Миллий банк Наманган бўлими Ўзбекистонда “клуб 500” энг яхши хизмат кўрсатиш пункти деб тан олинди

14.04.2009
“Wеstеrn Union” компанияси Ўзбекистонда у билан ҳамкорлик қилаётган энг яхши шерик банкларни ҳар йили бешта номинация бўйича аниқлайди. 2008 йилда шу тизимга кирувчи 12та шерик банк ушбу дастур доирасида танловда қатнашди.

2009 йил 3 апрелда “Wеstеrn Union” тизими билан Ўзбекистонда ҳамкорлик қилаётган энг яхши шерик банклар командаларини 2008 йил якунлари бўйича мукофотлаш маросими бўлиб ўтди. Бунда ғолибларга сифат сертификатлари, шунингдек номинациялар бўйича қимматбаҳо совринлар топширилди.

Миллий банк Наманган бўлими Ўзбекистонда “Клуб 500” энг яхши хизмат кўрсатиш пункти деб эътироф этилди.

“Клуб 500” энг яхши хизмат кўрсатиш пункти” номинацияси ЕМЕА (Европа, Яқин Шарқ, Осиё) минтақасида мижозларга хизмат кўрсатиш даражаси бўйича энг яхши “Wеstеrn Union” пунктларини бирлаштирувчи халқаро дастур ҳисобланади.

Миллий банк мазкур номинацияда ғолиб чиққанлиги унинг ходимларининг касб маҳоратидан ҳам, халқаро стандартларга жавоб берадиган даражада кўрсатилаётган хизматлар сифатидан ҳам далолат беради.

Ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланганидан буён ўтган олти йил мобайнида Миллий банк республикадаги 21та банк орасида “Wеstеrn Union” компаниясининг асосий шерикларидан бирига айланди.

Бу даврда қарийб 837 минг мижозга хизмат кўрсатилди, 558 млн. АҚШ доллари қийматидаги операциялар бажарилди. Шундан 496 млн. АҚШ доллари бошқа давлатлардан республикамизга келиб тушган маблағлардир. 2009 йил 1 январдаги ҳолатга кўра ишлаб турган хизмат кўрсатиш пунктлари сони 116тага етди.

Бу тизим билан ҳамжиҳат ишлаётган банклар сони доимий равишда кўпайиб бораётганига қарамай, Миллий банк бўйича хизмат кўрсатиш пунктларига мурожаат қилган фуқаролар миқдори ва тегишлича, бажарилаётган операциялар ҳажми йил сайин ўсиб бораётгани кузатилмоқда. 2008 йил мобайнида умумий қиймати 143 млн. АҚШ долларини ташкил этадиган 207 мингдан зиёд жўнатмалар амалга оширилди. Бу эса, аввалги йилнинг шу давридагига нисбатан тегишлича 12% ва 23% кўпдир.

Банк ушбу тезкор пул жўнатмалари тизими орқали пулларни қабул қилиш ва жўнатиш пунктларида мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ишларини доимий равишда олиб бораяпти. Натижада, Миллий банк муассасалари “Wеstеrn Union” компанияси ўтказаётган хизматлар сифати аудити дастурида “Барча номинациялар бўйича энг яхши пункт” (2004 йил), “Амалда бажарилган пул жўнатмаларининг энг катта ҳажми” (2005 йил), “Энг яхши агентлик тармоғи менежменти” (2006 йил), “Барча тоифалар бўйича энг яхши пункт” (2007 йил) номинациялари бўйича ҳар йили ғолиб бўлиб келмоқда.

Жорий йилда банк қабул қилинаётган ва тўланаётган жўнатмалар миқдорини ҳам, суммасини ҳам янада оширишни, бунга биринчи навбатда ишлаб турган пунктлар сонини 139тага етказиш, шунингдек мижозларга хизмат кўрсатиш процедурасини яхшилаш ҳамда тезлаштириш ҳисобига эришишни режалаштираяпти.

Манба: Банк ахборот ҳизмати

Похожие новости
Нигерияда банк раҳбарлари қидирилмоқда

24.08.2009

Нигерияда банк раҳбарлари қидирилмоқда

Таҳлилчилар АҚШ банкларининг аксарияти банкротга учраши ҳақида башорат қилмоқда

24.08.2009

Таҳлилчилар АҚШ банкларининг аксарияти банкротга учраши ҳақида башорат қилмоқда

Freddie Mac ўзининг янги операцион директори исмини эълон қилди

19.08.2009

Freddie Mac ўзининг янги операцион директори исмини эълон қилди



Система Orphus