Банкларнинг байрамона туҳфаси

26.12.2008
Янги йил арафасида тижорат банклари томонидан турли ном ва талаблар билан омонатлар жорий этилмоқда. Бундан кўзланган мақсад одатдагидек аҳоли бўш пул маблағларини банкка жалб қилишгина эмас, балки мижозларга байрам туҳфасини ҳадя этиб, улар руҳини кўтаришдан ҳам иборатдир.

Хусусан, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан аҳоли эътиборига тақдим этилган янги омонат тури “Янги йил туҳфаси” деб номланиб, унга маблағлар миллий валютада 60 кун муддатга қабул қилинади. Омонат айнан байрам арафасида жорий қилинганлиги боис унда мижоз учун қўшимча имкониятлар ҳам мавжуд. Жумладан, йиллик тўлов ставкаси 18 фоиз бўлган мазкур омонатга дастлабки 30 кун учун 6 фоизли, иккинчи 30 кунга эса 2 фоизли бонус қўшиб берилади. Ушбу омонат бўйича ҳисобварақ очган шахсга фоиз ва қўшимча устамалар “Янги йил туҳфаси” низомига мувофиқ, омонат муддати тугаганидан сўнг капиталлаштирилмаган ҳолда берилади. Жорий йилнинг 31 декабрига қадар қабул қилинадиган мазкур омонат учун бошланғич бадал миқдори чекланмаган. Шунингдек, низомга кўра қўшимча маблағлар ҳам қабул қилинмайди.

Шунингдек, “Пахта Банк” очиқ акциядорлик-тижорат банки мижозлари эътиборига ҳам “Янги йил туҳфаси” ҳавола этилмоқда. Ушбу омонат учун белгиланган йиллик тўлов 26 фоиз бўлиб, унга мижоз 1, 2, 3, 6, 9, 12, 15, 18 ой муддатларга маблағ қўйиши мумкин. Ушбу депозит учун бошланғич бадал миқдори чекланмаган миқдорда қабул қилинади, унга қўшиладиган устама мижоз истагига кўра ҳар ойда ёки омонат муддати тугаганидан сўнг берилади. “Пахта Банк”нинг навбатдаги янги депозити “Қишлоқ фаровонлиги” жамғарма омонати бўлиб, у учун ҳам йиллик тўлов 26 фоиз қилиб белгиланган. Бу депозит турига бошланғич маблағлар чекланмаган миқдорда қабул қилиниб, 1, 2, 3, 6, 9, 12, 15, 18 ой муддатларда сақланади ва омонат фоизлари ҳар ойда берилади. “Қишлоқ фаровонлиги” бўйича ҳисобланган, бироқ олинмаган фоизлар омонатнинг асосий суммасига қўшилмайди ҳамда капитализация қилинмайди. “Пахта Банк”нинг юқоридаги ҳар иққи омонатига ҳам маблағлар жорий йилнинг 31 декабрига қадар қабул қилинади.

Байрам арафасида янги банк хизматларини жорий қилиб, мижозлар сармоядорлигини ошириш йўлида “Туронбанк” очиқ акциядорлик-тижорат банки ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Буни яқинда банк томонидан жорий қилинган 3 ва 6 ойлик миллий ва хорижий валютадаги депозитлари мисолида кўриш мумкин. Уларнинг бири “Ишонч-1” деб номланиб, унда маблағлар 3 ой муддатга сақланиши ва мижоз учун йиллик 27 фоизли устама тўланиши қайд қилинган. Чет эл валютасида қабул қилинадиган депозит номи “Bonus” бўлиб, унинг йиллик тўлов миқдори 12,5 фоиздир. 3 ва 6 ой муддатларга пул қўйиш мумкин бўлган ушбу омонатга олинадиган бошланғич бадал миқдори чекланмаган. “Bonus” тартибига мувофиқ, омонатчи ушбу депозит бўйича тўланадиган фоиз тўловларни ҳар ойда олиши ёки омонат муддати тугаганидан сўнг АҚШ долларида олиши мумкин.

Шунингдек, аҳоли шу кунларда “Кредит-Стандарт” банки томонидан тақдим этилган янги омонатлар билан ҳам танишиши мумкин. Булар “Муддатли” ва “Талаб қилиб олгунча” депозитлари бўлиб, унга мижоз ўз сармояларини хоҳлаган миқдорда, истаган муддатга қўйиши мумкин. Ушбу омонатларга маблағлар миллий валютада ҳамда хорижий – АҚШ доллари, евро ва фунт стерлингда қабул қилинади.
Умуман айтганда, байрамлар арафасида тижорат банклари аҳоли ва мижозларга кўтаринки кайфият улашиш мақсадида янги хизматларни жорий этиб боради. Бундай анъанадан бохабар мижозлар ҳам шундай қулай имкониятдан самарали фойдаланиб келадилар.

“Банк ахборотномаси”



Похожие новости
«InFinBank» омонатларни таклиф этади:

04.09.2009

«InFinBank» омонатларни таклиф этади:

ОАТБ "Агробанк" янги омонатни таклиф этади

04.09.2009

ОАТБ "Агробанк" янги омонатни таклиф этади

“Qishloq Qurilish Bank” янги омонатларни таклиф этади

04.09.2009

“Qishloq Qurilish Bank” янги омонатларни таклиф этади



Система Orphus