АҚШда сармоявий операциялар билан шуғулланувчи америкалик банкир Хасан Немази хибсга олинган. У ўз вақтида Билл ва Хиллари Клинтонларнинг сайлов кампанияларига маблағ жалб этиш билан шуғулланган эди. Ҳозирда банкир сохта ҳужжатлар ёрдамида кредит олганликда айбланмоқда дея, хабарлар тарқатилган.
Олиб борилган тергов ишлари натижаларига кўра, Немази сохта хужжатлар билан 74 млн долларни қўлга киритган. Ҳужжатларда гўё уларни топшириш вақтида Немазига тегишли бўлмаган ёки аслида умуман бўлмаган активлар ҳақида сўз боради.
Банкир Ньюарк Либерти халқаро аэропортида Римга учиб кетиш олдидан қўлга олинган. Тергов маълумотларига кўра, хибсга олингандан бир кун ўтиб, Немази 74 млн доллар миқдоридаги кредитни тўлалигича қайтарган. Агарда унинг айби исбот қилинадиган бўлса, 30 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
АҚШда машҳур банкир хибсга олинган