Пластик карточкалар билан ҳисоб-китоб қилиш, микрокредит ва микролизинг каби янги хизмат ва омонат турларининг жорий этилиши аҳолининг банкларга бўлган ишончини ошириш баробарида, банк билан мижоз ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаётир. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 20 февралда қабул қилинган “Тижорат банкларида аҳоли омонатлари шартларини либераллаштириш ва кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борада дастуриламал бўлмоқда. - Ушбу ҳужжат банкка мурожаат этувчи ҳар бир шахснинг хоҳиш-истагини тўла қаноатлантириш йўлида янада кенгроқ имкониятлар очди, - дейди давлат акциядорлик-тижорат “Асака” банки бошқаруви раиси ўринбосари Зокир Холмаҳмадов. - Хусусан, 2008 йил 1 апрелдан 2009 йил 1 апрелгача бўлган даврда банклар Ўзбекистон Республикаси резидентлари - жисмоний шахслардан депозит ҳисобварақларга, жумладан, тақдим этувчининг депозитларига нақд пул шаклида қўйилган ёки ўзларининг хорижий банклардаги шахсий ҳисобварақларидан ўтказилган миллий ва хорижий валютадаги пул маблағларини омонатларнинг миқдорини чекламаган ва уларнинг келиб чиқиш манбаларини тасдиқлайдиган ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда қабул қилади. Бу маблағлар солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан озод қилинади. Бугунги кунда банкимизда аҳолининг омонат маблағлари 79 миллиард сўмга, омонатчилар сони эса 282 мингдан зиёд кишига етди. Бу кўрсаткич, 2007 йил январ ойи ҳолатига таққослаганда, аҳолининг омонат маблағлари 25,1 миллиард сўмга, мижозлар сони 54 мингга ошганидан далолат беради. Демак, фуқароларнинг банкларга ишончи ортмоқда. Ўз бўш пул маблағларини банкларда сақлаётган ва эвазига қўшимча даромад олаётганлар тобора кўпаймоқда. Уларнинг банкдаги маблағлари зарурат бўлганида ўз вақтида қайтарилиши ва уларга тўланадиган фоизларнинг барқарорлиги, банкдаги пул маблағлари билан боғлиқ барча маълумотлар сир сақланиши кафолатланган. Бунга қатъий амал қилаётган “Асака” банки ҳам ўз мижозларига кўплаб омонат турларини таклиф этмоқда. Номи қайд этилган Фармонга асосан яна бешта янги омонат тури жорий этилди. Улар миллий валютадаги 3,5 ва 9 ойлик “Қалдирғоч”, “Бахтли аёл”, “Тақдим этувчига” ҳамда хорижий валютадаги 6 ва 9 ойлик “Тақдим этувчига” омонатларидир. Мазкур омонатларга маблағлар йиллик 7 фоиздан 30 фоизгача даромад тўлаш шарти билан қабул қилинмоқда. “Ипотека” омонати эса келгусида уй-жой сотиб олиш ва қуриш учун имтиёзли ипотека кредити олиш имконини беради. Йиллик 30 фоизли “Бахтиёр ёшлик” омонатида пул маблағлари мижоз истагига кўра коммунал тўловларни тўлашга ёки юртимиз олий таълим муассасаларида ўқишга йўналтирилади. Айни пайтда “Асака” банкининг жойларда 27 филиали, 93 минибанки ва 120 га яқин жамғарма кассаси фаолият олиб бормоқда. Филиалларда банк амалиётларига оид барча саволлар бўйича батафсил жавоб берадиган малакали мутахассислар меҳнат қилаётир. Уларга мурожаат этган ҳар бир фуқаро банк томонидан жорий этилган барча омонатлар, мижозлар учун яратилган қулайлик ва имтиёзларни билиб олиши мумкин.
Холмурод САЛИМОВ ЎзА мухбири.
"Банк ахборотномаси"
Похожие новости
04.09.2009
«InFinBank» омонатларни таклиф этади:
04.09.2009
ОАТБ "Агробанк" янги омонатни таклиф этади
04.09.2009
“Qishloq Qurilish Bank” янги омонатларни таклиф этади
Актуальные новости банков и финансовой сферы.
Подпишитесь на наш Телеграм канал
Актуальные новости банков и финансовой сферы. Подпишитесь на наш Телеграм канал
“Асака” банкининг янги омонатлари