Қишлоқ тараққиёти – фаровон турмуш асоси

15.01.2009

“Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки аҳолига банк ва консалтинг хизматлари доирасини кенгайтириш орқали уларнинг ишончини мустаҳкамлаш, чекка-чекка туманларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси вакилларини қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги ривожи учун кенг молиявий хизматлар кўрсатишга алоҳида аҳамият қаратиб келмоқда. Банкнинг микрокредит ва микролизинглари асосан фермер хўжаликлари фаолиятини барқарорлаштириш, шахсий ёрдамчи ва фермер хўжаликларига қорамол сотиб олиш, ғалла ва пахта ҳосилини етиштириш учун йўналтирилаяпти.

Таъкидлаш жоизки, “Микрокредитбанк” мамлакатимиз Президентининг 2006 йил 5 майдаги “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банкини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонига биноан фаолият юритиб келмоқда. Яъни айнан шу Фармон сабаб республикамизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, касаначилик ҳамда оилавий бизнесни ривожлантиришга ихтисослашган янги банкка асос солинди.
Банк ўз фаолиятидаги илк қадамлариданоқ аҳолининг турли қатламлари билан мустаҳкам алоқани йўлга қўйди. Бундай ҳамкорликлар натижасида эса банк республикамизнинг чекка ҳудудларидаги энг узоқ қишлоқ ва овулларигача кириб бориб, аҳолига ўзининг қулай, намунали, тезкор ҳамда замонавий хизматлари билан манзур бўлмоқда.

Айни пайтда банкнинг 78 филиали, 272 мини банки республикамиз аҳлига микросармоялаш борасида барча турда замонавий хизматларни кўрсатиб келмоқда. Ўтган икки йил давомида банк активлари миқдори 3,5 баробар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни кредитлаш ҳажми 4 баробарга ошди ва бу мақсадларга 150 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Банк айни пайтга келиб 140 мингдан зиёд мижоз билан ўзаро мулоқот қилмоқда.

“Микрокредитбанк”нинг ўтган вақт мобайнидаги фаолиятига баҳо берадиган бўлсак, бундай ҳамкорликлар туфайли мамлакатимизда турли соҳаларда тадбиркорлик билан шуғулланаётган ишбилармонлар сафи кенгайиб бораётганлиги кўринади. Яъни банк ажратаётган кичик ҳажмдаги сармоялар билан қишлоқ жойларда фаолият юритаётган тадбиркорлар ўзларининг режаларини амалга ошириш имконига эга бўлишмоқда. Бундай тадбирлар самараси ўлароқ, ўша ҳудудларда саноатлашган тадбиркорлик соҳаси тараққий топиб, банк мижозлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар истеъмолчиларга, мамлакатимиз ички бозорига кириб бораяпти. Кимдир банкдан олган кредит ҳисобига савдо шохобчаси очиб қишлоқдошлари эҳтиёжини қондираётган бўлса, яна биров сартарошхона, автомобилларга техник хизмат кўрсатувчи шохобча билан маҳалладошлари оғирини енгил қилишга бел боғлаган. Яна қайсидир ҳунарманд ёки тикувчи ўз маҳоратини ёш шогирдларига ўргатиб келяпти. Хуллас, бугун банк ва мижоз ўртасидаги ўзаро ишонч, фаолиятдаги ҳамкорлик самараси натижаларда
ўз аксини топган.

Бундан ташқари, банк томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида 2010 йилгача бўлган даврда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан “Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасидаги энг яхши лойиҳа” кўрик танловини ҳам ташкиллаштирди. Бу танловда ҳам тақдим этилган 600 га яқин лойиҳалар ичидан “Энг ёш тадбиркор томонидан тақдим этилган лойиҳа”, “Қишлоқдаги энг яхши замонавий маиший хизмат кўрсатиш объекти” ва “Аёл тадбиркор томонидан тақдим этилган замонавий хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасидаги лойиҳа” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланиши тадбиркорлар фаолиятида самарадорликни, маҳоратини янада оширганлиги, ишларида пухталикни шакллантирганлиги турган гап. Яна шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, қишлоқ жойларда тараққиётнинг барча жабҳаларини ривожлантириш юртимизда амалга оширилган ислоҳотларнинг асосий йўналиш ва мақсадларидан бири сифатида қаралган ва шундай давом этиб келмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманининг энг чекка қишлоқларидан бирида Баҳром Айтбоев бошчилигидаги “Шоҳруҳ-Ўткир” масъулияти чекланган жамияти фаолияти юқорида айтган фикримизга мисол бўлади. Гап шундаки, ушбу тадбиркорнинг чекка қишлоқ ҳудудида барпо этган автомобилларга хизмат кўрсатувчи жамият биноси кўрган кўзни қувонтиради. Янги, замонавий, ойнаванд бино, ишлаш учун ҳам, мижозлар учун ҳам яратилган қулай шароитга ҳавас қилса арзийди.

- Илгари қишлоқ жойларда мана шундай бинолар қурилади, деса ишонмасдик, - дейди Б.Айтбоев. - Қарангки, бугунги кунимизга келиб эса буни барчамиз кўриб турибмиз. Мамлакатимизда соҳага берилган эътибор, яратилган имконият туфайли мен сингари тадбиркорлар муваффақиятга эришишмоқда. “Микрокредитбанк” томонидан кўрсатилган 31 миллион сўмлик лизинг хизмати ҳисобига барча зарурий жиҳозларни олиб келиб ўрнатдик. Асосан Андижонда ишлаб чиқарилаётган енгил автомобилларга техник хизмат кўрсатишга ихтисослашган жамиятимизда 12 нафар ишчи меҳнат қилади.

Бугун фермер қишлоқ хўжалигидаги етакчи, иқтисодий тараққиётдаги таянч кучлардан саналади. Фермер нафақат ер билан тиллашувчи деҳқон, балки етук мутахассис, ишбилармон, тадбиркор ва билимдон кишидир. Республикамиздаги ҳар бир фермер фаолиятида худди шу маъно касб этган.

“Микрокредитбанк”нинг бугунги иш жараёни ана шундай мулкдорларимиз фаолияти билан чамбарчас боғлиқ. Уларнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда молиявий қўллаб-қувватлаш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, банк бир йил давомида 3 886 та фермер ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига 41,5 миллиард сўмлик кредитлар ажратди ва лизинг хизматлари кўрсатди.
Хоразм вилояти Шовот туманида Муродбек Бекчонов раҳбарлик қилаётган “Қоратой Агро” агрофирмасининг ўрик, олма, шафтоли, гилос, помидор сингари мева ва полиз экинларидан тайёрлаётган беш турдаги шарбат ва тузламалар харидоргир маҳсулот сифатида тан олинган. Бу фирмага банк томонидан 50 миллион сўм миқдорида кредит ажратилган ва Муродбек Бекчонов ўз маҳалласидан йигирма нафар кишини иш билан таъминлаб, уларга доимий даромад манбаи яратди.
Яна бир тадбиркор Камолиддин Ҳасановнинг “Гўзал Ҳулкар” ишлаб чиқариш корхонасида тайёрланаётган саккиз турдаги сут маҳсулотлари эса ўзининг чиройли, мустаҳкам қадоқланиши ва сифати билан ҳар қандай хориж маҳсулотларини ортда қолдириши, шубҳасиз. Саккиз нафар йигит-қиз меҳнат қилаётган ушбу корхона керакли маҳсулотларни ён-атрофдаги қишлоқ аҳли ва фермер хўжаликларидан ўзаро тузилган шартномага асосан олишади.

Банкнинг Асака бўлими мижози Элдорбек Қорабоев чорвачиликни ривожлантириш учун тўққиз миллион сўм миқдоридаги кредити эвазига ўн иккита зотдор қорамол сотиб олган эди. Ҳозирда Элдорбекнинг қорамоллари сони йигирма иккитага етган.
Хуллас, айни дамда “Микрокредитбанк” маблағлари кўмаги билан жойларда тадбиркорлик асосида турли маҳсулотлар ишлаб чиқараётган, ўз ҳудудидаги аҳолига намунали ва сифатли хизмат кўрсатиб келинаётир.

Тадбиркорлар сафини кенгайтириш мақсадида банк жамоаси бажараётган яна бир ижобий ҳаракатлардан бири яратувчиликнинг бу тармоғига хотин-қизларни ҳам жалб этилаётганлигидир. Республика Хотин-қизлар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ҳамда “Маҳалла” жамғармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати сингари бир неча жамоат ва давлат ташкилотлари билан қилинаётган ҳамкорлик мақсадларни тез ва самарали олиб боришда ёрдам бермоқда. Зеро, бундай ҳамкорлик боис ҳар бир маҳаллага, ҳар бир оилага кириб бориш имкони яратилади. Банк тадбиркорликнинг биргина шу тармоғини ривожлантириш учун 6 682 нафар аёл тадбиркорга 13,2 миллиард сўм маблағ ажратган ва бунинг натижасида 16 мингдан ортиқроқ аёл иш билан таъминланган.

Хусусий тадбиркорлар қишлоқда ишлаб чиқаришни ташкил этиш билан биргаликда ёш қиз-жувонларга ўзларининг касб ва маҳоратларини ўргатмоқдалар ҳам. Масалан, Сурхондарё вилоятида “Мафтуна-Одилжон-Нодира” хусусий корхонаси раҳбари Салтанат Аллаёрова микрокредит эвазига харид қилган дастгоҳлари ёрдамида худди шундай иш юритиб келмоқда. Тадбиркор аёл миллий мато-адрас тўқиш сирларини Сариосиё, Бойсун, Олтинсой каби туманлардан келган шогирдларга ўргатиб келмоқда. Бу корхонада бир кунда 40 метрдан
зиёдроқ адрас тўқилмоқда.

Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан 2009 йил “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” деб аталганлиги қишлоқ аҳлининг ҳаётини замонавийлаштириш учун янги бир босқични бошлаб берди, десак муболаға эмас. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, қишлоқ тараққий топса, юртимиз обод, ҳаётимиз янада фаровон бўлади.
Айтиш жоизки, “Микрокредитбанк” ўз мақсадларидан келиб чиқиб қишлоқ аҳолиси, биринчи навбатда ёшларни иш билан таъминлаш, одамларнинг даромади ва фаровонлигини ошириш, фермерлик ҳаракатини, тадбиркорларни моддий маблағларидан баҳраманд этиш сингари ўнлаб аҳамиятга молик ишларни ўзининг янги йилдаги вазифалари деб белгилаб олган. Бунинг учун ҳуқуқий база ва имкониятлар етарли.

Шу ўринда ўтган йилнинг 10 ноябрида Президентимизнинг “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банкининг тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қуввватлаш борасидаги фаолиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ишларни янада жадаллаштиришга, фуқаролар билан алоқаларни бундан ҳам мустаҳкамлашга асос бўлиши, шубҳасиз. Чунки, мазкур Фармон тадбиркорларга, умуман, тадбиркорликни ихтиёр этган кишиларга мислсиз имконият ва имтиёз яратиб берди. Яъни унда банк устав капиталини 72 миллиард сўмга кўпайтириш ва 150 миллиард сўмга етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун 18 ойгача муддатга бериладиган энг кам иш ҳақининг 200 баробари миқдоридаги имтиёзли микрокредитлар бўйича йиллик юқори фоиз - 5 фоиздан 3 фоизга камайтирилди. Кичик бизнес субъектларига фаолиятларини кенгайтириш ва айланма маблағларини тўлдириш учун 24 ойгача муддатга бериладиган энг кам иш ҳақининг 500 баробари миқдоридаги микрокредитларни қайта молиялаштириш ставкаси 100 фоиздан 50 фоизга туширилди. Улар учун 3 йилгача муддатга бериладиган энг кам иш ҳақининг 2000 баробари миқдоридаги имтиёзли микролизинг хизматлари бўйича йиллик фоиз 7 фоиздан 5 фоизгача озайтирилди.

Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, ушбу Фармон ва унинг доирасида бажариладиган барча юмушлар республикамизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида ҳукуматимиз томонидан тадбиркорлар, ишбилармонлар, фермер ва деҳқон хўжаликларига яратилаётган шароитларни янада енгиллаштириш, демакки, юртимиз аҳолиси турмуш фаровонлигини таъминлаш сингари
кўплаб эзгу мақсадларни руёбга чиқариш учун ўта муҳим вазифалардир. Қолаверса, бу Фармон мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларни ҳар томонлама рағбатлантириш борасидаги яна бир босқични бошлаб берди, десак янглишмаймиз.
Бир сўз билан айтганда, “Микрокредитбанк” АТБ ўз фаолият йўналишидан келиб чиқиб, юртимиздаги тадбиркорлик субъектларини фаол молиявий қўллаб-қувватлаш, аҳолини кенг турдаги банк хизматлари билан таъминлашга эришиб келаяпти.

Акмал НАЗАРОВ.
Bank.uz





Похожие новости
«InFinBank» омонатларни таклиф этади:

04.09.2009

«InFinBank» омонатларни таклиф этади:

ОАТБ "Агробанк" янги омонатни таклиф этади

04.09.2009

ОАТБ "Агробанк" янги омонатни таклиф этади

“Qishloq Qurilish Bank” янги омонатларни таклиф этади

04.09.2009

“Qishloq Qurilish Bank” янги омонатларни таклиф этади



Система Orphus