Банк тизими: устивор вазифалар белгилаб олинди

10.03.2010

Республика Марказий банкида банк тизимининг 2009 йилдаги фаолияти якунлари ҳамда мамлакатимиз Президенти И.А.Каримовнинг Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 29 январда ўтказилган йиғилишидаги дастурий маърузаларида банк тизими олдига қўйилган устувор вазифалар ижросига бағишланган кенгайтирилган Бошқарув мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисни Марказий банк раиси Файзулла Муллажонов бошқарди.

Қайд этилдики, 2009 йилда Марказий банк томонидан амалга оширилган қатъий пул-кредит сиёсати макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилди. Ҳукумат томонидан 2009-2012 йилларга мўлжаллаб қабул қилинган Инқирозга қарши комплекс чора-тадбирлар дастури республика банк-кредит тизимида инқироз таъсирини юмшатиш ва бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Айни пайтда иқтисодиётда инфляцион кутилмаларнинг олдини олиш мақсадида Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси ўзгартирилмасдан йиллик ҳисобда 14 фоиз даражасида ушлаб турилди.

Ушбу чора-тадбирлар истеъмол маҳсулотлари нархларига монетар омилларнинг таъсирини бартараф этди, инфляция даражаси эса прогноз кўрсаткичдан ошмади ва 7,4 фоизни ташкил қилди.

Ҳисобот йилида банк-кредит тизимининг барқарор ҳамда узлуксиз ишлашини таъминлаш, иқтисодиётнинг реал сектори тармоқлари ва корхоналари, айниқса кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида қатор тадбирлар амалга оширилди.

Сўнгги икки йилда тижорат банкларининг умумий капитали 2 баробар кўпайди ва бугунги кунда 3 трлн. сўмдан ошиб кетди.

Бу банклар капиталининг етарлилик даражасидан 23 фоиз, банклар мониторинги билан шуғулланадиган халқаро Базель қўмитаси томонидан белгиланган халқаро стандартлардан қарийб 3 баробар кўпдир.   

Ўзбекистон банк тизими халқаро талабларга жавоб берадиган қатор нормативлар бўйича мустаҳкам мавқега эга. Умумий активлари мамлакатимиз банк тизимининг 90 фоиздан ортиғини ташкил этадиган 14 та тижорат банки нуфузли халқаро рейтинг компаниялари - "Мoody's”, “Standard & Poor"s” ва “Fitch ratings”нинг «барқарорлик» деган юқори рейтинг баҳосини олишга муваффақ бўлди.

Банк активлари ҳисобот йилида 30 фоиздан ортиқ ўсиб, 15,7 трлн. сўмдан ошиб кетди. Мазкур кўрсаткич аҳоли ва юридик шахслар ҳисобрақамларидаги маблағлар миқдоридан 2 баробардан ҳам кўп бўлиб, бу уларнинг тўлиқ ҳимоясини ва тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилишини кафолатлайди.

Таъкидлаш ўринлики, банк тизимининг умумий жорий ликвидлиги банкларнинг ташқи тўловлар бўйича жорий мажбуриятларидан 10 баробар кўпдир. Бошқача айтганда, республика банк тизимининг мустаҳкам ҳимояси яратилган.

Айни пайтда банкларнинг кредит портфели салмоғи ва таркибида жиддий ўзгаришлар юз бермоқда. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози давом этаётганига қарамай банкларимиз томонидан иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини фаол қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилди. Жорий йил бошига келиб жами кредит қўйилмалари миқдори 8,5 трлн. сўмдан ошиб кетди. Банкларнинг инвестиция мақсадларига йўналтирилган кредитларининг умумий кредит портфелидаги улуши қарийб 70 фоизни ташкил этади. Мазкур кўрсаткич 2000 йилга нисбатан 14 баробар ошди.

 

Қайд қилиндики, паст рентабелли ва иқтисодий ночор корхоналарни тугатиш ва бу жараёнга тижорат банкларини жалб этишга қаратилган чора-тадбирлар корхоналарнинг молиявий барқарорлигини оширишда муҳим ўрин тутди. Тижорат банклари балансига ўтказилган 86 та иқтисодий ночор корхонанинг 70 тасида ишлаб чиқариш тўлиқ қайта тикланиб, истиқболли сармоядорларга сотилди, қолганларида эса молиявий соғломлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, банклар томонидан кўрсатилган ёрдам туфайли маҳсулот экспорт қилувчи корхоналар йил давомида барқарор фаолият кўрсатди ва мамлакатда экспорт ҳажмининг ошишига салмоқли ҳисса қўшди.

Банклар томонидан кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорликнинг фаол молиявий қўллаб-қувватланиши уларнинг мамлакат иқтисодий ўсишидаги аҳамиятини тобора оширмоқда. Ўтган йили тижорат банклари томонидан мазкур соҳага ажратилган кредитлар миқдори 2008 йилга нисбатан 48 фоиз ошиб, 1,85 трлн. сўмни ташкил этди.

Мажлисда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерликни ривожлантиришни молиялашда банкларнинг ролини кучайтириш бўйича ишларни давом эттириш зарурлиги таъкидланди. Мазкур соҳага жорий йилда 2009 йилга нисбатан кредит ресурслари миқдорини 1,4 баробар кўпайтириш, микрокредитлар ҳажмини 1,3 баробар ошириш вазифаси қўйилди.

Ҳисобот йилида фуқароларнинг банклардаги омонатлари ҳажми ўсиб бориши тенденцияси сақланиб қолди. Йил давомида аҳоли омонатлари миқдори 1,7 баробар ўсиши фуқароларнинг банк тизимига бўлган ишончи тобора ошиб бораётганидан далолат беради. Жалб этилган маблағлар 2009 йилда тижорат банклари жами кредит портфелининг 84 фоизини ички манбалар ҳисобидан шаклланишига замин яратди.

Мажлисда бундан кейин тижорат банклари фаолиятини баҳолаш мезонлари ўзгартирилиши таъкидланди. Эндиликда уларнинг иши узоқ муддатли кредит қўйилмалари улушининг ўсиши ва бунинг учун ички манбаларни жалб этишига қараб баҳоланади. Бинобарин, ҳар бир тижорат банки янги хизмат турларини жорий этиш, аҳоли ва хўжалик субъектларининг бўш пул маблағларини банкларнинг узоқ муддатли депозитларига жалб этишни камида 30 фоиз кўпайтириши, иқтисодиётга киритиладиган узоқ муддатли кредит қўйилмалари улушини ички манбалар ҳисобидан ошириш учун барча чораларни кўриши вазифа қилиб қўйилди. Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун назоратни кучайтириш, раҳбар кадрлар масъулиятини ошириш бўйича қатъий талаблар қўйилди.

Шу билан бирга, мажлисда мавжуд ички имкониятлардан тўлиқ фойдаланмаётган айрим тижорат банклари фаолияти танқид қилинди.

Йиғилишда жорий йилда банк тизимини ривожлантиришнинг устивор вазифалари белгилаб олинди. Хусусан, банкларнинг барқарорлигини таъминлаш, уларнинг капиталлашуви ва инвестициявий фаоллигини янада ошириш, иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларнинг устивор йўналишларини қайта тиклаш ва кенгайтириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик янгилашга қаратилган кредитлаш ҳажмини ошириш борасида жорий йилда амалга тадбиқ этилиши лозим бўлган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

2010 йил тижорат банклари учун йирик инвестиция институтларига айланиш йили бўлиб қолиши алоҳида таъкидланди.

Похожие новости
“Ўзсаноатқурилишбанк”нинг махсус бўлими очилди

09.09.2019

“Ўзсаноатқурилишбанк”нинг махсус бўлими очилди

Muvaffaqiyatli mikromoliyalash kaliti: yanada yaxshi natijalarga erishish uchun boshqarish san`ati

14.02.2011

Muvaffaqiyatli mikromoliyalash kaliti: yanada yaxshi natijalarga erishish uchun boshqarish san`ati

Муваффақиятли микромолиялаш калити: янада яхши натижаларга эришиш учун бошқариш санъати

11.02.2011

Муваффақиятли микромолиялаш калити: янада яхши натижаларга эришиш учун бошқариш санъати



Система Orphus