Замонавий ишлаб чиқаришни ривожлантириш асоси

20.04.2009
Пойтахтимиздаги «Ўзэкспормарказ»да 28-30 апрел кунлари Президентимиз Ислом Каримовнинг 2008 йил 15 июлда қабул қилинган «Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш доирасида ИИ-Республика инновация ғоялари, технологиялари ва лойиҳалари ярмаркаси бўлиб ўтади.

Миллий иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини янада ошириш заруратидан келиб чиққан ҳолда, шунингдек, ўтган йил баҳорида ўтказилган биринчи инновация ярмаракаси натижаларига кўра, навбатдаги ярмаркани ташкил этишда қандай ёндашувлар устуворлик касб этди? Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ижро аппарати раҳбари Мажид Каримов билан ЎзА мухбирининг суҳбати шу ҳақда бўлди.

– Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, аввало, ҳам ички, ҳам ташқи бозорда маҳсулоти харидоргир бўлган ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қаратилган, – дейди М.Каримов. – Бу стратегия Юртбошимиз томонидан мустақилликнинг дастлабки йилларида белгиланган бўлиб, бугунги жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида ўз самарадорлигини яна бир бор исботлади. Кўплаб давлатлардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда, глобал инқирозга қарамай, миллий иқтисодиётни келгусида босқичма-босқич ривожлантириш борасида мустаҳкам пойдевор яратиш имконини берадиган олдини олиш чоралари ишлаб чиқилди. Шу мақсадда, биринчи навбатда, етакчи тармоқлардаги ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда бунинг учун барча имкониятлар мавжуд. Ўзбекистон катта илмий-техник ва кадрлар салоҳиятига эга. Бизнинг ушбу соҳада қўлга киритган ютуқларимиз бутун дунёда эътироф этилмоқда. Шу сабабли ишлаб чиқаришни жадаллаштириш ва рақобатбардошлигини ошириш учун хорижий технология ва ишланмалардан эмас, балки улардан кўра самаралироқ бўлган ўзимизнинг технология ва ишланмалардан янада кенг фойдаланилмоқда. Ўтган йил баҳорда илк бор ўтказилган биринчи республика инновация ғоялари ва лойиҳалари ярмаркаси илмий-амалий тадқиқотлар натижаларини рағбатлантириш ва жорий этиш, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги яқин алоқаларни таъминлашнинг самарали механизмларидан бирига айланди. Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 15 июлдаги қарорига биноан бундан буён ушбу ярмарка анъанавий тарзда ўтказилади.

– Мажид Маликович, биринчи республика инновация ғоялари ва лойиҳалари ярмаркаси қандай амалий натижалар бергани ҳақида тўхталсангиз.

– Аслини олганда, бундай ярмаркани ташкил этиш ва ўтказиш моҳиятан илмий-тадқиқот ташкилотлари ва реал иқтисодиёт тармоқлари корхоналари ўртасида яқин кооперация алоқаларини ўрнатишга қаратилган янги технология ҳисобланади. Биринчи ярмаркада саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, ахборот технологиялари, илм-фан ва таълим соҳасида мамлакатимиз илмий муассасалари ва олий ўқув юртларида яратилган ҳамда Ўзбекистон иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасини ривожлантиришнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга бўлган 650 дан ортиқ истиқболли илмий ишланмалар, технологиялар ҳамда технологик услублар намойиш этилган эди.

Ярмарка давомида олимлар ва хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида ушбу соҳада жорий этиш ва ҳамкорлик тўғрисида умумий қиймати 22,1 миллиард сўмга тенг 559 та шартнома ҳамда аҳдлашув протоколлари имзоланган эди. Ярмарка ниҳоясига етгач, Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ҳамда Иқтисодиёт вазирлиги ҳамкорлигида мазкур шартномалар ижросининг доимий мониторинги ташкил этилди.

Масалан, жорий йилнинг 1 апрел ҳолатига кўра, қисқа вақтга мўлжалланган 57 та шартнома амалга оширилди ва бу борадаги ишлар якунланди. Илмий ва олий ўқув юртлари ўзларининг интеллектуал маҳсулотлари истеъмолчиларидан 911 миллион сўмдан ортиқ маблағ олди. Бундан ташқари, 132 та шартнома амалга оширишга тайёр турибди. Умумий қиймати 5,4 миллиард сўмлик ушбу шартномалар икки-уч йилда амалга татбиқ этилади. Шундан 1 миллиард сўмдан ортиғини ишлаб чиқарувчилар тўлаб бўлди. Маблағларнинг қолган қисми шу йил давомида тўланади.

Бугунги кунда 349 та узоқ муддатли шартнома ва аҳдлашув протоколлари бўйича параметрларни аниқлаштириш, жумладан вазифалар бажарилишига аниқлик киритиш, бунинг учун зарур хомашё ресурсларини белгилаш ҳамда топиш борасидаги ишлар амалга оширилаётир.

Айниқса, ахборот технологиялари соҳасидаги шартномалар самарали амалга оширилаётганини таъкидлаш зарур. Ушбу шартномалар бўйича маблағларнинг катта қисми, яъни 541 миллион сўми тўланди. Бунда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ахборот-коммуникация технологиялари маҳсулотларининг асосий истеъмолчиси ҳисобланади.

Қайд этилган маълумотлар миллий иқтисодиётимизнинг илғор технологиялар ва инновация ишланмаларига бўлган эҳтиёжи ҳақиқатан ҳам ниҳоятда катта эканидан далолат беради. Зеро, бозор иқтисодиёти шароитида хўжалик юритишнинг замонавий услубларини қўллаётган ва сифати билан нафақат ички, балки жаҳон бозорида ҳам рақобатбардош бўла оладиган маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашаётган соҳаларгина реал даромад олиш ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш имкониятига эга бўлади.

Шу тариқа, биринчи республика инновация ғоялари ва лойиҳалари ярмаркасини ўтказиш тажрибаси бугун мамлакатимиз катта ҳамда серқирра илмий-техник салоҳиятга эга эканини яна бир карра яққол намоён этди. Ўзбекистоннинг бу борадаги салоҳияти мунтазам ортиб бораётгани Президентимиз Ислом Каримов томонидан мамлакатимиз илм-фанини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганининг амалий натижасидир. Таъкидлаш керакки, ҳозирги глобаллашув ва жаҳон хўжалик юритиш муносабатларида тобора кескин тус олаётган рақобат шароитида айнан олимлар ва ишлаб чиқувчиларнинг реал ишлаб чиқариш эҳтиёжларини таъминлаш, уни энг яхши халқаро стандартлар даражасида модернизация қилишга қаратилган инновацион фаолиятининг роли ортиб бораётир. Шу боис, бугун ўзбекистонлик олимлар фундаментал илм-фаннинг бирон бир соҳасида тадқиқотлар йўналишини танлашда, энг аввало, маҳсулот таннархи ва энергия сарфини камайтирган ҳолда, ишлаб чиқариш рақобатбардошлигини ошириш мақсадида уларнинг натижаларини амалга жорий этиш имкониятларини топишга ҳаракат қилмоқда.

– Жорий йилда ииновациялар ярмаркаси қайси йўналишлар бўйича ўтказилади, унинг иштирокчилари нечоғли кўпаяди?

– Ярмарка бу йил ҳам иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг асосий йўналишлари бўйича ўтказилади. Негаки, мамлакатимизнинг янада равнақ топиши ушбу соҳалар ривожига боғлиқ. Шу сабабли уларни модернизация қилиш ва технологик қайта жиҳозлаш энг муҳим масала ҳисобланади. Айни вақтда давлатимиз раҳбари томонидан «Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари» китобида белгиланган вазифалар ҳисобга олинган ҳолда, иккинчи инновация ярмаркаси аввалгисидан фарқ қиладиган қатор хусусиятларга эга. Масалан, экспозиция учун технологиялар ва ишланмаларни танлашда, уларнинг қай даражада энергия ва ресурс тежашига, маҳаллий хомашё асосида қайта ишлаб чиқаришни ташкил этиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, ярмарка иштирокчилари таркибига 110 га яқин илмий ташкилот ва олий ўқув юртларидан ташқари, ихтирочилар, рационализаторлар ҳам киради. Улар ўз ишланмаларини кенг доирадаги инновация истеъмолчилари эътиборига ҳавола этиш имкониятига эга бўлади. Зеро, ярмаркада вазирликлар, идоралар, банклар, иқтисодиётнинг барча тармоқларида фаолият кўрсатаётган йирик хўжалик бирлашмалари, кўплаб хусусий, шу жумладан, қўшма ва кичик корхоналар, фермер хўжаликлари ҳам қатнашади. Бу эса ишлаб чиқаришнинг технологик даражасини янада ошириш, ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни янги бозорларга олиб чиқишда ярмарка имкониятларидан фойдаланиш учун шароит яратади.

Айни пайтда 600 га яқин энг истиқболли технологиялар ва лойиҳалар танлаб олинди. Шуниси эътиборлики, уларнинг барчаси сўнгги йилларда ишлаб чиқилган бўлиб, ярмарка давомида уларни жорий этиш бўйича шартномалар тузилиши илмий тадқиқотлар натижаларини амалда жорий этиш механизмини мустаҳкамлаш имконини беради.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бу ерда тақдим этиладиган интеллектуал маҳсулот таркибида ахборот-коммуникация технологиялари улуши кўпаяди. Чунки, барча жабҳаларда ушбу технологияларни жорий эишга бўлган талаб йилдан-йилга ортиб бормоқда.

– Олимларимиз томонидан ишлаб чиқилган, мамлакатимизни янада ривожлантиришга хизмат қиладиган янги, ўзига хос ноёб ғоялар тақдимоти қандай ташкил этилади?

– Бу инновация ярмаркасининг муҳим вазифаларидан биридир. Илмий ғояни амалга ошириш учун ишлаб чиқариш, технологик ва молия ресурслари талаб этилади. Ярмарка доирасида бундай мақсадли ҳамкорлик учун шерикларни аниқлаш мақсадида қатор асосий йўналишлар бўйича мавзуга доир тақдимот маросимларини ўтказиш режалаштирилган. Мисол учун, қишлоқ хўжалик тармоғи вакиллари, жумладан, фермерлар илмий муассасалар ва олий ўқув юртларида бўлиб, қишлоқ хўжалик экинлари касалликлари ҳамда зараркунандаларига қарши курашишнинг янги, самарали усулларини топиш борасида амалга оширилаётган тадқиқотлар, шунингдек, етиштирилган ҳосилни қайта ишлашнинг кам ресурс талаб қиладиган ҳамда экологик хавфсиз услублари билан танишадилар. Қишлоқ хўжалик машинасозлиги, маҳаллий ўсимлик хомашёсидан мамлакатимиз фармацевтика саноатида фойдаланишни кенгайтириш соҳасидаги янги ғоялар ҳамда ишланмаларга бағишланган тақдимот маросимлари ташкил этилади.

Шунингдек, ярмарка доирасида технологиялар трансфери ва интеллектуал мулк обектларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан илмий-амалий семинарлар ҳам ўтказилади. Муаллифлик ҳуқуқини патентлаш ва ҳимоя қилиш инновация фаолиятига тааллуқли ишларнинг муҳим жиҳати ҳисобланади. Жаҳон бозорида Ўзбекистон илм-фани ютуқларига қизиқиш мунтазам ортиб бормоқда. Шу боис олимларимиз ва ишлаб чиқувчилар ўзларининг интеллектуал мулк борасидаги ҳуқуқлари миллий қонунчилигимиз томонидан ҳимоя қилинганини билишлари ва улардан фойдалана олишлари керак.

Бундан ташқари, ярмарка доирасида «Ўзбекистонни инновацион ривожлантириш: муаммолар ва истиқболлар» мавзуида давра суҳбати ташкил этилади. Ушбу тадбир мамлакатимиз илм-фани ва миллий иқтисодиётимиз тармоқлари вакилларига республикамизда ишлаб чиқаришни техник янгилаш ва табақалаштириш жараёнини кенгайтириш мақсадида олимлар ҳамда хўжалик юритувчилар ўртасида янада яқин кооперацияни йўлга қўйишда кўмаклашади.

Мухтасар айтганда, ИИ-Республика инновация ғоялари, технологиялари ва лойиҳалари ярмаркаси Ўзбекистонда амалга оширилаётган, жадал иқтисодий ўсишни таъминлаш, халқимиз фаровонлигини оширишга доир вазифаларни босқичма-босқич ҳал этишга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотларни чуқурлаштиришда муҳим омил бўлиши шубҳасиз.

Манба: jahonnews.uz

Похожие новости
Нигерияда банк раҳбарлари қидирилмоқда

24.08.2009

Нигерияда банк раҳбарлари қидирилмоқда

Таҳлилчилар АҚШ банкларининг аксарияти банкротга учраши ҳақида башорат қилмоқда

24.08.2009

Таҳлилчилар АҚШ банкларининг аксарияти банкротга учраши ҳақида башорат қилмоқда

Freddie Mac ўзининг янги операцион директори исмини эълон қилди

19.08.2009

Freddie Mac ўзининг янги операцион директори исмини эълон қилди



Система Orphus