Тадбиркор манфаати – доимий ҳимояда

30.06.2009

Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тадбиркорлик субектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида улар жамият тараққиётининг таянчи ва суянчига айланмоқда. Иш билан банд аҳоли даромадининг 70 фоиздан ортиғи айнан кичик бизнес ҳисобига тўғри келаётир.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида тадбиркорлар ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда адлия идораларининг ўрни ва аҳамиятига бағишланган матбуот анжуманида шулар ҳақида сўз юритилди.

Адлия вазирининг биринчи ўринбосари А.Аҳмедов бошқарган тадбирда мамлакатимизда иқтисодиётни эркинлаштириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш жараёнида хусусусий тармоқ вакилларини ҳар томонлама ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари яратилгани ва тобора мустаҳкамланаётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2000 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни, соҳани ривожлантириш бўйича қатор фармон ва қарорлар қабул қилингани тадбиркорлик субектларининг эркин фаолият кўрсатишининг муҳим омили бўлмоқда.

Жорий йил 15 майда Президентимизнинг “Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани тадбиркорлар учун яратилган яна бир қулайлик бўлди.

Қарор ижросини таъминлаш юзасидан Адлия вазирлиги бошқа тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда жойларда давлат бошқаруви ҳамда давлат ҳокимияти органлари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субектларининг қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқларига риоя этилиши устидан мониторинг олиб бормоқда.

Жумладан, тадбиркорлар фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашув ҳамда асоссиз текширишлар ўтказилишининг олдини олиш мақсадида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, шу йилнинг ўтган даври давомида жойларда тўрт мингдан зиёд тадбиркорлик субекти ҳуқуқлари бузилганлиги аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилди.

Таҳлиллар айрим назорат қилувчи органлар томонидан ҳали-ҳанузгача ноқонуний текширишларни ўтказиш, текширишлар тартибини бузиш каби ҳолатларга йўл қўйилаётганлигини кўрсатмоқда. Жорий йилнинг беш ойи давомида назорат қилувчи органлар томонидан тўртта ноқонуний текширишлар ўтказилган, 521 ҳолатда текширишлар ўтказиш тартиби бузилган. Ушбу ҳолатлар юзасидан судларга даъво аризалари киритилди. Натижада беш нафар ҳуқуқбузар шахс интизомий жазога тортилди ва икки нафарига нисбатан прокуратура органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.

Матбуот анжуманида адлия органлари томонидан тадбиркорлик субектларини рўйхатдан ўтказишда, уларга банклар томонидан хизматлар кўрсатилишида, литсензия беришда тадбиркорлик субектларининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини бузиш ҳолатларининг мавжудлиги ҳам таъкидланиб, бу борада кўрилаётган чоралар юзасидан маълумотлар берилди. Тадбир иштирокчилари ушбу йўналишда мавжуд тажриба ва ютуқлар юзасидан фикр алмашдилар.

 

Манба: uza.uz  

Похожие новости
Нигерияда банк раҳбарлари қидирилмоқда

24.08.2009

Нигерияда банк раҳбарлари қидирилмоқда

Таҳлилчилар АҚШ банкларининг аксарияти банкротга учраши ҳақида башорат қилмоқда

24.08.2009

Таҳлилчилар АҚШ банкларининг аксарияти банкротга учраши ҳақида башорат қилмоқда

Freddie Mac ўзининг янги операцион директори исмини эълон қилди

19.08.2009

Freddie Mac ўзининг янги операцион директори исмини эълон қилди



Система Orphus