Миллий банк: пластик карточкалар оммалашмоқда

10.09.2009

Пластик карточкалар бугунги кунда юртимизда тобора оммалашиб бормоқда. Бундай замонавий тўлов воситаларини фуқароларимизнинг ёнида олиб юриши оддий ҳолга айланиб улгурди десак янглишмаймиз. Боиси эндиликда пластик карточкалар билан нафақат йирик шаҳарларда, балки олис туманларда ҳам кўпгина соҳаларда ҳисоб-китоб қилиш мумкин бўлиб қолди.

Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкнинг Фарғона вилоят бўлими фаолиятида ҳам бугун кўзга яққол ташланиб турган ҳолат хизмат кўрсатиш маданиятининг юқорилиги, ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчи ўртасида ички ҳамда ташқи бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг изчиллик билан амалга оширилаётганлигидир. Хусусан, аҳолининг бўш пул маблағларини банк депозитларига жалб этиш ва мижозларга пластик карточкалар орқали хизмат кўрсатиш борасида бир қатор ибратли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Маълумки, пластик карточкалар билан тўловларни амалга ошириш, яъни замонавий ҳамда қулай бўлган ҳисоб-китоб қилишнинг мазкур усули мижоз учун энг ўнғай тўлов воситаси ҳисобланади. Шунингдек, бу нақд пулга бўлган эҳтиёжни ҳам сезиларли даражада камайтиради. Мазкур йўналишда, яъни пластик карточкаларни эмиссия қилиш борасида ҳам Миллий банкнинг Фарғона вилоят бўлими ва унинг филиаллари самарали фаолият юритаётганини таъкидлаш ўринли. Жумладан, жорий йилнинг биринчи ярмида чиқарилган пластик карточкалар сони жорий йилнинг 1 август ҳолатига 112 383 тани ташкил этди. Пластик карточкалар учун савдо ва хизмат кўрсатувчи шохобчаларда ўрнатилган терминаллар миқдори эса 667 та бўлиб, улар узлуксиз ишлаб турибди. Мазкур йўналишда амалга оширилган пул айланмалари 23 374,5 млн. сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ҳам ушбу соҳадаги иш ривожидан далолат беради. Айни пайтда пластик карточкаларга хизмат кўрсатиш мақсадида Фарғона ва Қўқонда шаҳарларида 6 та банкоматлар ўрнатилган.

Пластик карточкалар орқали йўлга қўйилган “Иш ҳақи лойиҳалари” бўйича шартномалар сони айни пайтда 226 тани ташкил этади. Хусусан, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, “Фарғона иссиқлик манбаи”, вилоят ички ишлар бошқармаси, “Водийгазтаъминот” унитар корхонаси ва бошғалар билан тузилган шартномалар шулар жумласига киради. Бу табиийки, ўз ўрнида нақд пул айланмасини қисқартириш учун бир қатор қулай имкониятларни яратиб бермоқда.

Шунингдек, айни пайтда молиявий муассаса томонидан мазкур замонавий хизмат турини янада такомиллаштириш, одамларга янада қулайликлар яратишнинг самарали йўллари ҳам изланмоқда. Жумладан аҳоли гавжум жойларда ҳамда ташкилот ва корхоналар, мини банклар, махсус кассаларда ҳам ушбу йўналишда хизмат кўрсатиш ташкил этиляпти. Натижада жорий йил охиригача қишлоқ жойларида пластик карталар орқали нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада кенгайтириш кўзда тутилган. Бу Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили муносабати билан молия муассасаси режалаштирган дастурларда ҳам ўз ифодасини топган.

— Фаолиятимизда Президентимизнинг фармонлари ва ҳукуматимиз қарорлари дастуриламал вазифасини ўтаяпти, — дейди банкнинг вилоят бўлими бошқарувчиси Хушнудбек Маҳмудов. — Инвестиция лойиҳаларининг самарадорлигига эришиш, иқтисодиётнинг устувор йўналиши ҳисобланган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлар ва деҳқон-фермер хўжаликлари фаолиятига кўмаклашиш, аҳолининг бўш пул маблағларини банк депозитларига кенгроқ жалб этиш, бир сўз билан айтганда, мижозларимизга юксак даражали молиявий хизмат кўрсатиш асосий вазифаларимиз ҳисобланади. Биз мазкур йўналишда бундан кейин ҳам янада самарали иш олиб бораверамиз.

Ўрни келганда молиявий муассасанинг вилоят иқтисодиётидаги нуфузи анча юқорилигини ҳам қайд этмоқ жоиздир. Бу ерда 107 772 нафар мижозга хизмат кўрсатилаётганининг ўзи унинг ишончли ҳамкор сифатида эътироф этилаётганини англатади. Маълумки, Юртбошимизнинг “Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари” асарида банклар фаолиятининг энг муҳим йўналишлари бўйича қимматли тавсиялар берилган. Иқтисодиётимизда асосий ўрин тутадиган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни имкон қадар кўпроқ қўллаб-қувватлаш эса бу ўринда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳам Миллий банк Фарғона вилоят бўлимининг мазкур соҳани кредитлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги диққатга сазовордир.

Аҳолидан депозитларга жалб қиланаётган маблағлар ҳажмини кенгайтириш ва қолдиқлар миқдорининг камаймаслигини таъминлаб бориш мақсадида миллий валютада “Чаман”, “Ривоят”, “Шалола”, “Манзур”, “Хосият” ва “Болажон”, хорижий валютада “Тараққиёт”, “Фароғат”, “Абсолют”, “Шабнам” ва “Орзу” омонатлари жорий қилинган. Шу йилнинг 1 августидан бошлаб эса миллий валютадаги “Афзал”, “Фаввора” ва “Шуъла” каби янги омонат турлари ҳам муомалага киритилди. Улар мижозларга ўз маблаҒларини 2, 4 ва 15 ойлик муддатда йиллик даромадга нисбатан 21 дан 27 фоизгача кўпайтириб олиш имконини яратаётгани қувонарли ҳолат.

Миллий банкнинг Фарғона вилоят бўлими ва унинг шаҳар ҳамда туманлардаги филиалларида жисмоний шахслар учун халқаро пул ўтказмалари амалиёти бўйича ҳам қулай шарт-шароитлар яратилган. Айниқса, “Азия-Экспресс”, “Вестерн Юнион”, “Мигом”, “Контакт”, “Лидер” каби тизимлардан Ўзбекистон ҳудудига халқаро пул ўтказмалари тизими орқали келаётган ва шунингдек, республикамиз ҳудудидан четга жўнатилаётган АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар миқдори ҳам озмунча эмас. 2009 йилнинг 1 август ҳолатига, бу кўрсаткич 3.4 миллион долларни ташкил этган. Ана шундай кенг кўламли ва аҳоли учун энг қулай амалиёт жараёнларида банк ходимларининг юксак малакали хизмати яққол кўзга ташланади.

Мухтасар қилиб айтганда, бугун мазкур молиявий муассасада фуқароларга малакали ва сифатли хизмат кўрсатиш кўлами тобора кенгайиб бораётгани унинг молия бозорида ўз ўрни ва салоҳиятига эга бўлиб бораётганидан ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш йўлида дадил одим ташлаётганидан далолат бериб турибди. Буларнинг барчаси аввало, республикамизда Юртбошимиз раҳнамолигида кучли ижтимоий-иқтисодий сиёсат олиб борилаётгани, иқтисодиётнинг барча жабҳаларида изчил сиёсат амалга оширилаётгани ва бунинг учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратилаётгани натижасидир.

Солиҳ ҚАҲҲОР,

“Hurriyat” мухбири

 

Похожие новости
“Ўзсаноатқурилишбанк”нинг махсус бўлими очилди

09.09.2019

“Ўзсаноатқурилишбанк”нинг махсус бўлими очилди

Muvaffaqiyatli mikromoliyalash kaliti: yanada yaxshi natijalarga erishish uchun boshqarish san`ati

14.02.2011

Muvaffaqiyatli mikromoliyalash kaliti: yanada yaxshi natijalarga erishish uchun boshqarish san`ati

Муваффақиятли микромолиялаш калити: янада яхши натижаларга эришиш учун бошқариш санъати

11.02.2011

Муваффақиятли микромолиялаш калити: янада яхши натижаларга эришиш учун бошқариш санъати



Система Orphus