Аҳолининг банкларга ишончи ортмоқда

28.04.2008

 Давлатимиз раҳбари 2008 йил 20 февралда “Тижорат банкларида аҳоли омонатлари шартларини либераллаштириш ҳамда кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармон қабул қилди. ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси давлат-тижорат Халқ банки бошқаруви раиси Мухамет Жумагалдиевдан ушбу фармон талаблари қандай амалга оширилаётгани ҳақида сўзлаб беришни илтимос қилди.

– Истиқлол йилларида мамлакатимизда жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларида, шу жумладан банк-молия тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – дейди М.Жумагалдиев. – Президентимизнинг ушбу соҳадаги туб ўзгаришларни чуқурлаштириш ва кенгайтиришга қаратилган қатор фармон ҳамда қарорлари қабул қилинди. Бу борада тегишли қонунчилик-ҳуқуқий база шакллантирилди. Мамлакатимиз банк-молия тизимини янада либераллаштириш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Банк хизматини мижозлар манфаатлари устуворлигини таъминлаш асосида ривожлантиришнинг янги босқичи бошланди.

Ҳозир республикамизда ўттизга яқин банк фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ҳар бири ҳудудларда ўз филиалларига эга. Бу мамлакатимиз аҳолисини банк хизматлари билан тўла таъминлаш имконини бераётир. Омонатлар, банк сирларини сақлашни кафолатловчи, мижозларнинг биринчи талабидаёқ уларнинг ҳисоб-рақамларидан ҳеч қандай тўсиқсиз маблағ беришни таъминлайдиган чоралар кўрилмоқда. Аҳолига кредит ажратиш, шу жумладан ипотека, истеъмол ва микрокредитлар бериш тизими ривожланмоқда, пластик карточкалар асосида ҳисоб-китоб тизими кенгайтирилмоқда. Банк хизматларининг ушбу барча шаклларини жорий этиш аҳолининг банк хизматларидан фойдаланиши учун қўшимча қулайликлар яратиш ва пировард натижада, уларнинг турмуш даражасини оширишга қаратилган.

– Президентимизнинг шу йил 20 февралдаги фармони ижросини таъминлаш доирасида банк муассасалари олдида қандай вазифалар турибди?


– Бу борада энг асосий вазифа – аҳолининг банк тизимига ишончини мустаҳкамлаш, нақд пул маблағларининг банкдан ташқари айланишини қисқартириш, мамлакатимиз иқтисодиётини жадал ривожлантириш ва аҳолининг турмуш даражасини ошириш учун инвеститсия ресурсларининг ғоят муҳим манбаи бўлган аҳолининг бўш пул маблағларини тижорат банклари омонатларига жалб этишни янада рағбатлантиришдан иборат.

Юртбошимизнинг фармонига биноан 2008 йил 1 апрелдан 2009 йил 1 апрелгача бўлган даврда мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси банкда ўзининг депозит ҳисобварағини, жумладан тақдим этувчи, яъни омонатчининг номини кўрсатмаган ҳолда очиши, ушбу ҳисобвараққа чекланмаган миқдорда миллий ёки хорижий валутада пул маблағларини қўйиши, шунингдек, ўзининг хорижий банклардаги маблағларини нақд пулсиз шаклда ўтказиши мумкин.

Шуниси муҳимки, бунинг учун маблағларнинг келиб чиқиш манбаларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар талаб этилмайди. Банклар, маҳаллий ҳокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, солиқ ва бошқа назорат органларига омонат қўювчи фуқаролардан бу ҳақида бирон-бир маълумотни сўраб олиш маън қилинган. Қайд этилган даврда жисмоний шахсларнинг депозит ҳисобварақларга қўйган маблағлари барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан озод этилгани туфайли солиқ органлари томонидан ҳам текширилмайди.

Ўзбекистон банк тизимидаги энг йирик банклардан бири бўлган Халқ банки томонидан Президентимизнинг мазкур фармони ижросини таъминлаш борасида асосий вазифалар белгилаб олинди. Банкимизнинг таркибига 427 филиал ва мини-банк, 2500 дан зиёд шохобча ва махсус кассалар киради. Банк мижозларининг салмоқли қисмини жисмоний шахслар ташкил этади.

Халқ банки фаолияти жадал ривожланмоқда. Хусусан, 2008 йилнинг биринчи чораги давомида банк капитали 2,6 миллиард сўмга кўпайиб, ҳозирда қарийб 40 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Банк активлари 25 фоизга кўпайди ва бугунги кунда 360 миллиард сўмдан ошиқ миқдорни ташкил этмоқда.

Банк мижозларини молиявий қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратмоқдамиз. Апрель ойи бошида банк кредит портфели қарийб 170 миллиард сўмни ташкил этди. Жорий йилнинг биринчи чораги давомида жисмоний ва юридик шахсларга 61 миллиард сўм кредит ажратилди. Ушбу маблағларнинг қарийб учдан бири инвеститсия лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилди ва унинг маҳсули сифатида 1900 та янги иш ўринлари очилишига замин яратилди.

Айни вақтда, йил бошидан буён 350 нафардан ортиқ фуқаролар банкимиздан ипотека кредитини олиш эвазига ўзининг яшаш шароитини яхшилаш имконига эга бўлди. Шу билан бирга, банк филиаллари томонидан аҳолига узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун 5 миллиард сўмдан ортиқ истеъмол кредитлари ажратилди. Нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришга эътибор қаратилиши натижасида жорий йилнинг ўтган даврида 12 мингдан ортиқ фуқаро Халқ банки пластик карточкалари соҳиби бўлди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда банк тизимини такомиллаштириш аҳоли турмуш шароитини яхшилашга хизмат қилаётганидан далолат беради.

– Омонатчилар билан ишлашнинг яна қандай янги шакллари жорий этилди ва улар ўз депозит ҳисобварақларидаги маблағларини қандай тасарруф этиши мумкин?

– Аҳолининг бўш пул маблағларини банк депозитларига жалб қилишни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида омонатчилар учун манфаатли бўлган 7 та, шу жумладан Президентимизнинг номи қайд этилган фармони эълон қилингандан сўнг юқори фоизли 4 та янги омонат турлари жорий этилди. Хусусан, миллий ва хорижий валутадаги “Тақдим этувчи” омонати шулар жумласидандир. Миллий валутадаги омонатни сақлаш муддати 3, 6, 9 ва 12 ой бўлиб, йиллик 30 фоиз даромад тўланади, хорижий валутадаги омонатни сақлаш муддати 6, 9 ва 12 ой бўлиб, йиллик 6 фоиз миқдорида даромад тўланади. Жорий йилнинг март ойида “Тақдим этувчи” омонатига миллий ва хорижий валутада (еквивалентда) қарийб 2 миллиард сўм миқдорида аҳоли бўш пул маблағлари қабул қилинди. Бундан ташқари, фоиз даромади юқори бўлган “Барака”, “Фидокор” ва “Барқарор” каби омонат турларига мижозлар қизиқиши ортиб бормоқда. Ушбу омонат турларига қисқа вақт ичида омонатчиларнинг 5,5 миллиард сўмдан ортиқ бўш маблағлари жалб этилди.

Яна шуни қайд этиш керакки, мижозларимиз омонатларини ўз ихтиёрига қараб ва ҳеч қандай чекловларсиз тасарруф этиши мумкин. Бунда биз уларга ҳисобварақлар ва пул қўйилмалари борасида, шунингдек, мазкур маблағлар бўйича амалга ошириладиган оператсиялар хусусида банк сири сақланишини кафолатлаймиз.

– Халқ банки мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва янги қулайликларни тушунтириш учун қандай чоралар кўрмоқда?

– Банкнинг барча 199 туман (шаҳар) филиалларида янги маслаҳатчи-менежер лавозими жорий этилди. Бундай лавозимга юқори касб-маҳоратига эга мутахассисларни танлаб олдик. Улар иштирокида барча ҳудудларда семинарлар ўтказдик.

Бугун ушбу маслаҳатчи-менежерлар мижозлар орасида кенг тушунтириш ишларини олиб бормоқда, корхоналар, ташкилотлар, маҳаллаларда учрашувлар ташкил этмоқда. Унда омонатчилар, юридик ва ҳуқуқий мақомга эга бўлмаган мижозлар учун яратилаётган қулайликлар, шунингдек, янги банк хизматларининг афзалликлари ҳақида батафсил маълумот берилмоқда, ўз навбатида аҳолини қизиқтираётган бошқа саволларга тушунчалар берилмоқда. Банкнинг барча филиалларида “омонатчилар бурчаги” ташкил этилган. Уларда мижозлар учун Халқ банки томонидан кўрсатилаётган хизматлар билан батафсил танишиш имконияти яратилган. Шунингдек, мижозларни қизиқтираётган барча масалалар бўйича телефон орқали ҳам маълумот олишлари учун шароит яратилган.

Юртбошимиз раҳнамолигида мамлакатимиз банк тизимини янада либераллаштириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар банк ва омонатчилар ўртасидаги ишончли ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, бошқача айтганда, депозит ҳисобварақларига аҳолининг миллий ва хорижий валутадаги бўш маблағлари жалб этилишини кўпайтиришга хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, банкимизга иқтисодиётнинг барча тармоқларини молиялаш учун қўшимча маблағларни шакллантириш имконини беради. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши эса мамлакатимизда қудратли ишлаб чиқариш салоҳиятига эга бозор иқтисодиётини янада ривожлантиришда муҳим омил бўлади.

ЎзА, Анна Иванова, 16.04.2008
Похожие новости
«InFinBank» омонатларни таклиф этади:

04.09.2009

«InFinBank» омонатларни таклиф этади:

ОАТБ "Агробанк" янги омонатни таклиф этади

04.09.2009

ОАТБ "Агробанк" янги омонатни таклиф этади

“Qishloq Qurilish Bank” янги омонатларни таклиф этади

04.09.2009

“Qishloq Qurilish Bank” янги омонатларни таклиф этади



Система Orphus