Талаб ва таклиф кўпаймоқда

09.04.2009
Пойтахтимизда 2009 йилда юртимизда ишлаб чиқариладиган озиқ-овқат, енгил саноат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларининг улгуржи савдо-ярмаркаси бошланди.

Тадбирда “Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмасининг Республика ихтисослаштирилган улгуржи савдо база-конторалари ва ҳудудий базалари, “Ўздонмаҳсулот”, “Ўзвиносаноат” компаниялари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган товар ишлаб чиқарувчи корхоналар, кичик ва хусусий бизнес вакиллари, тадбиркорлар иштирок этмоқда.

Ҳар йили ўтказиладиган ушбу ярмарка саноат корхоналарининг янги, рақобатбардош, ташқи ва ички бозор талабларига мос маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириши, фаолиятини кенгайтириши ва экспорт салоҳиятини оширишига хизмат қилмоқда.

“Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмасининг ноозиқ-овқат маҳсулотлари бошқармаси бошлиғи Маҳкам Азаматовнинг таъкидлашича, ушбу ярмаркада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 13 ноябрда қабул қилинган “Ярмарка савдосини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ишлаб чиқарувчи корхоналар, тадбиркорлар учун барча шароит яратилган. Шу боис иштирокчилар сони йилдан-йилга кўпаймоқда. Жорий йилда улар қарийб 150 тага етди.

Республика улгуржи савдо-ярмаркасида гўшт, сут, қандолатчилик ва макарон маҳсулотлари, алкоголли ва яхна ичимликлар, қайта ишланган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини харид қилиш мумкин. Шунингдек, ишлаб чиқарувчилар истеъмолчиларга маиший-хўжалик моллари ҳамда турли хилдаги халқ истеъмоли товарларини таклиф этаётир. Мисол учун “Ёғ-мой ва озиқ-овқат” саноати уюшмаси қарийб 30 хилдаги маргарин ва сариёғ, 12 турдаги маёнез, 6 хилдаги хўжалик совуни, махсар, писта ва чигитдан олинган мой маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. “UzDongJu Paint” Ўзбекистон-Корея қўшма корхонаси эшик ва ромлар учун 12 хилдаги, девор ва шифт учун 11 турдаги ҳамда автомашиналарни бўяш учун қарийб 15 хилдаги бўёқни таклиф қилаётир.

Тадбирда йирик ишлаб чиқариш корхоналари қаторида кичик бизнес вакиллари ва хусусий тадбиркорларга ҳам кенг ўрин ажратилган.

– Мамлакатимизда хусусий тадбиркорлик ривожи учун яратилаётган имкониятлар самараси ўлароқ, корхонамиз фаолияти тобора кенгаймоқда, – дейди “Shox Product” корхонаси раҳбари Рихсивой Исроилов. – 2008 йилда ишни уч хилда ширинлик ва икки турдаги колбаса ишлаб чиқаришдан бошлаган эдик. Ҳозир 100 хилдаги торт ва пирожний, 12 турдаги пишириқ ва 50 хилдаги колбаса ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Корхонамизни замонавий ускуна ва мини технологиялар билан жиҳозлаганимиз боис маҳсулотларимиз хориждаги рақобатчилар билан бемалол тенглаша олади. Ярмарканинг биринчи кунидаёқ юзга яқин шартнома имзоладик. Бу эса келгуси йилда маҳсулотларимиз турини янада кўпайтириш ва ҳамкорларимиз сонини ошиши учун янада кенгроқ имконият яратади.

Кўргазмага қўйилган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати истеъмолчилар томонидан юқори баҳоланмоқда.

– Ўтган йили ушбу ярмаркада 1,2 миллиард сўмлик маҳсулот харид қилиш бўйича шартнома имзолаган эдик, – дейди Андижон вилояти Асака тумани “Матлуботсавдо” ҳиссадорлик жамияти раиси Абдурасул Дадахонов. – Бу сафар икки миллиард сўмликдан ортиқроқ озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилмоқчимиз. “Қўқондонмаҳсулотлари” ва “Қувадонмаҳсулотлари” очиқ аксиядорлик жамиятлари билан нон ва нон маҳсулотлари ҳамда макаронлар харид қилиш учун шартномалар туздик.

Муаллиф: Сайёра Шоева

Манба: UzA.uz

Похожие новости
Нигерияда банк раҳбарлари қидирилмоқда

24.08.2009

Нигерияда банк раҳбарлари қидирилмоқда

Таҳлилчилар АҚШ банкларининг аксарияти банкротга учраши ҳақида башорат қилмоқда

24.08.2009

Таҳлилчилар АҚШ банкларининг аксарияти банкротга учраши ҳақида башорат қилмоқда

Freddie Mac ўзининг янги операцион директори исмини эълон қилди

19.08.2009

Freddie Mac ўзининг янги операцион директори исмини эълон қилди



Система Orphus