Команда Bank.uz запустила медиа проект JET Подробнее

"Алоқабанк" томонидан чиқарилган пластик карточкалар 32 мингга етди

03.07.2008
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2006 йил 3 августда қабул қилинган “Пластик карточкалар асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори бу борада дастуриламал бўлмоқда.

Ушбу ҳужжатга асосан амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида муомаладаги пластик карточкалар сони кескин кўпайиб, савдо ташкилотлари ва хизмат кўрсатиш соҳасида минглаб терминал ўрнатилди. Ягона умумреспублика процессинг маркази ташкил этилди ва нақд пулсиз ҳисоб-китоб амалга ошириладиган банклараро тўлов тизими яратилди. Қатор маҳаллий корхоналар томонидан банк микропроцессор пластик карточкалари ва тўлов терминалларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Зарур қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий база шакллантирилди.

Савдо терминаллари ўрнатилган савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари учун қўшимча солиқ имтиёзлари берилди. Жумладан, микропроцессор пластик карточкалари ва тўлов терминалларини ишлаб чиқарувчи корхоналар 2010 йилнинг 1 январигача импорт қилинадиган хомашё, сарфланувчи ва бутловчи материаллар, дастурий таъминот ва лицензиялар божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилди.

Юртимизда нақд пулсиз ҳисб-китоб қилиш тизимини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш борасида олиб борилаётган бундай кенг кўламли ислоҳотлар ўз самараларини бермоқда. Буни акциядорлик тижорат “Алоқабанк” мисолида ҳам кўриш мумкин.

– Жорий йилнинг 1 июн ҳолатига кўра, банкимиз томонидан муомалага чиқарилган пластик карточкалар қарийб 32,2 мингга, жойларда ўрнатилган терминаллар сони эса 463 донага етди, – дейди мазкур банкнинг пластик карточкалар бўлими бошлиғи Зокир Иброҳимов. – Бу ўтган йилнинг шу давридагига таққосланганда, пластик карточкалар сони 40 фоизга, терминаллар 19 фоизга ўсди, демакдир.

Коммунал хизматлар ва телефон алоқаси учун тўловларни йиғишга алоҳида эътибор қаратаётган “Алоқабанк”нинг асосий терминаллари почта ва телефон алоқа бўлимларига, банк филиал ва жамғарма кассалари ҳамда мини-банкларига ўрнатилган. Қолган қисми турғун савдо ташкилотлари, автомобилларга ёнилғи қуйиш ҳамда бошқа пуллик хизмат кўрсатиш шохобчаларидан жой олган.

Пластик карточка – банк томонидан чиқарилиб, шахсга берилган тўлов воситаси бўлиб, карточка эгасининг тегишли банкдаги ҳисоб рақамида маблағ борлигини тасдиқловчи ва нақд пул тўламасдан товарлар, иш ва хизматларни сотиб олиш ҳуқуқини ўзида мужассам этади. Тегишлилик жиҳатидан ушбу тўлов воситаси шахсий, оилавий ва корпоратив, ҳаракатланиш режимига кўра эса дебет, кредит ва электрон ҳамён турларига бўлинади.

Тўловни тез ва осон амалга ошириш имконини берадиган пластик карточкадан мамлакатимизнинг исталган бурчагида фойдаланиш, унда чекланмаган миқдорда электрон пул сақлаш, исталган пайтда терминал ёки банкоматлар орқали нақд пул олиш мумкин. Карточкадаги маблағлар фақат унинг эгаси биладиган парол (Пин-код) билан ҳимоялангани ва у йўқотиб қўйилган тақдирда, қайта тиклаш имкони мавжудлиги аҳолининг ушбу тўлов воситасига бўлган қизиқиш ва ишончини оширмоқда.

Савдо ва сервис хизмати кўрсатиш шохобчалари томонидан белгиланган имтиёз ва чегирмалардан фойдаланаётган пластик карточка эгалари ўз ҳисоб рақамидаги қолдиқ суммага йиллик қўшимча фоиз ҳам олади. “Алоқабанк”да бу 30 фоиздан ортиқни ташкил этади. Жорий йилнинг 1 июн ҳолатига кўра, банк томонидан жисмоний шахсларнинг пластик карточкаларидаги қолдиқ суммага 305 миллион сўм йиллик фоизли даромад тўлангани бунинг далилидир. Шу ўринда пластик карточкалардаги пул маблағлари Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг банкдаги омонатларини кафолатлаш жамғармаси томонидан кафолатланишини таъкидлаш зарур.

Айни кунларда “Алоқа-банк” пластик карточкаларидаги қолдиқ сумма 4 миллиард 99 миллион сўмдан ортиқ маблағни ташкил этади. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 3,5 фоиз кўпдир.

Маълумотларга кўра, шу йилнинг ўтган беш ойи мобайнида банк пластик карточкалари ҳисобрақамларига 11 миллиард 798 миллион сўм ўтказилган. Буни 2007 йилнинг биринчи ярим йиллигига солиштирганда 3,3 марта ошганини билиш мумкин.

Пластик карточкалар билан ҳисоб-китоб қилиш тизимини ривожлантиришнинг асосий омилларидан бири – корхона ва ташкилотларнинг ойлик иш ҳақининг муайян қисмини карточкалар орқали тўлаш лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишдир. Албатта, бу жараён ихтиёрийлик асосида амалга оширилади.

“Алоқа-банк”нинг 98 фоиз пластик карточкаси турли мулкчилик шаклидаги 250 дан зиёд хўжалик юритувчи субектлар ҳиссасига тўғри келади. “Ўзбекистон почтаси” очиқ акциядорлик жамияти, “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси, Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази шулар жумласидандир.

Бугунги кунда нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилиш тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётган мазкур банкда ўз халқаро тўлов карточкаларини муомалага чиқариш, мижозларга қўшимча қулайликлар яратиш, кредит пластик карточкаларидан фойдаланишни кўпайтириш ҳамда аҳолига янги хизмат турларини таклиф этиш борасида фаол изланишлар олиб борилмоқда.

ЎзА, Холмурод Салимов, 02.07.2008 
Похожие новости
«InFinBank» омонатларни таклиф этади:

04.09.2009

«InFinBank» омонатларни таклиф этади:

ОАТБ "Агробанк" янги омонатни таклиф этади

04.09.2009

ОАТБ "Агробанк" янги омонатни таклиф этади

“Qishloq Qurilish Bank” янги омонатларни таклиф этади

04.09.2009

“Qishloq Qurilish Bank” янги омонатларни таклиф этади



Система Orphus