ЎР ТИФ Миллий банкида симпозиум бўлиб ўтди

26.05.2009

2009 йил 25 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Бош офисида ХХР активлар ва пассивлар қўмитаси бошқарувчиси ўринбосари мухтарам Ву Сяолин иштирокида ҳамда Хитой Давлат Тараққиёт Банки (ХДТБ) вакиллари “Жаҳондаги глобал молиявий-иқтисодий инқироз шароитида инқирозга қарши чора-тадбирларни ўрганиш” мавзуида симпозиум бўлиб ўтди. Бу симпозиум Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг “Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари” китобида баён этилган қоидалар ва хулосалар материаллари бўйича ўтказилган Халқаро илмий-амалий конференцияга бағишланди.

Симпозиум жаҳондаги глобал молиявий-иқтисодий инқироз шароитида инқирозга қарши чора-тадбирларни Ўзбекистон ва Хитой мисолида ўрганиш, шунингдек унинг оқибатларини бартараф этиш юзасидан фикр ва тажриба алмашиш мақсадида ташкил қилинди.

Симпозиум дастурига мувофиқ, хитойлик ҳамкасблар томонидан “Жаҳон молиявий инқирози ва унинг оқибатлари”, “Хитойда макроиқтисодий ривожланиш ва молиявий инқирозга жавоб ҳаракатлари”, “Молиявий инқироз даврида Хитой Давлат Тараққиёт банкининг Хитой ички ривожланишини қўллаб-қувватлашдаги роли” каби долзарб мавзуларда маърузалар тайёрланди.

Миллий банк Бошқаруви Раисининг ўринбосари Б.Нуруллаевнинг кириш нутқида, шунингдек ХДТБ Ўқитиш ва тренинг департаменти бошлиғи Ван Юань хонимнинг маърузасида ХХР билан Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда эришилган ижобий натижалар таъкидланди. Ўзмиллийбанк билан Хитой Давлат Тараққиёт банки ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик муваффақиятли даражага кўтарилгани, икки мамлакат банк-молия тизимига доир долзарб масалалар ҳақида сўзланди.

Томонлар шу йил 22 майда бўлиб ўтган Халқаро илмий-амалий конференция ишидаги иштирок ҳақида фикр алмашдилар. Ўзбекистон томонидан иқтисодиётни ислоҳ этиш борасидаги чора-тадбирлар ўз вақтида қабул қилингани юқори баҳоланди ҳамда бу тадбирлар жаҳон иқтисодий инқирозининг салбий таъсири йўлига ишончли тўсиқ бўлганлиги уқтирилди. Ишлаб чиқилган инқирозга қарши дастур пухта ўйланган ва мувозанатли бўлиб, унда республика ривожланишининг келгусидаги стратегик йўналишлари асос қилиб олинган. Бу йўналишлар мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлиги ва халқ фаравонлиги янада ортишини, ижтимоий йўналишдаги кучли бозор иқтисодиёти шаклланишини таъминлайди, деган фикрлар билдирилди.

Шундай қилиб, бўлиб ўтган халқаро конференция, шунингдек конференция доирасида ўтказилган Симпозиум ижтимоий йўналишдаги бозор иқтисодиётини қуриш, таркибий ўзгартишларни амалга ошириш борасида Ўзбекистон тўплаган тажрибани ўрганишга қизиқиш катталигини, мамлакат Президенти ишлаб чиққан Инқирозга қарши комплекс дастур амалга оширилиши эса, бутун дунёда эътиборни жалб этаётгани ва эътироф қилинаётганлигини яна бир бор тасдиқлади.

Хитой Тараққиёт банки 1994 йилнинг март ойида таъсис этилган ва унинг бош қароргоҳи Пекин шаҳрида очилган. Банкнинг устав сармояси у ташкил этилган вақтда 50 млрд. юань (6 млрд. АҚШ долларидан ортиқ) бўлган. Бу банк Хитойдаги учта давлат тараққиёт банки (Хитой Экспорт-импорт банки (The Export-Import Bank of China) ва Хитой Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш банки (The Agricultural Development Bank of China)) орасида энг каттаси бўлиб, бевосита ХХР Давлат Кенгашига бўйсунади ва фақат у вазирлик мақомига эга ҳисобланади.

ХДТБ инфратузилма соҳасидаги қурилиш лойиҳалари, шунингдек мамлакат иқтисодиёти ривожланиши учун зарур базавий ҳамда ёрдамчи саноатларга мансуб энг катта лойиҳаларни молиялаш учун узоқ муддатли кредитлар берувчи асосий муассаса ҳисобланади.

Бундан ташқари, ХДТБ мамлакатнинг асосий лойиҳаларини амалга оширишда ҳукумат билан бозорни ўзаро боғлаб турувчи бўғин сифатида ишлайди. Шунингдек, у ижтимоий соҳага инвестицияларни амалга ошириш учун “йўл очиб” ва “кўприк солиб”, мамлакат кредит тузилмасини шакллантиришда ёрдам бермоқда.

Манба: Банк ахборот ҳизмати

Похожие новости
Нигерияда банк раҳбарлари қидирилмоқда

24.08.2009

Нигерияда банк раҳбарлари қидирилмоқда

Таҳлилчилар АҚШ банкларининг аксарияти банкротга учраши ҳақида башорат қилмоқда

24.08.2009

Таҳлилчилар АҚШ банкларининг аксарияти банкротга учраши ҳақида башорат қилмоқда

Freddie Mac ўзининг янги операцион директори исмини эълон қилди

19.08.2009

Freddie Mac ўзининг янги операцион директори исмини эълон қилди



Система Orphus