Кредит уюшмалари, микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар томонидан касса операцияларини амалга ошириш қоидалари

19.03.2008
Муқаддима
I. Умумий қоидалар
II. Нақд пулларни қабул қилиш ва бериш ҳамда касса ҳужжатларини расмийлаштириш тартиби

III. Касса дафтарини юритиш ва пулларни сақлаш тартиби

IV. Кассада пуллар ва бошқа қимматликларни сақлаш

V. Гаровга қўйилган ашёларни ломбард томонидан сақлаш хусусиятлари

VI. Кассани тафтиш қилиш ва касса интизомига риоя этилишини назорат қилиш

1-илова. Кассадаги нақд пул қолдиғи лимитларини, нақд пул тушумларини топшириш тартиби ва муддатларини белгилаш учун Ҳисоб-китоб

2-илова. Пул маблағларини сақлаш ва ташиш пайтида уларнинг бутлигини таъминлаш бўйича Тавсиялар

3-илова. Мавжуд нақд пулларни мавжудлигини текшириш Далолатномаси

Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Кредит уюшмалари тўғрисида"ги, "Микрокредит ташкилотлари тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 17 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ломбардларни рўйхатдан ўтказиш ва улар фаолиятини лицензиялаш масалалари тўғрисида"ги 402-сон қарорига мувофиқ (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 17-18-сон, 149-модда) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган кредит уюшмалари, микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар (кейинги ўринларда - нобанк кредит ташкилотлари) томонидан касса операцияларни амалга ошириш, нақд пулларни ва бойликларни сақлаш тартибини белгилайди.

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Барча нобанк кредит ташкилотлари ўз пул маблағларини банкларда сақлашлари шарт.
2. Нобанк кредит ташкилотлари ва юридик шахслар ўртасида ҳисоб-китоблар нақд пулсиз тартибда банклар орқали амалга оширилади.
3. Нобанк кредит ташкилотлари томонидан банклардан олинган нақд пуллар улар қандай мақсадлар учун олинган бўлса, фақат ўша мақсад учунгина сарфланади.
Нобанк кредит ташкилотлари ўз кассасида нақд пулларни кассадаги нақд пул қолдиғининг белгиланган лимити доирасида сақлашлари мумкин. Кассалардаги нақд пуллар қолдиғи лимитлари уларнинг талаб қилиб олингунча асосий депозит ҳисобварақларига хизмат кўрсатувчи банклар томонидан ушбу нобанк кредит ташкилотлари раҳбарлари билан ҳар йили келишилган тартибда белгиланади. Зарур бўлган ҳолларда кўрсатилган лимитлар қайта кўриб чиқилиши мумкин.
4. Нобанк кредит ташкилотлари кассадаги нақд пуллар қолдиғининг лимитини аниқлаш мақсадида унга хизмат кўрсатувчи банкка 1-иловага мувофиқ кассасидаги нақд пул қолдиғи лимитларини белгилаш учун ҳисоб-китоб тақдим этади.
Кассадаги лимит қолдиғи ҳисоб-китобини ўрнатилган тартибда тақдим этмаган нобанк кредит ташкилотларининг касса қолдиғи лимити нолга тенг, банкка топширилмаган кассадаги нақд пул маблағлари эса лимитдан ортиқ деб ҳисобланади.
Нобанк кредит ташкилотларининг кассасидаги нақд пуллар қолдиғининг лимити хизмат кўрсатувчи банк томонидан унинг кейинги кун давомидаги нормал иш фаолиятини ташкил этиш учун етарли миқдорда ўрнатилади.
5. Кассасидаги нақд пуллар нобанк кредит ташкилотлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда молиявий ва бошқа хизматларни кўрсатиш учун ишлатилади.
6. Нобанк кредит ташкилотлари кассадаги нақд пул қолдиғининг белгиланган лимитидан ортиқча бўлган қисмини банк билан келишилган тартибда ва муддатларда ўз банк ҳисобварақларига киритиш учун банкка топширишлари шарт.
Нақд пуллар банкларнинг кундузги ва кечки кассаларига инкассаторлар орқали топширилиши лозим.
7. Нобанк кредит ташкилотлари ўз кассаларида белгиланган лимитлардан ортиқча нақд пулни фақат иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар тўлаш учун, банкдан олинган кунни қўшиб ҳисоблаган ҳолда 3 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддат мобайнида сақлаш ҳуқуқига эгалар.
8. Хизмат сафарлари билан боғлиқ харажатлар учун, шунингдек бошқа майда хўжалик харажатларига нақд пул бериш хизмат сафарларига юборилаётган шахсларга қонун ҳужжатларига мувофиқ шу мақсадлар учун берилиши лозим бўлган миқдорда, кейин ҳисобот бериш шарти билан амалга оширилади.
Кейин ҳисобот бериш шарти билан берилган нақд пулларнинг сарфланмаган қисми уларга берилган муддат тугаганидан кейин 3 кундан кечиктирилмасдан нобанк кредит ташкилотлари кассасига қайтарилиши шарт.
Ҳисобот бериш шарти билан нақд пулни олган шахслар нобанк кредит ташкилотларининг бухгалтериясига сарфланган сумма тўғрисида ҳисобот беришлари зарур. Ушбу шахслар кейин ҳисобот бериш шарти билан бериладиган нақд пул фақат олдинги ҳисобот бериш шарти билан берилган суммалар бўйича мазкур шахслар томонидан тўлиқ ҳисобот берилганидан кейин амалга оширилади.
9. Нақд пулни қабул қилиш ва топшириш бўйича касса операциялари қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланган бирламчи ҳисоб ҳужжат шакллари билан расмийлаштирилади.
II. НАҚД ПУЛЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА БЕРИШ ҲАМДА КАССА ҲУЖЖАТЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ

10. Нақд пулларни қабул қилиш пайтида нобанк кредит ташкилотларининг кассири сўмнинг тўловга яроқлилик белгиларини аниқлашда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан тасдиқланган "Юридик шахслар томонидан касса операцияларини юритиш қоидалари"нинг (1998 йил 18 декабрь, рўйхат рақами 565) 1-иловасига амал қилиши шарт.
Нобанк кредит ташкилоти кассаси нақд пулларни нақд пулни кирим қилиш учун асос бўлиб хизмат қиладиган, яъни ушбу нобанк кредит ташкилоти раҳбари, бош бухгалтери (агар бухгалтер мавжуд бўлса) томонидан рухсат имзоси қўйилган ҳужжатлар илова қилинган кирим касса ордерлари бўйича қабул қилади.
Нақд пуллар қабул қилинганда нобанк кредит ташкилоти раҳбари, бош бухгалтери (агар бухгалтер мавжуд бўлса) томонидан имзоланган, кассир муҳри (штампи) қўйилган ёки касса аппаратининг изи (оттиски) туширилган квитанция берилади.


11. Нобанк кредит ташкилотларининг кассасидан нақд пулларни бошқа хўжалик юритувчи субъектлар эҳтиёжлари учун берилишига йўл қўйилмайди.


12. Нобанк кредит ташкилотларининг кассасидан нақд пулларни бир марталик берилиши чиқим касса ордерлари орқали амалга оширилади. Ушбу чиқим касса ордерлари нобанк кредит ташкилотининг раҳбари ва бош бухгалтери (агар бухгалтер мавжуд бўлса) томонидан имзоланиши шарт.


13. Чиқим касса ордери бўйича пул бериш пайтида кассир пул олувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатни* кўрсатишни талаб қилади, ҳужжатнинг номи ва рақамини, ким томонидан ва қачон берилганлигини ёзиб қўяди ва пул олувчидан имзосини қўйдиради.

Нобанк кредит ташкилотларида унинг ходимларига пул берилиши мазкур нобанк кредит ташкилоти томонидан берилган гувоҳнома бўйича, унда эгасининг сурати

мавжуд бўлган ҳолда, амалга оширилиши мумкин.

Пул олинганлиги тўғрисидаги тилхат фақат олувчи дастхати билан бинафша, кўк ёки қора сиёҳли шарикли ручкада олинган сумма: ______ сўм (сўзлар билан), ______ тийин (рақамлар билан) кўрсатилган ҳолдагина ёзилиши мумкин.


14. Кассир пулларни фақат чиқим касса ордерида ёки ишончномада кўрсатилган шахсга беради. Агар пуллар белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома бўйича берилса, ордер матнида пул олувчининг фамилияси, исми ва отасининг исмидан кейин бухгалтерия томонидан пул олишига ишончнома берилган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилади. Агар пул қайднома бўйича берилса, пул олинганлиги ҳақидаги имзодан олдин кассир "Ишончнома бўйича" деб ёзиб қўяди.

Ишончнома бўйича нақд пулларни фақат иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсия ва нафақалар тўлови, шунингдек жисмоний шахсларга депозитларини беришга рухсат этилади.


15. Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар кассир томонидан тўлов қайдномалари бўйича ҳар бир пул олувчига чиқим касса ордери тузилмасдан амалга оширилади.

Тўлов қайдномасининг сарварағи (титул варағи)да пул беришга рухсат этилганлиги тўғрисида, пул бериш муддатлари ва суммаси ёзув билан кўрсатилган ҳамда нобанк кредит ташкилоти раҳбари ва бош бухгалтерининг (агар бухгалтер мавжуд бўлса) имзолари қўйилган ҳолда, рухсат ёзуви амалга оширилади.


16. Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни тўлаш учун 8-бандида белгиланган муддат тугагандан кейин кассир қуйидагиларни амалга ошириши шарт:

тўлов қайдномасида иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни тўлаш амалга оширилмаган шахсларнинг фамилияси қаршисига "Депонентланди" деган штамп қўйиши ёки қўлда ёзиб қўйиши;

депонентланган суммалар реестрини тузиши;

қайднома охирида иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни амалда тўланган суммаси ҳамда уларнинг олинмаган суммаси, депонентга ўтказилиши лозим бўлган суммани ёзиб қўйиши, ушбу суммаларни тўлов қайдномаси бўйича жами сумма билан солиштириши ва ёзувни ўз имзоси билан тасдиқлаши;

касса дафтарига амалда тўланган суммани ёзиши ва қайдномага "….-сонли чиқим касса ордери" штампини қўйиши шарт.

Бухгалтерия тўлов қайдномаларида кассир томонидан қайд қилинган ёзувларни текширади ва улар бўйича берилган ҳамда депонентга ўтказилган суммаларни жамлаб чиқади.

Депонентга ўтказилган суммалар банкка топширилади ва топширилган суммаларга битта умумий чиқим касса ордери тузилади.


17. Кирим касса ордерлари ва уларнинг квитанциялари, шунингдек чиқим касса ордерлари бухгалтерия томонидан бинафша, кўк ёки қора шарикли ручка билан ёки ёзув машинкасида (компьютерда) аниқ ва равшан ёзилиб тўлдирилиши шарт. Ушбу ҳужжатларда устидан ўчириб ёзишга, тузатишлар киритишга, изоҳ берилган ҳолда

ҳам йўл қўйилмайди.

Кирим ва чиқим касса ордерларида уларни тузиш учун асос кўрсатилади ва уларга илова қилинган ҳужжатлар санаб ўтилади.

Кирим ва чиқим касса ордерларини пул топшираётган ёки олаётган шахслар қўлига бериш тақиқланади.

Пулларни касса ордерлари бўйича қабул қилиш ва топшириш фақат улар тузилган куни амалга оширилиши мумкин.


18. Кирим ва чиқим касса ордерлари ёки уларнинг ўрнини босувчи ҳужжатларни олиш вақтида кассир қуйидагиларни текшириши шарт:

ҳужжатларда бош бухгалтер имзоси мавжудлиги ва унинг ҳақиқийлигини, чиқим касса ордерида нобанк кредит ташкилоти раҳбарининг рухсат берганлиги тўғрисида имзоси мавжудлигини;

ҳужжатлар тўғри расмийлаштирилганлигини;

ҳужжатларда санаб ўтилган иловаларнинг мавжудлигини.

Ушбу талабларнинг бирортасига риоя қилинмаган тақдирда кассир ҳужжатларни тегишли равишда расмийлаштириш учун бухгалтерияга қайтаради.

Кирим ва чиқим касса ордерлари, улар асосида пул олингани ёки берилганидан кейин, дарҳол кассир томонидан имзоланади, уларга илова қилинган ҳужжатлар устига санаси (кун, ой, йил) кўрсатилган ҳолда, "Тўланди" деган штамп босилади ёки шундай ёзув қайд этилади.


19. Кирим ва чиқим касса ордерлари кассага топширилгунига қадар бухгалтерия томонидан кирим ва чиқим касса ордерларини қайд этиш журналида рўйхатга олинади. Иш ҳақини тўловига доир тўлов қайдномаларига расмийлаштирилган чиқим касса ордерлари у берилгандан кейин рўйхатга олинади.
III. КАССА ДАФТАРИНИ ЮРИТИШ ВА ПУЛЛАРНИ САҚЛАШ ТАРТИБИ


20. Нобанк кредит ташкилотларининг барча тушумлари ва нақд пуллар берилиши касса дафтарида ҳисобга олинади.


21. Касса дафтарининг варақлари рақамланган, тикилган бўлиши лозим. Касса дафтаридаги варақлар сони нобанк кредит ташкилоти раҳбари ва бош бухгалтернинг (агар бухгалтер мавжуд бўлса) имзолари билан тасдиқланади.

Касса дафтарида ўчириб-ёзиш ва изоҳсиз тузатишлар қилиш ман этилади. Қилинган тузатишлар кассир, шунингдек нобанк кредит ташкилоти раҳбари ва бош бухгалтери (агар бухгалтер мавжуд бўлса) имзолари билан тасдиқланади.


22. Ҳар бир ордер ёки унинг ўрнига ўтадиган бошқа ҳужжат бўйича пул берилганидан ёки пул олингандан кейин кассир томонидан дарҳол касса дафтарига ёзиб қўйилади. Ҳар куни, иш куни охирида кассир кун давомидаги операциялар якунини ҳисоблайди, кейинги кунга кассадаги пуллар қолдиғини ҳисоблаб чиқаради ва бухгалтерияга кассир ҳисоботи сифатида йиртиб олинган иккинчи варақни (касса

дафтаридаги бир кунлик ёзувлар нусхасини) кирим ва чиқим касса ҳужжатлари билан биргаликда касса дафтарига имзо чектириб топширади.


23. Касса дафтари тўғри юритилишини назорат этиш нобанк кредит ташкилоти раҳбари, бош бухгалтер (агар бухгалтер мавжуд бўлса) зиммасига юкланади.


24. Тўлов қайдномасида ёки чиқим касса ордерида олувчининг имзоси билан тасдиқланмаган ҳолда кассадан берилган пул кассада нақд пуллар қолдиғини ҳисоблашда эътиборга олинмайди. Ушбу сумма камомад ҳисобланади ва кассирдан ундириб олинади. Кассадаги кирим касса ордерлари билан тасдиқланмаган нақд пуллар кассадаги ортиқча пул ҳисобланади ва нобанк кредит ташкилотларининг даромадига киритилади.


IV. КАССАДА ПУЛЛАР ВА БОШҚА ҚИММАТЛИКЛАРНИ САҚЛАШ


25. Ҳар бир нобанк кредит ташкилоти нақд пуллар билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун ўз кассасига эга бўлиши лозим. Нақд пулларни қабул қилиш, бериш ҳамда вақтинчалик сақлаш, шунингдек бошқа қимматликларни вақтинчалик сақлаш учун мўлжалланиб, алоҳида ажратилган ҳамда махсус жиҳозланган хона касса деб аталади.


26. Нобанк кредит ташкилотларининг касса хоналари "Юридик шахслар томонидан касса операцияларини юритиш қоидалари"нинг (1998 йил 18 декабрь, рўйхат рақами 565) 3-иловасига мувофиқ техник жиҳатдан мустаҳкамланиши ва қўриқлаш - ёнғиндан сақлаш сигнализация воситалари билан жиҳозланиши лозим.

Нобанк кредит ташкилотларининг раҳбарлари кассани тегишли равишда жиҳозланиши ва пулларнинг касса хонасида сақланишини, шунингдек, уларни банкдан олиб етказиб беришда ҳамда банкка топширишда пулларни бут сақланишини таъминлашлари шарт. Раҳбарларнинг айби билан пул маблағларини сақлаш ва ташиш вақтида пулларининг бут сақланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилмаган ҳолларда, улар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

Пул маблағларини сақлаш ва ташиш пайтида уларнинг бут сақланишини таъминлаш юзасидан тавсиялар 2-иловада келтирилган.


27. Барча нақд пуллар нобанк кредит ташкилотларида ёнмайдиган сейфларда сақланади, улар касса иши тугаганидан кейин калит билан қулфланади ва кассирнинг сурғучли муҳри билан муҳрланади. Сейф калитлари ва муҳрлар кассирлар (кассир)да сақланади ва уларни шартланган жойларда қолдириш, бегона шахсларга бериш ёки ҳисобда турмаган дубликатларини тайёрлаш тақиқланади. Сейфлар ва металл жавонлар турган хоналарнинг эшигини очиқ қолдириш, шунингдек ушбу сейфлар ва жавонлар эшигида калитларни қолдириш қатъиян ман этилади.

Калитларнинг ҳисобга олинган дубликатлари кассирлар томонидан сурғучланган халталарда нобанк кредит ташкилотларнинг раҳбарларида сақланади. Камида ҳар

чоракда бир марта уларнинг назорат текшируви ўтказилади. Калит йўқолгани аниқланган ҳолларда нобанк кредит ташкилоти раҳбари ички ишлар органларига бу ҳақда хабар беради ва зудлик билан сейфларнинг қулфини алмаштириш учун чоралар кўради.

Мазкур нобанк кредит ташкилотига тегишли бўлмаган нақд пуллар ва бошқа бойликларни кассада сақлаш тақиқланади.


28. Касса хонасини ва сейфни очишдан олдин кассир қулфлар, эшиклар, дераза панжаралари ва муҳрлар бутлигини кўздан кечириши, қўриқлаш сигнализациясининг соз ҳолатда эканлигини текшириб, бунга ишонч ҳосил қилиши шарт.

Муҳрнинг йўқлиги ёки шикастланганлиги, қулф, эшик ёки панжаралар шикастланганлиги ҳолларида кассир зудлик билан бу ҳақда нобанк кредит ташкилоти раҳбарини хабардор қилиши лозим, раҳбар эса содир бўлган воқеа тўғрисида ички ишлар органларига хабар беради ва ушбу орган ходимлари етиб келгунга қадар кассани қўриқлаш чораларини кўради.

Бундай ҳолларда нобанк кредит ташкилоти раҳбари, бош бухгалтери (агар бухгалтер мавжуд бўлса) ҳамда кассир ички ишлар органининг рухсатини олганидан сўнг, кассада сақланаётган пул маблағлари ва бошқа қимматликлар мавжудлигини текширади. Ушбу текширув касса операциялари бошлангунга қадар амалга оширилиши лозим. Текширув натижалари тўғрисида 3 нусхада далолатнома тузилади ва у текширувда қатнашган барча шахслар томонидан имзоланади. Далолатноманинг биринчи нусхаси - ички ишлар органларига, иккинчи нусхаси - юқори нобанк кредит ташкилотига (агар у мавжуд бўлса) юборилади, учинчи нусхаси эса нобанк кредит ташкилотининг ўзида қолади.


29. Моддий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, кассир ўзи қабул қилиб олган барча қимматликларнинг бут сақланиши учун ҳамда нобанк кредит ташкилотига ўзининг қасддан қилинган ҳаракатлари, шунингдек ўз вазифаларига масъулиятсизлик билан қараши натижасида етказилган зарар учун тўла моддий жавобгар ҳисобланади.


30. Кассирнинг ишга тайинланганлиги тўғрисида буйруқ чиқарилганидан кейин, нобанк кредит ташкилоти раҳбари кассирни Касса операцияларини юритиш қоидалари билан унга имзо чектирган ҳолда таништириши лозим. Шундан кейин кассир билан унинг тўлиқ моддий жавобгарлиги тўғрисида шартнома тузилади.


31. Кассирга ўзига топширилган ишни бошқа шахсларга ишониб топшириш ман этилади.


32. Кассир битта бўлган нобанк кредит ташкилотларда, у вақтинча алмаштирилиши зарур бўлган ҳолларда, кассир вазифасини бажариш нобанк кредит ташкилоти раҳбарининг буйруғи билан бошқа ходим зиммасига юкланади. Бу ходим билан 30-бандда кўзда тутилган шартнома тузилади.

Кассир ўз иш жойини тўсатдан қолдирган (касал бўлиши ва б.) ҳолларда унинг ҳисобидаги қимматликлар дарҳол нобанк кредит ташкилоти раҳбари ва бош бухгалтери (агар бухгалтер мавжуд бўлса) иштирокида ёки нобанк кредит ташкилоти

раҳбари тайинланган шахслардан таркиб топган комиссиянинг иштирокида бошқа кассир томонидан қайта саналади ва унга ушбу қимматликлар топширилади. Қимматликларни қайта санаш ва топшириш натижалари тўғрисида далолатнома тузилади ва унга юқорида кўрсатилган шахслар имзо чекади.



V. ГАРОВГА ҚЎЙИЛГАН АШЁЛАРНИ ЛОМБАРД ТОМОНИДАН САҚЛАШ ХУСУСИЯТЛАРИ


33. Ломбардда гаровга олинган ашёларни сақлаш, уларнинг бут сақланишини таъминлаш, уларга зарарли таъсир кўрсатилиши ҳамда бегона шахслар киришини истисно этадиган шарт-шароитлар таъминланган бўлиши лозим.


34. Гаровга қўйилган ашёларни сақлаш жойларида бошқа ашёларни сақлашга йўл қўйилмайди.


35. Ломбардлар, кассадан ташқари, ломбард томонидан гаровга олинган ашёларни сақлаш учун алоҳида хонага эга бўлиши керак.


36. Ушбу хонада дераза ўринлари бўлмаслиги ва хона мазкур Қоидалар талабларига жавоб бериши лозим.



VI. КАССАНИ ТАФТИШ ҚИЛИШ ВА КАССА ИНТИЗОМИГА РИОЯ ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


37. Нобанк кредит ташкилоти раҳбари томонидан белгиланган муддатларда, лекин камида ҳар чоракда бир марта, касса тўсатдан тафтиш қилиниб, кассадаги барча пуллар бирма-бир саналади ва бошқа қимматликлар текширилади. Кассада тафтиш ўтказиш учун нобанк кредит ташкилоти раҳбарининг буйруғи билан комиссия тайинланади. Мазкур комиссия тафтиш ўтказиб, бу тўғрида далолатнома тузади. Тафтиш натижасида кассадаги бойликлар кам ёки ортиқча чиққанлиги аниқланса, камомад ёки ортиқча сумма миқдори ва улар вужудга келган вазиятлар далолатномада кўрсатилади.

Пул маблағлари мавжудлигини текшириш далолатномасининг намунавий шакли 3-иловада келтирилган.


38. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки нобанк кредит ташкилотлари томонидан ушбу Қоидалар талабларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширадилар.

Мазкур Қоидалар талаблари бузилганлиги аниқланганда нобанк кредит ташкилотлари раҳбаридан аниқланган қоидабузарлик ва камчиликларни белгиланган муддатда бартараф этилиши талаб қилинади.


39. Касса интизомининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун

ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

Касса интизомига риоя этиш учун жавобгарлик нобанк кредит ташкилотлари зиммасига юкланади.
Похожие новости
Кредит уюшмалари Ассотсиатсияси аъзолари мумий йиғилиши бўлиб ўтди.

22.01.2009

Кредит уюшмалари Ассотсиатсияси аъзолари мумий йиғилиши бўлиб ўтди.

Янги кредит уюшмалари очилди

17.12.2008

Янги кредит уюшмалари очилди

Кредит бюролари: истиқболлар ва ривожланиш йўллари

28.04.2008

Кредит бюролари: истиқболлар ва ривожланиш йўллари



Система Orphus