Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Марказий банкнинг қўшма семинари

06.03.2009

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Ўзбекистон банклари Ассоциацияси ҳамкорлигида «Жаҳон иқтисодий инқирози таъсири олдини олиш, мамлакатни модернизация қилиш, иқтисодиёт реал секторини жадал ривожлантиришда тижорат банкларининг инвестицион ва кредит фаолиятини кенгайтириш» мавзусига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Марказий банк, Банклар Ассоциацияси, тижорат банклари ва бошқа тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.

Маълумки, жаҳонда кечаётган молиявий-иқтисодий инқироз дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатлари иқтисодиётининг мустаҳкамлигини ўзига хос синовдан ўтказмоқда.

Мамлакатимизда жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг таъсирини олдини олиш ва бартараф этиш, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш, аҳоли бандлигига кўмаклашиш, экпорт қилувчилар, саноатнинг етакчи тармоқ корхоналари ҳамда кичик бизнесни аниқ манзилли қўллаб-қувватлаш, касаначиликни ривожлантириш, банкларнинг капиталлашувини ошириш асосида уларнинг инвестицион ва кредит имкониятларини кенгайтириш мақсадида Президентимизнинг қатор Фармонлари ва Қарорлари қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатлар иқтисодиётнинг реал сектори корхоналари фаолиятини рағбатлантириш мақсадида қатор солиқ имтиёзларини белгилаш, тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар бериш кўламини кенгайтириш, кредитларни реструктуризация қилиш каби чора-тадбирларни ўз ичига олади.

Давлатимиз раҳбари томонидан ўз вақтида қабул қилинган иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат ҳамда бошқа истеъмол товарларини ишлаб чиқаришни кенгайтиришни ўз ичига олган инқирозга қарши чора-тадбирлар дастури республика иқтисодиётини янада изчил ва барқарор ривожланиши учун асос яратмоқда.

2008 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда эришилган ютуқлар, макроиқтисодий кўрсаткичлардаги ўсиш суръатлари, республика иқтисодиётининг барқарорлиги ва мамлакат банк-молия тизимининг ишончлилиги Ўзбекистон танлаган ривожланиш модели тўғрилигини яна бир бор тасдиқламоқда.

Айни вақтда иқтисодиёт реал сектори корхоналарини модернизация қилиш, экспорт қилувчи корхоналар ва кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга оширишда тижорат банкларининг ролини оширишга, банкларнинг реал сектор корхоналарини ўз вақтида молиявий қўллаб-қувватлашдаги масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Семинарда иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ тижорат банкларининг инвестицион ва кредит фаолиятларини кенгайтириш масалаларига қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, Қарорлари ҳамда Ҳукумат қарорларидан келиб чиқадиган вазифалар, банкларнинг реал сектор корхоналари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, банк ишини ва банкларнинг инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш тартибларини ўзида акс эттирувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, амалдаги қонунларга тегишли ўзгартиришлар ва қўшимчаларни киритишга оид масалаларда маърузалар қилинди.

Йиғилишда юқоридагилардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокамасида бўлган банк ва молия соҳасига тегишли «Банкротлик тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида»ги, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги ва «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, шунингдек, «Коллекторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонун лойҳаси юзасидан муҳокама ва мунозалар бўлиб ўтди.

Семинар давомида 2009 йил - тижорат банклари учун инвестицион фаоллик йили сифатида белгиланганлиги таъкидланиб, мамлакатни модернизация қилиш ҳамда иқтисодиёт реал секторини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Анжуман давомида кун тартибидаги масалалар юзасидан иштирокчиларнинг барча қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар ва тавсиялар берилди.

Манба: cbu.uz

Похожие новости
Нигерияда банк раҳбарлари қидирилмоқда

24.08.2009

Нигерияда банк раҳбарлари қидирилмоқда

Таҳлилчилар АҚШ банкларининг аксарияти банкротга учраши ҳақида башорат қилмоқда

24.08.2009

Таҳлилчилар АҚШ банкларининг аксарияти банкротга учраши ҳақида башорат қилмоқда

Freddie Mac ўзининг янги операцион директори исмини эълон қилди

19.08.2009

Freddie Mac ўзининг янги операцион директори исмини эълон қилди



Система Orphus