоқда?

– Банк-молия соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, биринчи навбатда молиявий барқарорликни таъминлаш, капиталлашув даражасини ошириш, иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ишида банкимизнинг муносиб иштирокини таъминлаш 2019 йил ва ундан кейинги йилларда биз учун асосий устувор йўналишлар бўлиб қолади.

– Мазмунли суҳбат учун миннатдорчилик билдирамиз.

Воҳид Умиров суҳбатлашди.

 



Версия для печати
Прочитано: 207 раз(а)   |  Средняя оценка (макс. 7): нет

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.
Гость_
Антибот:
- Сайт модерируется. Из комментариев удаляются бессмысленные, оскорбительные или не относящиеся к теме обсуждения.
Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «Norma».
Все имущественные права на сайт принадлежат ООО "Norma".
Адрес: 100005, Узбекистан, г. Ташкент, ул. Таллимарджон , 1/1
e-mail: info@bank.uz
Любое копирование материалов сайта возможно только с активной гиперссылкой на Bank.uz;
в остальных СМИ – ссылка на Bank.uz как на источник информации.

© ООО «Norma»; 2019. Все права защищены.

Рейтинг@Mail.ru Курс у.е. в онлайн-магазинах 18+