Иқтисодиётни инновацион ривождантириш - тараққиёт омили

29.04.2009

Тошкентда 28 апрел куни ИИ Республика инновация ғоялари, технологиялари ва лойиҳалари ярмаркаси очилди.

Мамлакатимиздаги хўжалик юритувчи субъектлар қисқа муддат ичида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш ва шу асосда ички ҳамда ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни анча кенгайтириш имкониятига эга бўлди. Улар «Ўзэкспомарказ»да очилган ИИ Республика инновация ғоялари, технологиялари ва лойиҳалари ярмаркасида сўнгги йилларда Ўзбекистонда яратилган энг истиқболли технологиялар ва ишланмаларни жорий этиш бўйича бевосита шартномалар тузиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси томонидан ташкил этилган ушбу тадбир Президентимиз Ислом Каримовнинг 2008 йил 15 июлда қабул қилинган «Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш доирасида ўтказилмоқда.

Инновациялар ярмаркасида вазирликлар, идоралар, банклар, миллий иқтисодиётимизнинг барча тармоқларидаги корхоналар, жумладан, хусусий ва қўшма корхоналар, фермер хўжаликлари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимидаги илмий муассасалар, олий ўқув юртлари, илмий марказлар, тажриба-конструкторлик ташкилотлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.

Ярмарканинг очилишида Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлардан кўзланган мақсад халқимиз фаровонлигини, биринчи навбатда, мамлакатимиз ва дунёда харидоргир бўлган, ўзининг юқори сифати билан ажралиб турадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳамда кенгайтириш орқали ошириш учун миллий иқтисодиётимиз ва унинг жаҳон майдонидаги юқори мавқеини янада мустаҳкамлашдан иборат экани таъкидланди. Ушбу вазифа, айниқса, бугунги жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида ғоят долзарб аҳамият касб этади. Мазкур вазифанинг бажарилиши давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган ва амалга оширилаётган Инқирозга қарши чоралар дастурининг муҳим таркибий қисмидир. Ишлаб чиқаришни жадал модернизация қилиш, техник янгилаш ва диверсификация қилиш, инновацион технологияларни кенг жорий этиш дастурнинг асосий йўналишларидан бири бўлиб, жаҳон молиявий инқирозининг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсирини юмшатиш билан бир қаторда келажакда уни изчил ривожлантириш учун янги ва истиқболли йўналишларни очади.

Истиқлолнинг дастлабки йилларида Юртбошимиз томонидан белгиланган сиёсат – босқичма-босқич ривожланиш бўйича ўз моделимизни рўёбга чиқариш асосида ташкил этилган миллий иқтисодиётимизнинг мустаҳкамлиги бунинг кафолатидир. Ушбу сиёсатнинг оқилона ва тўғри эканлиги амалда ўз исботини топмоқда. Нафақат мамлакатимизнинг хилма-хил табиий ресурсларга бойлиги, улкан ишлаб чиқариш қувватлари, илмий-техник ва кадрлар салоҳияти, балки улардан омилкорлик билан самарали фойдаланиш ислоҳотлар жараёнини чуқурлаштиришнинг мустаҳкам асосидир. Натижада 2008 йилда, жаҳоннинг кўплаб минтақаларида иқтисодий ўсиш пасайган бир пайтда, мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 9, саноат ва қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши тегишли равишда 12,7 ва 4,5 фоизни ташкил қилди, иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари ҳам барқарор ривожланди. Хорижий сармояларни жалб қилиш ва ўзлаштириш учун ғоят қулай шарт-шароитлар яратилди. Кейинги икки йилда хорижий сармоялар миқдори 2,5 баравардан ошди. Шуниси эътиборлики, ўтган йили ташқи савдо айланмаси 21,4 фоизга кўпайди, экспорт таркибида тайёр маҳсулот улуши ортиб бораётир.

Буларнинг барчасига муайян даражада янги, замонавий ишлаб чиқариш технологиялари ва услубларини ўзлаштириш, маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш, маҳаллий хомашёдан янада самарали фойдаланиш туфайли эришдик. Бу, ўз навбатида, маҳсулот ишлаб чиқариш учун сарфланадиган ресурслар ҳажмини, таннархини камайтиради ва рақобатбардошлигини оширади.

Ярмаркада намойиш этилаётган ва кейинги вақтда республикамизнинг 120 дан ошиқ илмий ташкилот ва олий ўқув юртларида яратилган қарийб 600 дан зиёд энг яхши технология ҳамда ишланмалар жаҳон бозорларида сифати билан бемалол рақобатлаша оладиган, экспортбоп ва импортга йўналтирилган ана шундай маҳсулотларни ишлаб чиқаришга қаратилган. Мамлакатимиз иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасини ривожлантиришнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу янгиликлар саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, ахборот-коммуникация технологиялари, илм-фан ва таълим соҳасида амалга ошириш учун мўлжалланган.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Ч.Солиҳов давлатимиз раҳбари мамлакатимиз илм-фанини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлади. Бундай доимий эътибор туфайли олимларимизнинг инновация фаолияти самарадорлиги ошмоқда, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро фойдали алоқалар мустаҳкамланмоқда. Бу бозор ва, айниқса, жаҳон иқтисодий инқирози шароитида энг барқарор – инновацион иқтисодиётни ташкил этиш асосларидан биридир.

Бу галги инновациялар ярмаркасини ташкил этишда ўтган йилнинг баҳорида бўлиб ўтган биринчи Республика инновация ғоялари ва лойиҳалари ярмаркаси якунлари ҳисобга олинди. Ярмарка давомида умумий қиймати 22,1 миллиард сўмга тенг 550 га яқин шартнома ҳамда аҳдлашув протоколлари имзоланган эди. Иқтисодиёт вазирлиги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси билан ҳамкорликда ушбу шартномалар ижросининг доимий мониторингини ташкил этди. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, иқтисодиёт тармоқларининг илғор технологиялар ва ишланмаларга эҳтиёжи катта бўлиб, мунтазам ортиб бормоқда. Негаки, бозор шароити хўжалик юритувчилардан ишлаб чиқаришни жадал ривожлантириш, катта даромад келтирадиган сифатли ҳамда харидоргир маҳсулот тайёрлаш имконини берадиган юқори технологияларни ўзлаштиришга йўналтиришни талаб қилади.

Ўзбекистонда Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили деб эълон қилинган жорий, 2009 йилдаги вазифаларга мувофиқ, бу борада кенг кўламли комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилаётир. Шунингдек, фермерлик ҳаракати, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2008 йилда уларнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 48,2 фоизни ташкил қилди. Шу боис бу галги ярмаркада экспортбоп маҳсулот олиш мақсадида қишлоқ хўжалик хомашёсини чуқур қайта ишлаш бўйича ихчам технологик ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун айнан ушбу соҳада муваффақиятли қўллаш мумкин бўлган инновациялар сони анча кўпайди.

Масалан, Полимерлар кимёси ва физикаси институти, Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти, Ўзбекистон Фанлар академиясининг «Ботаника» илмий-ишлаб чиқариш маркази, Фарғонадаги «Композит» масъулияти чекланган жамияти, Р.Шредер номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти, Ўзбекистон сабзавот-полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги бошқа кўплаб илмий муассасалар ва марказларнинг янгилиги ва долзарблиги билан ажралиб турадиган ишланмалари ярмаркага ташриф буюрган фермер ва кичик бизнес вакилларида катта қизиқиш уйғотди. Шу билан бирга, ярмаркада республикамиз олий ўқув юртларининг интеллектуал маҳсулотлари ҳам кенг намойиш этилмоқда. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университети, Тошкент давлат аграр университети, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳамда бошқа олий ўқув юртлари кўплаб қизиқарли лойиҳаларни тақдим этди.

- Мен ярмаркага чорвачилик хўжалигимда катта миқдорда тўпланиб қолаётган чиқиндилар муаммосини ҳал этиш услубини топиш учун келдим, – дейди Тошкент вилояти Қибрай туманидаги «Улуғбек-тонг» фермер хўжалиги раҳбари Маҳмуд Каримов. – Фарғона давлат университети зоология кафедрасида ишлаб чиқилган гўнг асосида Калифорния чувалчанглари ёрдамида чиринди ишлаб чиқарадиган технология тежамкорлиги ҳамда самарадорлиги билан менга маъқул бўлди. Ушбу технологиядан фойдаланган ҳолда, ортиқча сарф-харажатларсиз зарур ўғит ишлаб чиқаришни йўлга қўйишим мумкин экан.

Биринчи инновациялар ярмаркасидан фарқли ўлароқ, бу галги ярмаркада айрим ихтирочи ва рационализаторлар ҳам ўзининг интеллектуал маҳсулоти билан қатнашмоқда. Улардан бири тошкентлик Омон Ҳожимуҳамедовдир. У ярмаркада ўзининг 15 та ишланмаси – электроника асосида яратилган дастурий таъминотга эга ўзига хос кўп функсияли мосламаларини намойиш этмоқда.

- Ярмаркадаги иштироким тайёрлаш учун катта маблағ талаб қилмайдиган, аммо самарали ушбу мосламаларни ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлар топишга ёрдам беради, деб ўйлайман, – дейди ихтирочи. – Негаки, улардан фойдаланиш турли фаолият соҳаларида ресурслар ва маблағларни тежаш имконини беради.

Ярмарканинг биринчи иш куни ишлаб чиқарувчилар ва янги технологиялар яратувчилар ўртасида умумий қиймати 4,5 миллиард сўмдан ортиқ юздан зиёд шартнома тузилди.

Инновациялар ярмаркаси дастури жуда бой, унда нафақат яратилган технологиялар бўйича шартномалар тузиш, балки реал иқтисодиёт тармоқлари вакилларини янги ғоялар ва лойиҳалар билан таништириш кўзда тутилган. Уларни амалда жорий этиш учун олимлар ва хўжалик юритувчилар ўртасида тўғридан-тўғри кооперация алоқаларини ўрнатиш, хомашё ва молия ресурслари, тажриба учун ишлаб чиқариш базаси зарур. Ярмарка давомида ўтказиладиган янги ғоялар ва лойиҳалар тақдимотлари, «Ўзбекистонни инновацион ривожлантириш: муаммолар ва истиқболлар» мавзуидаги давра суҳбатлари, семинарлар бундай алоқаларни йўлга қўйишга хизмат қилади.

Ярмарканинг очилиш кунида интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилишга бағишланган шундай семинар бўлиб ўтди. Унда Давлат патент идораси мутахассислари, патентшунослар, таниқли олимлар, янги техника конструкторлари, рационализаторлар, ихтирочилар иштирок этди. Тадбирда мамлакатимизда интеллектуал мулк ҳуқуқи бу борадаги халқаро нормаларга мос миллий қонунчилигимиз томонидан ҳимоя қилингани таъкидланди. Бугун инновация фаолияти натижалари учун ҳуқуқни ҳимоя қилиш глобаллашув ва бошқа мамлакатлар ишбилармон доираларининг Ўзбекистонда яратилган инновацияларни ўзлаштиришга қизиқиши ортиб бораётгани сабабли алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ушбу аксарият инновацияларнинг дунёда муқобили йўқ ва улар даромад келтирадиган маҳсулот ишлаб чиқариш учун жуда фойдали манбага айланиши мумкин. Зеро, Ўзбекистон илм-фани бутун дунёда катта обрў-эътиборга эга ва унинг инновацион хусусиятли амалий ютуқларига халқаро технологиялар бозорида талаб катта.

ИИ Республика инновация ғоялари, технологиялари ва лойиҳалари ярмаркаси илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида самарали кооперация алоқалари кенгайиб бораётганининг ёрқин намунасига айланди ва Ўзбекистон катта имкониятлар, миллий иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва ижтимоий соҳаларни инновацион ривожлантириш борасида улкан салоҳиятга эга мамлакат эканини яна бир карра тасдиқлади. Мамлакатимизнинг янада равнақ топиши, жаҳон хўжалик муносабатларида унинг рақобатбардошлиги ва нуфузини оширишда ишлаб чиқаришни инновацион ривожлаништириш муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Инновациялар ярмаркасининг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Э.Зоҳидов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Р.Қосимов, Э.Шоисматов, У.Розиқулов иштирок этди.

Манба: UzA.uz
Похожие новости
Нигерияда банк раҳбарлари қидирилмоқда

24.08.2009

Нигерияда банк раҳбарлари қидирилмоқда

Таҳлилчилар АҚШ банкларининг аксарияти банкротга учраши ҳақида башорат қилмоқда

24.08.2009

Таҳлилчилар АҚШ банкларининг аксарияти банкротга учраши ҳақида башорат қилмоқда

Freddie Mac ўзининг янги операцион директори исмини эълон қилди

19.08.2009

Freddie Mac ўзининг янги операцион директори исмини эълон қилди



Система Orphus