Банк сармоялари самараси

18.05.2009

Пойтахтимизда банклар томонидан иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор фаолиятини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини оширишга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда “Асака” давлат аксиядорлик тижорат банки ҳамкорликда ўтказган мазкур тадбирда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ишлаб чиқилган Инқирозга қарши чоралар дастурида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ўсишида реал секторга қаратилаётган эътибор ҳамда банк маблағларининг барча тармоқларга изчил жалб этилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, ҳозир банклар ўз ривожланиш стратегиясини айнан реал сектордаги ўсиш билан чамбарчас боғламоқда. Улар корпоратив мижозларнинг эришган даражаларини сақлаб қолиш билан бирга, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, рақобатбардош янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган инвестицион лойиҳаларни амалга ошириши учун қулай шароит яратиб бермоқда.

Бугунги кунда банк кредитлари корхоналарнинг капиталлашув даражасини янада ошириш ва молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, янги технологияларни татбиқ этиш, инновация лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилмоқда. Жорий йилнинг 1 апрелига қадар иқтисодиётнинг реал секторига ажратилган 7 триллион 89 миллиард сўм ҳажмидаги кредитларнинг асосий қисми ана шу мақсадларга йўналтирилди. Жумладан, йирик аксиядорлик компанияларига қарийб 55 миллиард сўм аниқ мақсадли кредитлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга эса салкам 45 миллиард сўм миқдорида кредит ресурслари ажратилди.

Экспорт билан шуғулланувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида жаҳон бозорида айрим маҳсулотларнинг нархлари ва уларга бўлган талабнинг пасайиши ҳисобига вақтинчалик молиявий қийинчиликларга дуч келаётган корхоналарнинг банк кредити бўйича қарздорлик муддатлари қайта кўриб чиқилди. Натижада 20 корхонанинг кредит ва фоизларни қайтариш муддати 12 ойга узайтирилди.

Ҳозир ўрта ва узоқ муддатли кредитларга талаб ортмоқда. Шу боис ҳам банклар кичик бизнесни кредитлашга жиддий эътибор қаратмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида тижорат банклари томонидан кичик бизнес субектларини ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш ва кенгайтириш учун 356,1 миллиард сўмлик лойиҳалар молиялаштирилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 71,8 фоиз кўпдир.

Иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш ва бошқариш механизмларини такомиллаштириш мақсадида банкрот деб эълон қилинган ишлаб чиқариш корхоналари ауксион савдоларда тижорат банкларига мулк сифатида сотилмоқда.

Тижорат банклари корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш ишларини янада жадаллаштириш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш, экспортга маҳсулот чиқарадиган корхоналарнинг ташқи бозордаги рақобатбардошлигини таъминлаш, электр энергетикаси тизимини модернизациялаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ҳар томонлама ёрдам бериш, қишлоқ инфратузилмасини ўзгартириш, аҳоли бандлигини оширишга қаратилган лойиҳаларни молиялаштиришда фаол иштирок этмоқда.

Манба: UzA.uz

Похожие новости
Нигерияда банк раҳбарлари қидирилмоқда

24.08.2009

Нигерияда банк раҳбарлари қидирилмоқда

Таҳлилчилар АҚШ банкларининг аксарияти банкротга учраши ҳақида башорат қилмоқда

24.08.2009

Таҳлилчилар АҚШ банкларининг аксарияти банкротга учраши ҳақида башорат қилмоқда

Freddie Mac ўзининг янги операцион директори исмини эълон қилди

19.08.2009

Freddie Mac ўзининг янги операцион директори исмини эълон қилди



Система Orphus