Команда Bank.uz запустила медиа проект JET Подробнее

Банк тизими: ишонч ортмоқда

25.08.2009

Республика Марказий банкида банк тизимининг 2009 йилнинг биринчи ярмидаги фаолияти якунлари ҳамда мамлакатимиз Президенти И.А.Каримов томонидан республика Ҳукуматининг шу йил 13 февралда ўтказилган йиғилишидаги дастурий маърузаларида банк тизими олдига қўйилган устувор вазифалар ижросига бағишланган кенгайтирилган Бошқарув мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф.Муллажонов бошқарди.

Қайд этилдики, ҳисобот даврида Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати жорий йилга мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичларнинг бажарилишига, шунингдек жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг оқибатларини бартараф этиш юзасидан ишлаб чиқилган чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилди.

Айни пайтда иқтисодиётда инфляцион кутилмаларнинг олдини олиш мақсадида Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси ўзгартирилмасдан йиллик ҳисобда 14 фоиз даражасида ушлаб турилди.

Бу ўз навбатида, истеъмол маҳсулотлари нархларининг шаклланишига монетар омилларнинг таъсирини бартараф этиш имконини берди ва ҳисобот даврида инфляция даражасининг белгиланган прогноз кўрсаткичдан паст бўлиши таъминланди.

Мажлисда жаҳоннинг кўплаб мамлакатларини қамраб олган молиявий инқироз давом этаётганига қарамай, Ўзбекистон банк тизими барқарорлиги, банклар капиталлашув даражасини янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар мамлакат иқтисодиётидаги ижобий ўзгаришларга асос яратгани таъкидлаб ўтилди.

Натижада тижорат банкларининг жами капитали 2008 йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баравар ошиб, 2 трлн. 335 млрд. сўмни ташкил этди.


Банк активлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 34 фоиз ўсиб, 14 трлн. 865 млрд. сўмга етди.

 

Тижорат банкларининг молиявий барқарорлиги янада ошиб, бугунги кунда мамлакатимизнинг 13 та тижорат банки етакчи халқаро рейтинг компанияларининг «барқарор» рейтингини олишга муваффақ бўлдилар. Таъкидлаш ўринлики, 8 та банк бундай рейтингни ўтган олти ой давомида олишга эришди.

Айни пайтда банкларнинг иқтисодий ўсишни молиявий қўллаб-қувватлашдаги иштироки янада фаоллашиб, иқтисодиётнинг реал секторига ажратилаётган кредитлар миқдори ортиб бораётгани кузатилмоқда. Бугунги кунда умумий кредит қўйилмалари ҳажми 8,1 трлн. сўмни ташкил этиб, унинг салкам 79 фоизи инвестицион мақсадларга йўналтирилган узоқ муддатли ресурслар ҳисобланади.

Жорий йилнинг биринчи ярмида банклар томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун ажратилган кредитлар миқдори 2008 йилнинг шу даврига нисбатан 68 фоизга ошиб, 937 млрд. сўмни ташкил этди.


Деҳқон ва фермер хўжаликларига қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сабзавотчилик ва боғдорчиликни ривожлантириш учун 1 трлн. сўмга яқин миқдорда имтиёзли кредитлар ажратилди.

Ҳисобот даврида тижорат банклари томонидан Инқирозга қарши чоралар дастурининг бажарилиши доирасида иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарининг барқарор фаолият кўрсатишини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш борасида қатор тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, шу кунга қадар 78 та банкрот корхона молиявий соғломлаштириш мақсадида тижорат банклари балансига олинган эди. Шундан 30 та корхона техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозланиб, ишлаб чиқариш қувватлари тикланиб, банклар томонидан инвесторларга сотилди. Маҳсулот экспорт қилувчи хўжалик субъектлари ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш учун уларга имтиёзли кредитлар ажратиб борилди ва бошқа банк хизматлари кўрсатилди.

Шунингдек, банклар томонидан истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчи корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам кўриб борилмоқда.

Фуқароларнинг банк тизимига бўлган ишончи янада ошиб бораётганлиги, кредит ташкилотлари томонидан аҳолига қулай омонатлар турларининг таклиф этилиши ҳамда аҳолининг банклардаги жамғармаларининг юз фоиз давлат томонидан кафолатланиши  омонатлар миқдорининг 2008 йилнинг шу даврига нисбатан 77,5 фоиз ошиб, ҳозирда салкам 2,2 трлн. сўмга етишига замин яратди.


Ҳисоб-китоб ва тўловларни пластик карточкалар орқали амалга ошириш ўта замонавийлиги, қулайлиги билан ҳаётимизга жадал кириб бормоқда. Ҳисобот даврида тижорат банкларининг 1 млн. 27 минг дона пластик карточкалари муомалага чиқарилди. Савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида ўрнатилган терминаллар сони 17 минг 875 тага ошди. Пластик карточкалар билан амалга оширилган тўловлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,6 баробарга ошди.


Шу билан бирга, мажлисда банкларнинг капиталлашув даражасини, хизматлар сифати ва мижозлар ишончини янада ошириш, айниқса бўш пул маблағларини депозитларга жалб қилиш борасида сусткашликка йўл қўяётган айрим тижорат банклари фаолияти танқид қилинди.

Мажлисда жорий йилнинг иккинчи ярмида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, тижорат банклари раҳбарлари зиммаларига истеъмол товарлари нархларини ўсишини олдини олиш мақсадида қатъий пул-кредит сиёсатини юритишни давом эттириш, тижорат банкларининг молиявий барқарорлиги ва ишончлилигини мустаҳкамлаш, иқтисодиётнинг базавий тармоқларидаги таркибий ислоҳотлар негизини ташкил қилувчи инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришда фаол иштирок этиш, мижозларнинг банк тизимига бўлган ишончини янада ошириш вазифаси топширилди.

Мажлисда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Манба: www.cbu.uz

Похожие новости
“Ўзсаноатқурилишбанк”нинг махсус бўлими очилди

09.09.2019

“Ўзсаноатқурилишбанк”нинг махсус бўлими очилди

Muvaffaqiyatli mikromoliyalash kaliti: yanada yaxshi natijalarga erishish uchun boshqarish san`ati

14.02.2011

Muvaffaqiyatli mikromoliyalash kaliti: yanada yaxshi natijalarga erishish uchun boshqarish san`ati

Муваффақиятли микромолиялаш калити: янада яхши натижаларга эришиш учун бошқариш санъати

11.02.2011

Муваффақиятли микромолиялаш калити: янада яхши натижаларга эришиш учун бошқариш санъати



Система Orphus