Аҳоли омонатлари кафолатининг янги даври

08.01.2009
Мамлакатимизда аҳолининг қўшимча даромад манбаига эга бўлишини таъминловчи омонатлар тизимини такомиллаштиришга алоҳида аҳамият қаратилиб, бу йўлда мустаҳкам ҳуқуқий база шакллантирилмоқда. Хусусан, 2008 йил 28 ноябрда мамлакатимиз Президентининг «Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида фуқаролар омонатларини ҳимоялаш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4057-сонли Фармонининг қабул қилингани бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиши ва аҳоли ҳамда банк ўртасидаги муносабатларнинг янада мустаҳкамланишига замин яратиши шубҳасиз.

Чунки, ушбу Фармонда мамлакатимизда фуқароларнинг банклардаги омонатлари «Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат томонидан ҳимоялангани ва қонунчиликка мувофиқ аҳоли омонатларини тўлаб бериш ишончли кафолатлангани қайд этилган.

Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди директори ўринбосари Нодир Аббосов билан қилган суҳбатимиз айнан ушбу Фармондан келиб чиқадиган мақсад ва вазифалар ҳамда улар орқали омонатчилар учун яратилаётган имкониятлар хусусида бўлди.


- Нодир Иззатуллаевич аввало айтингчи, Президентимиз Фармони асосида аҳолининг тижорат банкларидаги омонатларини кафолатлаш тартибига қандай ўзгартиришлар киритилди?

- Саволингизга жавоб беришдан аввал шуни таъкидлашни жоиз биламанки, амалдаги қонунда аҳолининг банклардаги омонатларини қоплаш суммаси энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз эллик баробари миқдоригача этиб чегаралаб қўйилган эди. Республикамиз Президентининг Фармони билан ушбу чегара олиб ташланди ва фуқароларнинг тижорат банклари депозит ҳисобварақларидаги омонатлари ҳажмидан қатъий назар тўлиқ миқдорда тўлаб берилишини кафолатлаш тартиби ўрнатилди.

Фуқароларнинг омонатларини тўлиқ тўлаб бериш тижорат банклари ва тижорат банклари томонидан тўланадиган бадаллар ва ажратмалар ҳисобидан шаклланган Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланди.

- Фармоннинг ижросини таъминлаш борасида қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?



- Фармон ижросини ҳаётга татбиқ этиш йўлида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2008 йилнинг 7 декабрида республикадаги барча банклар ва уларнинг филиаллари ходимлари иштирокида ўқув семинари ташкил этди.

Шу билан бирга Фармондан келиб чиққан ҳолда, тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда «Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10- моддасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида Қонун лойиҳаси тайёрланди ва Вазирлар Маҳкамаси орқали Олий Мажлиснинг қуйи палатасига тақдим этилди.

2008 йил 18 декабрда Олий Мажлиснинг қонунчилик палатаси йиғилишида ушбу қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, қабул қилинди. Эндиликда Қонунни маъқуллаш учун Олий Мажлиснинг Сенатига тақдим этилган.

- Фармондан кўзланган мақсад нималардан иборат?

- Президентимизнинг Фармони мамлакатимиз аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш ва жаҳон молиявий инқирозининг эҳтимол тутилган салбий асоратларидан ишончли сақлашга, аҳолини банкларга бўлган ишончини янада оширишга ва аҳоли омонатларини банкларга жалб қилиш учун қўшимча шарт-шароит яратишга қаратилган.

Айтиш ўринлики, бугунги кунда Фондга 29 тижорат банки аъзо бўлиб, улардаги Ўзбекистон фуқароларининг, чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг омонатлари тўлиқ ҳажмда кафолатланиши алоҳида эътиборга молик.

- Тижорат банкидан фаолиятни юритиш бўйича лицензия олиб қўйилганда аҳолининг омонатга қўйилган маблағини қоплаш ва тўлаб бериш тартибини муштарийларимизга яна бир бор эслатиб ўтсангиз.

- Фуқароларнинг банклардаги омонатлари бўйича ҳақ тўлаш мақсадида банкнинг тугатиш комиссияси лицензия чақириб олинган кундан эътиборан икки ой мобайнида кредиторларни аниқлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг мажбурий захиралари фондига депозитга қўйилган дебиторлик қарзлари ва маблағларини олиш чораларини кўради. Мазкур маблағлар биринчи навбатда тугатилаётган банкнинг фуқаролар омонатлари бўйича қарзларини тўлашга йўналтирилади.

Ушбу муддат тугаганидан сўнг, банкнинг тугатиш комиссияси ўн кунлик муддат ичида Фондга қуйидагиларни тақдим этиши шарт:
тасдиқланган оралиқ тугатиш баланси;
тугатилаётган банк мол-мулкининг таркиби тўғрисидаги маълумот;
кредиторлар томонидан тақдим этилган талаблар рўйхати;
фуқаролар омонатларининг миқдорларини тасдиқловчи маълумот;
фуқароларнинг омонатлари бўйича ҳақ тўлаш учун Фондга зарур бўладиган пул маблағларининг ҳисоби.

Фонд оралиқ тугатиш балансини олган кундан бошлаб уч кунлик муддат ичида фуқароларнинг банклардаги омонатлари бўйича ҳақ тўлаш тартиби ва муддатлари тўғрисидаги хабарни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.

Фуқароларнинг банклардаги омонатлари бўйича ҳақ тўлашни Фонд оммавий ахборот воситаларида хабар эълон қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида бошлаши шарт. Ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг розилиги билан Фонд белгилайдиган банк (агент банк) томонидан амалга оширилади. Омонатчилар агент банкка ўз омонатлари бўйича ҳақ олиш учун мурожаат қилганларида агент банк мазкур ҳақни омонатчи ўзининг омонати борлигини ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатган тақдирда тўлаши шарт.

Фуқароларнинг банклардаги омонатлари бўйича ҳақ тегишли ҳужжатлар кўрсатилган тақдирда омонатчиларнинг қонуний вакилларига ёки уларнинг ҳуқуқий ворисларига ҳам тўланади.

Фуқароларнинг банклардаги чет эл валютасидаги омонатлари бўйича ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган, лицензия чақириб олинган кунги курс бўйича миллий валютада амалга оширилади.

Бобур САТТОРОВ
суҳбатлашди.

«Банк аборотномаси»



Похожие новости
ЕТТБ Ўзбекистондаги етакчи кабель ишлаб чиқарувчи корхонани кенгайишини қўллаб-қувватлайди

03.03.2009

ЕТТБ Ўзбекистондаги етакчи кабель ишлаб чиқарувчи корхонани кенгайишини қўллаб-қувватлайди

Ўзбекистон Миллий банки: ҳар бир мижоз манфаати учун

18.02.2009

Ўзбекистон Миллий банки: ҳар бир мижоз манфаати учун

Кичик банкнинг катта имконияти

08.01.2009

Кичик банкнинг катта имконияти



Система Orphus