Самарали фаолият пойдевори

17.07.2008
 Хусусан, ўтган йил декабр ойидан ўз фаолиятини йўлга қўйган “Invest finance bank” хусусий очиқ акциядорлик-тижорат банки юртимизда масофавий банк хизматлари бозорини ривожлантириш баробарида савдони кенг молиялаштиришни ҳам ўзининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилаб олганди. Шу боис, яқинда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан “InfinBANK” ХОАТБга чет эл валютасида операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи бош лицензия топширилди. Биз ана шу муносабат билан банкнинг валюта операциялари департаменти бошлиғи Элбек Йўлдошевни суҳбатга чорладик.

- Элбек Илҳомович, муштарийларга аввало чет эл валютасидаги операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини келтирган лицензиянинг банкка қандай имконият тақдим этиши ҳақида тушунча берсангиз.


- Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан тақдим этилган лицензия аввало “infinBANK” фаолиятига билдирилган катта ишончнинг намунаси эканлигини таъкидлашни истардим. Бу банкнинг истиқболдаги самарали фаолияти учун ташланган яна бир муҳим қадамлардандир. Эндиликда мижозларимиз кенг доирадаги хизматларимиздан унумли фойдаланган ҳолда бизнесдаги имкониятларини ошириб боришлари мумкин.
Агар олинган лицензия орқали банкимиз қандай ҳуқуқларга эга бўлиши ҳақида тўхталиш жоиз бўлса, бунда банк очиқ валюта мавқеи лимити доирасида мамлакатимиз ҳудудида, шу жумладан ҳосила молиявий воситалар, ваколатли банклар ва ўз мижозлари билан, валюта биржалари орқали, шунингдек, халқаро бозорларда чет эл валютасини харид қилиш ва сотиш бўйича операцияларни амалга ошириши, республикамиз банклари ҳамда бошқа хорижий банклардаги вакиллик ва бошқа ҳисобварақларга эга бўлиши, нақд чет эл валютасини, чет эл валютасидаги тўлов ҳужжатларини жисмоний шахсларга сотиш ва улардан харид қилиш бўйича операцияларни ўтказиш учун айирбошлаш шохобчаларини ташкил этиши мумкинлигини айтиш ўринлидир.

- Сиз юқорида келтириб ўтган омиллар орқали банк қандай манфаатдорликка эга бўлади?

- Банкимиз лицензия орқали бериладиган ҳуқуқлардан тўлиқ фойдаланиши натижасида экспорт-импорт операцияларини йўлга қўйиш ва унинг кўламини мунтазам ошириб бориш, аккредитивлар ҳажмини юксалтириш, кредитлаш амалиётларини ривожлантириш ҳамда комиссион даромадлилик даражасини кўпайтириб олиши мумкин. Энг асосийси банк ўзига корпоратив мижозларни жалб қилиш имконига эга бўлади. Бу эса банк фаолиятининг барқарорлашувига ва молиявий бозордаги мавқеининг мустаҳкамланишига олиб келади. Шу боис, ҳозирда банкнинг устав сармоясини жорий йил охиригача 2,5 млн. еврога етказиш мақсад қилинмоқда.

- Мижозларга қулайликлар яратиш, уларнинг ишончли шеригига айланиш йўлида қандай чора-тадбирлар
режалаштирилмоқда?

- Бугун давр талабидан келиб чиқиб, ҳар бир банк мижоз ишончини қозониш, улар учун замонавий ва қулай хизмат турларини кўпроқ жорий этишга интилмоқда. Бу табиий ҳол, албатта. Чунки бугунги мижоз ўзи учун банкдаги мавжуд хизматлар сифати ҳамда ортиқча оворагарчиликларга йўл қўймайдиган замонавий муассасаларни танламоқда. Бундай соғлом рақобат курашида эса фаолияти барқарор ва доимий янгиликка интилувчи молия муассасаси муваффақият қозонади.
Шу боис, банкнинг режалари хусусида ўртоқлашганда, яқин 6 ой ичида SWIFT халқаро тўловлар тизимини жорий этилиши, “Western Union”, “Migom”, “Contact”, “Бистрая почта” каби халқаро пул жўнатмалари тизимини йўлга қўйилиши, Тошкент шаҳрида бир нечта айирбошлаш шохобчаларини ташкил этилишини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Шу кунлардаги амалий саъй-ҳаракатларимизнинг яна бир эътиборлиси жиҳати бу - Ўзбекистон Республикаси валюта биржасига аъзо бўлиш йўлида олиб бораётган ишларимиз билан боғлиқ. Бу ҳам бизга янги имкониятлар эшигини очиши шубҳасиз.
Шу ўринда банк фаолиятининг истиқболдаги режалари ҳақида гап борар экан, “infinBANK”нинг маҳаллий ва хорижий банклар билан корреспондентлик алоқаларини йўлга қўяётганини ҳам айтиб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Жумладан, ҳозирда банкимиз билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки, “Асака” Давлат-тижорат банки, “Капиталбанк” акциядорлик-тижорат банки, Royal bank of Scotland (Ўзбекистон – собиқ ABN Amro bank) ана шундай ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш арафасида турибди.
Хорижий молия муассасаларидан эса Rabo bank (Голландия), Связбанк ва Промсвязбанк (Россия), Коммерцбанклар (Германия) билан ҳам корреспондентлик алоқаларини ўрнатиш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда. Ушбу банклар билан асосан фаолиятимизнинг устувор йўналиши саналган савдони молиялаштириш юзасидан ҳамкорлик муносабатлари кучайтирилади.

Акмал НАЗАРОВ
суҳбатлашди.







Похожие новости
ЕТТБ Ўзбекистондаги етакчи кабель ишлаб чиқарувчи корхонани кенгайишини қўллаб-қувватлайди

03.03.2009

ЕТТБ Ўзбекистондаги етакчи кабель ишлаб чиқарувчи корхонани кенгайишини қўллаб-қувватлайди

Ўзбекистон Миллий банки: ҳар бир мижоз манфаати учун

18.02.2009

Ўзбекистон Миллий банки: ҳар бир мижоз манфаати учун

Аҳоли омонатлари кафолатининг янги даври

08.01.2009

Аҳоли омонатлари кафолатининг янги даври



Система Orphus