Инвестицион фаоллик ошмоқда

11.11.2008
Сўнгги пайтларда республика тижорат банклари томонидан иқтисодиётни модернизациялаш ва ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш мақсадида йирик лойиҳалар молиялаштирилиб, унга хорижий инвестициялар жалб қилинмоқда. Хусусан, “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик-тижорат банки ҳам мамлакатимиз иқтисодиётининг шундай муҳим жараёнларида фаол иштирок этувчи муассасалардан ҳисобланади.

- Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш учун хорижий валютада – 170 млрд. сўм эквивалентида, миллий валютада эса 96 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратдик, - дейди банкнинг лойиҳа ва савдони молиялаштириш бошқармаси бошлиғи Феруза Ҳамидова. – Мазкур маблағларни ёқилғи-энергетика, машинасозлик, кимё саноати, шунингдек, қурилиш индустрияси каби етакчи саноат ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилган лойиҳаларни молиялашга йўналтирдик. “Ўзсаноатқурилишбанк” 2007-2011 йилларда табиий ресурслар саналган кимё, нефт ва газ саноатини модернизациялаш, уларни техник ва технологик қайта жиҳозлашга асосланган дастурни босқичма-босқич амалга ошириб бормоқда. Хусусан, банкнинг “Фарғонаазот” ОАЖда амиак ишлаб чиқариш қурилмаларини капитал тиклаш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш ҳамда “Максам-Чирчиқ” ОАЖда аммиак агрегатини модернизациялаш учун ажратган инвестициялари эвазига мазкур корхоналарда ишлаб чиқариш кўлами тобора ортиб бормоқда. Шунингдек, банк Қашқадарё вилоятидаги Помуқ ва Денгизкўл конини ўзлаштириш лойиҳаларини ҳам молияламоқда. “Ўзсаноатқурилишбанк” хўжалик субъектларини нафақат замонавий техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашда қатнашмоқда, балки янги ана шундай ишлаб чиқариш корхоналарининг вужудга келишига катта ҳисса қўшмоқда. Хусусан, бугунги кунда республикамиздаги қишлоқ хўжалиги субъектларини зарур кимёвий моддалар билан таъминлаб келувчи Деҳқонобод калий ўғитлари ишлаб чиқариш заводи бевосита мазкур банк иштирокида қурилмоқда. Қашқадарё вилоятида жойлашган ушбу завод йилига 200 минг тонна калий ўғитини ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. “Ўзсаноатқурилишбанк” лойиҳаларни молиялашда республика Тикланиш ва тараққиёт фондининг маблағларидан ҳам самарали фойдаланади. Ушбу жамғарманинг 189 млн. АҚШ долларилик инвестицияларининг 108,4 млн. АҚШ доллари жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида қатор лойиҳалар учун жалб қилинган бўлиб, улар таркибидан “Тошшаҳартрансхизмат” уюшмаси билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар ҳам ўрин олган. Булар банкнинг аҳолига замонавий транспорт хизматлари кўрсатишни фойдаланишини йўлга қўйиш мақсадида ажратган кредитлари бўлиб, улар ассоциация 200 дона “Мерседес-Бенц” автобусларини сотиб олишга йўналтирилди. Шунингдек, банкнинг инвестицион лойиҳаларни миллий валютада молиялаштириш борасидаги ишлари ҳам таҳсинга лойиқдир. Жорий йилнинг ўтган даври давомида банк ўз маблағлари ҳисобидан жами 96 млрд. сўмлик лойиҳаларни амалга оширган бўлиб, улар баъзи минтақаларни узлуксиз электр энергия билан таъминлаш, корхоналарни замонавий технологиялар билан жиҳозлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган корхоналар доирасини кенгайтириш ҳамда коммуникация тармоғини ривожлантиришга йўналтирилган. “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг республика иқтисодиётини ривожлантириш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлари мамлакатимиз ижтимоий тизимига ҳам ўз ижобий таъсирини кўрсатиб бормоқда. Хусусан банкнинг биргина инвестицион лойиҳаларни молиялаш учун ажратган кредитлари ҳисобига ўтган 9 ой мобайнида 5 мингга яқин янги иш ўринлари яратилишига эришилди. Банкнинг “Fitch Ratings”, “Эксперт РА” каби етакчи халқаро рейтинг компаниялари томонидан эътироф этилиши ҳам муассасанинг иқтисодий салоҳияти ва имкониятига берилган муносиб баҳодир.

Ширин БАЙСЕНОВА.
"Банк ахборотномаси"
Похожие новости
ЕТТБ Ўзбекистондаги етакчи кабель ишлаб чиқарувчи корхонани кенгайишини қўллаб-қувватлайди

03.03.2009

ЕТТБ Ўзбекистондаги етакчи кабель ишлаб чиқарувчи корхонани кенгайишини қўллаб-қувватлайди

Ўзбекистон Миллий банки: ҳар бир мижоз манфаати учун

18.02.2009

Ўзбекистон Миллий банки: ҳар бир мижоз манфаати учун

Аҳоли омонатлари кафолатининг янги даври

08.01.2009

Аҳоли омонатлари кафолатининг янги даври



Система Orphus