Банк сармоялари – тадбиркорларга

20.05.2009

Хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнеснинг мамлакатимиз иқтисодиётидаги салмоғи йилдан-йилга ошмоқда. Бунда тижорат банкларининг молиявий кўмаги муҳим ўрин тутмоқда.

“Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банкининг тадбиркорлик субектларини қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолияти кенгайиб, ўз хусусий бизнесини бошловчилар учун бериладиган микросармоялар кўлами ошиб бормоқда. Банк томонидан Жиззах вилоятида ташкил этилган кўргазмали семинар бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш, “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” Давлат дустурида белиланган вазифаларнинг изчил ижро этилишини таъминлаш масалаларига қаратилди.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2008 йил 10 ноябрда қабул қилинган фармонига мувофиқ банкнинг устав капитали қўшимча 72,0 миллиард сўмга кўпайтирилиб, микромолиявий хизматларнинг фоиз ставкалари пасайтирилди. Бу эса, ўз навбатида, банкнинг тадбиркорлик субектларини қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолиятини янада кенгайтириш имконини яратди.

Банк томонидан 2008 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субектларига 92 миллиард сўмлик сармоялар берилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорларга ажратилган кредитлар ҳажми 38,6 миллиард сўмни ташкил этди.

Банкнинг Жиззах вилояти филиали томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун жорий йилнинг ўтган даврида ажратилган 3,2 миллиард сўмлик сармоялар эвазига вилоятда қарийб 2 мингта янги иш ўрни яратилди. Мисол учун, ғаллаороллик тадбиркор Эркин Тожиев банкдан олган кредити ҳисобидан қишлоқ марказида аҳолига хизмат кўрсатувчи мажмуани ишга туширди. Бу ерда автомобилларга техник хизмат кўрсатувчи устахона, компютер ва интернет хизмати кўрсатиш хоналари, фотостудия, сартарошхона, либослар ателеси, зооветеринария пункти ва чорва учун омухта ем сотиш шохобчаси мавжуд.

Ғаллаорол туманининг Лалмикор қўрғонида ташкил этилган семинарда банкнинг вилоятлардаги филиаллари раҳбарлари, хусусий бизнес вакиллари ва фермерлар қишлоқ шароитида микросармоялардан янада самаралироқ фойдаланиш, жойларда ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш имкониятлари борасида фикр алмашдилар.

Семинарда тадбиркорликни энди бошлаётган хотин-қизларга кредит асосида олинган замонавий тикув машиналари, Жиззах вилояти касб-ҳунар коллежларини аъло баҳолар билан битираётган ёшларга эгаллаган касб-ҳунарлари бўйича тадбиркорликни йўлга қўйишлари учун банкдан имтиёзли бошланғич сармоя олиш имконини берувчи сертификатлар топширилди.

Тадбирда банк томонидан ўтказилаётган танловнинг “Қишлоқдаги энг яхши бизнес лойиҳа” номинацияси бўйича Жиззах вилояти ғолиби аниқланди. Шунингдек, банк сармоялари эвазига ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.

Манба: UzA.uz

Похожие новости
Нигерияда банк раҳбарлари қидирилмоқда

24.08.2009

Нигерияда банк раҳбарлари қидирилмоқда

Таҳлилчилар АҚШ банкларининг аксарияти банкротга учраши ҳақида башорат қилмоқда

24.08.2009

Таҳлилчилар АҚШ банкларининг аксарияти банкротга учраши ҳақида башорат қилмоқда

Freddie Mac ўзининг янги операцион директори исмини эълон қилди

19.08.2009

Freddie Mac ўзининг янги операцион директори исмини эълон қилди



Система Orphus