Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҚАРОРИ

28.05.2008
  Суғурта фаолиятини янада такомиллаштириш, суғурталовчиларнинг капиталлашуви ва молиявий барқарорлигини ошириш, уларнинг ҳудудий тармоқларини кенгайтириш ва суғурта компанияларининг инвестицион жараёнлардаги иштирокини рағбатлантириш, шунингдек, суғурта хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигининг 2010 йилнинг 1 январидан бошлаб қуйидаги соҳаларда фаолиятни амалга оширадиган суғурталовчилар учун устав капиталининг энг кам миқдорларини белгилаш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин: умумий суғурта соҳасида – 750 минг еврога эквивалент суммада; ҳаётни суғурта қилиш соҳасида – 1000 минг еврога эквивалент суммада; мажбурий суғурта бўйича – 1500 минг еврога эквивалент суммада; фақат қайта суғурта қилиш бўйича – 4000 минг еврога эквивалент суммада. Фаолият кўрсатаётган суғурта компаниялари (суғурталовчилар) 2010 йилнинг 1 январигача бўлган муддатда устав капитали миқдорларини юқорида кўрсатилган талабларга мувофиқлаштирилишини таъминласин.

2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Адлия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда 2010 йилнинг 1 январидан бошлаб мазкур қарорнинг 1-банди талабларига жавоб бермайдиган суғурталовчиларнинг лицензиялари амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатиб туриш ва тугатиш бўйича чоралар кўрсин.

3. Шундай тартиб белгилансинки, унга кўра: суғурталовчилар қимматли қоғозлар бозорида инвестицион воситачи сифатида профессионал фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга. Бунда суғурталовчилар томонидан кўрсатилган фаолият турини амалга ошириш учун лицензия олиши талаб қилинмайди; суғурталовчилар ва суғурта брокерларининг раҳбарлари ва бош бухгалтерлари лавозимларига тавсия этилаётган номзодлар, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган Суғурталовчининг ижро этувчи органи раҳбари ва бош бухгалтерига қўйиладиган малака талаблари тўғрисидаги Низомда белгиланган малака талабларига мос келган тақдирда тайинланади (сайланади); суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, ўрнатилган иқтисодий нормативларни, шу жумладан, тўлов қобилияти нормативларини суғурталовчилар томонидан бузилганлиги учун суғурта фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилишни амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органининг қарори асосида уларга суғурталовчи учун белгиланган энг кам устав капиталининг 0,1 фоизи миқдоригача жарима белгиланган тартибда солинади ва жарима суммаси республика бюджетига ўтказилади.

4. 2008 йилнинг 1 июнидан бошлаб уч йил муддатга: юридик ва жисмоний шахсларнинг суғурталовчилар акциялари бўйича дивидендлар кўринишида олинган даромадлари юридик шахсларнинг фойда солиғи ва жисмоний шахсларнинг даромад солиғини тўлашдан озод қилинсин; суғурталовчиларнинг дивидендлар ва фоизлар кўринишида олинган даромадлари юридик шахсларнинг фойда солиғини тўлашдан озод қилинсин ва солиқдан бўшаган маблағлар республика ҳудудларида, биринчи навбатда, қишлоқ жойларида ҳудудий бўлинмаларни, кенг тармоқли агентлик тизимини ташкил қилиш, шунингдек, уларнинг моддий-техник базасини ривожлантиришга мақсадли йўналтирилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси бир ой муддатда қуйидагиларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин: мазкур қарор билан берилган солиқ имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисида Низом; Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси билан биргаликда суғурталовчиларга суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун қўлланиладиган жарима санкциялари тўғрисида Низом.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда: Вазирлар Маҳкамасига қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин; вазирлик ва идораларнинг меъёрий ҳужжатларини мазкур қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.

7. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти              И.Каримов



Тошкент шаҳри, 2008 йил 21 май


Похожие новости
Хусусий мулкчилик ва ҳудудлар иқтисодиётини инвестициялаш самарадорлигини ошириш – устувор вазифа

02.02.2009

Хусусий мулкчилик ва ҳудудлар иқтисодиётини инвестициялаш самарадорлигини ошириш – устувор вазифа

Респблика қимматбаҳо қоғозлар биржаси қатнашчиларининг маблағлари ҳажмига нисбатан янги талаблар қўйилмоқда

22.01.2009

Респблика қимматбаҳо қоғозлар биржаси қатнашчиларининг маблағлари ҳажмига нисбатан янги талаблар қўйилмоқда

Давлат буджети - мамлакатдаги иқтисодий соҳани тартибга солишга қаратилган энг муҳим механизмлардан бири

22.01.2009

Давлат буджети - мамлакатдаги иқтисодий соҳани тартибга солишга қаратилган энг муҳим механизмлардан бири



Система Orphus