Ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва технологик янгилашда инвестицияларнинг ўрни

18.05.2009

Президентимиз Ислом Каримовнинг “Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари” асарида жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг келиб чиқиш сабаблари чуқур таҳлил этилиб, мамлакатимизда уни бартараф этишнинг йўллари батафсил ёритиб берилган. Хусусан, мазкур асарда ва Инқирозга қарши чоралар дастурида иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларида ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва технологик янгилаш мақсадларида инвестицияларни жалб қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Ишлаб чиқаришни технологик жиҳатдан янгилаш ва техник модернизация тизимини шакллантирмасдан туриб ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг рақобатбардошлигини ошириш ва ташқи бозорга чиқишини таъминлаш мушкул. Бу эса, ўз навбатида, ушбу вазифаларни ҳал қилиш учун миллий ва хорижий инвесторларнинг маблағларини жалб қилишни тақозо этади.

Мамлакатимизда Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларини, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва корхоналарнинг маблағларини жалб қилиш йўли билан иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш дастури амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 16 йиллигига бағишланган маърузасида таъкидлаганидек, биз танлаган тараққиёт модели, мамлакатни ислоҳ этиш, модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш, иқтисодиётни диверсификация қилиш бўйича амалга оширилаётган пухта ўйланган сиёсат бугунги кунда ўз самарасини бермоқда. Ва бу сиёсат юртимизни турли салбий жараёнлар ва инқирозлар таъсиридан сақлайдиган мустаҳкам ва ишончли ҳимоя воситаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Юртимизда қулай инвестицион муҳит яратилганлиги таркибий ўзгартиришларни жадаллаштиришга хизмат қилмоқда. 2008 йилда иқтисодиётни ривожлантиришга барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 8483,7 миллиард сўм миқдорида инвестиция жалб қилинди. Бу 2007 йилдагига нисбатан 28,3 фоизга кўпдир. Ўтган йили инвестицияларнинг ҳажми ялпи ички маҳсулотга нисбатан 23 фоизни ташкил қилди. Бунда барча ўзлаштирилган инвестицияларнинг қарийб 50 фоизи ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва техник қайта жиҳозлашга йўналтирилди.

Жами ўзлаштирилган инвестицияларнинг қарийб 54 фоизини корхоналар ва аҳолининг пул маблағлари ташкил этади. Бу эса мамлакатимизда солиқ юкини камайтириш ва хўжалик юритувчи субектларнинг инвестицион фаоллигини рағбатлантиришга қаратилган солиқ сиёсатининг нақадар тўғри эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.

2006 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси иқтисодиётимиздаги таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ва модернизация қилишга хизмат қилмоқда. 2007-2008 йилларда ўнлаб йирик саноат ва инфратузилма иншоотларини молиялаштириш мақсадида Жамғарма томонидан 550 миллион АҚСҲ долларидан зиёд миқдорда кредитлар ажратилди.

Молиявий маблағларни мамлакатимиз иқтисодиётига кенг жалб қилиш ва улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш юқори ликвидли рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш, иқтисодиётнинг реал секторини жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш имконини беради.

Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида барқарор макроиқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ишлашига эришиш, аҳолининг бандлигига кўмаклашиш, маҳсулот экспорт қилувчи корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида Инқирозга қарши чоралар дастури доирасида Президентимизнинг “Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора- тадбирлари дастури тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу фармонда жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг реал секторга таъсирини бартараф этиш йўллари асослаб берилган. Жумладан, маҳсулот экспорт қилувчи корхоналарни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, импорт ўрнини босувчи товарлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш чоралари белгиланди.

Кўпчилик хорижий иқтисодчиларнинг фикрига кўра, ишлаб чиқариш жараёнига янги техника ва юқори технологияларни киритиш, иқтисодиётни модернизациялаш йўли билан рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйган мамлакатларгина жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозидан нисбатан кам йўқотишлар билан чиқа олади.

Шу сабабли мазкур ҳужжатда иқтисодиётнинг базавий тармоқларида модернизациялашни моделлаштириш бўйича 11 муҳим дастурни амалга ошириш кўзда тутилган. Бунда эскирган ускуналарни саноат корхоналари ишлаб чиқариш жараёнларидан чиқариш, муҳим лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш, маҳаллийлаштириш дастури доирасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ҳажмини оширишга алоҳида эътибор берилган.

Бундай кенг кўламли ишларнинг амалга оширилиши аниқ молиявий манбаларга – корхоналарнинг ўз маблағлари, банкларнинг кредитлари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредитлари ҳамда халқаро молия институтлари маблағларига асосланган.

Қайд этилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилиши нафақат жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг юртимиз иқтисодиётига салбий оқибатларини юмшатиш имконини беради, балки иқтисодиётимизнинг жаҳон бозоридаги мавқеи янада мустаҳкамланишига, иқтисодий ўсишнинг барқарорлигини таъминлаш ва халқимиз турмуш даражасининг янада ошишига хизмат қилади.

Бекзод Мўминов, Банк-молия академияси мутахассиси

Манба: UzA.uz

Похожие новости
Нигерияда банк раҳбарлари қидирилмоқда

24.08.2009

Нигерияда банк раҳбарлари қидирилмоқда

Таҳлилчилар АҚШ банкларининг аксарияти банкротга учраши ҳақида башорат қилмоқда

24.08.2009

Таҳлилчилар АҚШ банкларининг аксарияти банкротга учраши ҳақида башорат қилмоқда

Freddie Mac ўзининг янги операцион директори исмини эълон қилди

19.08.2009

Freddie Mac ўзининг янги операцион директори исмини эълон қилди



Система Orphus