Миллий Банк: нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизими

23.01.2009

Ҳозирги кунда бутун дунёда нақд пулсиз чакана тўловлар тизимида пластик карточкалар биринчи ўринда турибди. Ҳисоб-китоб қилиш қулайлиги, нақд пул айланиши камайиши ва хизмат кўрсатиш харажатлари қисқариши, пул маблағларини сақлаш ва улардан фойдаланиш хавфсизлиги – тижорат банклари тарқатаётган пластик карточкаларнинг ҳеч қандай бахс-мунозарага ўрин қолдирмайдиган афзалликлари.

Республикада сўм ва халқаро пластик карточкалар чиқарадиган энг катта эмитент ҳисобланувчи Миллий банк ушбу замонавий банк маҳсулотини аҳоли ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар орасида янада оммалаштириш ва амалий турмушга кенг жорий этиш ишларини давом эттирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Банк тизимини янада ривожлантириш ва бўш пул маблағларини банк айланмасига жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2007 йил 7 ноябрдаги ПҚ-726 сонли қарорини бажариш мақсадида, Миллий банк 2009 йил 1 январдаги ҳолатга кўра, савдо, хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналари, уяли алоқа хизматидан фойдаланганлик учун тўловларни қабул қилиш пунктлари, дорихоналар, автомобилларга ёнилғи қуйиш шаҳобчалари, авиа ва темир йўл кассаларини ўз ичига олувчи республика савдо-сервис корхоналарида, ихтисослаштирилган кассалар, мини-банклар ва банк муассасаларининг ўзида “UZKART” тизими микропроцессорли пластик карточкалари эгаларига хизмат кўрсатиш учун 3.968та терминал ўрнатган. Бу терминаллар “UZKART” иштирокчиси бўлган 21 банк томонидан республикада ўрнатилган жами терминалларнинг 1/5 қисмини ташкил этади.

2008 йилда Миллий банк пластик карточкаларни тўлов учун қабул қилувчи савдо-сервис корхоналари тармоғини анча кенгайтириб, улар миқдорини 2.653тадан 3.553тага етказди. Қўшимча равишда 1.164та терминал сотиб олиб, савдо-сервис корхоналарига ўрнатди. Бунда уларнинг умумий миқдори бир йўла 30% кўпайди. Терминаллар ўрнатиладиган савдо-сервис корхоналарини белгилаётганда карточка ушловчиси бўлган мижозларни сўроқлаш натижалари, шунингдек банк билан иш ҳақи лойиҳалари бўйича шартномалар тузган корхона ва ташкилотларга бу савдо нуқталари қанчалик яқин жойлашгани ҳисобга олинади. Бундан ташқари, банк ҳар бир терминал орқали ўтган савдо айланмасини доимий асосда мониторинг қилиб боради ва бу кузатув якунлари асосида терминаллар фаол ишламаётган савдо нуқталаридан қайтариб олиниб, мижозларнинг талаби кўпроқ бўлган савдо-сервис корхоналарига ўрнатилади.

Бундан ташқари, 2009 йил январь ойигача банк ихтиёрида 97та банкомат бор эди. Шу ойга келиб, банк қўшимча равишда принципиал янги ускуна – инфокиосклар сотиб олди. Бу янги ускуналар кўпчилик кириши мумкин бўлган жойларга коммунал хизматлар, уяли алоқа хизматлари ва бошқалар учун карточкалар орқали тўловларни қабул қилиш мақсадида ўрнатилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан пластик карточкалар асосида ҳисоб-китоб қилиш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида қабул қилинган 2004 йил 24 сентябрдаги 445-сон Қарорни бажариш, шунингдек пластик карточка ушловчиларига тақдим этиладиган хизматлар сифатини яхшилаш, уларга хизмат кўрсатиш тармоғини кенгайтириш мақсадида, 2008 йилда қарийб 180 мингта карточка муомалага чиқарилди. Уларнинг умумий эмиссияси эса 1,3 миллион донадан ошди. Иш ҳақи лойиҳалари доирасида чиқарилган карточкалар сони умумий эмиссиянинг қарийб 30%ни ташкил этди.

Сўм пластик карточкаларни тўлов учун қабул қилувчи савдо-сервис корхоналарида нақд пулсиз тўловлар бўйича айланмалар 146,8 млрд. сўмдан кўпроқ суммани ташкил этди. Бу эса, 2007 йилдаги шу кўрсаткичдан 2,3 баравар ортиқдир.

Юлдуз Шаикрамова

"Банк ахбаротномаси"

Похожие новости
«InFinBank» омонатларни таклиф этади:

04.09.2009

«InFinBank» омонатларни таклиф этади:

ОАТБ "Агробанк" янги омонатни таклиф этади

04.09.2009

ОАТБ "Агробанк" янги омонатни таклиф этади

“Qishloq Qurilish Bank” янги омонатларни таклиф этади

04.09.2009

“Qishloq Qurilish Bank” янги омонатларни таклиф этади



Система Orphus