“Ҳамкорбанк” 50 мингдан зиёд мижозга хизмат кўрсатади

07.05.2008
 Бунда Президентимиз Ислом Каримовнинг жорий йилнинг 20 февралида қабул қилинган “Тижорат банкларида аҳоли омонатлари шартларини либераллаштириш ҳамда кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони муҳим дастуриламал бўлмоқда. Ушбу ҳужжат аҳолининг банк тизимига ишончини янада мустаҳкамлаш, нақд пул маблағларининг банкдан ташқари айланмасини қисқартириш, мамлакатимиз иқтисодиётини жадал ривожлантиришда муҳим омил бўлаётир. Мазкур Фармонга биноан аҳоли омонатлари шартларининг либераллаштирилиши ҳамда кафолатларининг таъминланиши лизинг, микрокредит ва истеъмол кредитини янада такомиллаштириш ҳамда ривожлантиришда янги имкониятлар яратмоқда. Мамлакатимиз молия бозорида ўз ўрнига эга “Ҳамкорбанк” очиқ аксиядорлик тижорат банки 50 мингдан зиёд мижозга хизмат кўрсатади. Унинг жойларда 20 дан зиёд филиали, 60 дан ортиқ минибанки ҳамда 40 қа яқин валута айирбошлаш шохобчаси мавжуд. Банк кенг аҳоли қатламига чакана хизматларнинг янги турларини таклиф этиб, юқори натижаларга эришмоқда. Эндиликда банкнинг фаолият доираси кундан-кунга кенгайиб, аҳоли ҳамда хўжалик субектларининг турли хил молиявий эҳтиёжларини таминлаш мақсадида қирқдан зиёд анъанавий ва замонавий хизматлар кўрсатмоқда. Бўш пул маблағларини омонатларга жалб этиш борасида кўрилган чора-тадбирлар натижасида миллий ва хорижий валуталарда ўз ҳисобварақларига эга бўлган омонатчилар сони кўпаймоқда. Жумладан, “Ҳамкорбанк” чет эл валутасидаги омонатларни қабул қилишда юқори фоиз тўловларини – “Универсал” ва “Тақдим этувчига” омонатлари орқали таклиф этиб, аҳолининг чет эл валутасини иқтисодиётга йўналтиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Жорий йилда бундай омонатчилар сони 32 минг нафардан ошди. Банкда пластик карточкалар тизимини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор билан қаралмоқда. Нақд пул муомаласини тартибга солишнинг бу муҳим омили мижозлар учун ҳам жуда қулай ва фойдалидир. Пластик карточкалар бўйича тўловларни амалга оширишда фойдаланиладиган ускуналар ҳамда зарурий материалларни импорт қилиш ва улардан фойдаланишда божхона ҳамда солиқ имтиёзлари амал қилиш муддатининг 2010 йил 1 январга қадар узайтирилиши банкларнинг бу борадаги фаолиятини янада рағбатлантирмоқда. “Ҳамкорбанк”нинг пластик карточкалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Сергей Раззоқовнинг айтишича, бугунги кунда банкнинг 11 филиалида пластик карточкалар орқали нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилиш тизими йўлга қўйилган. Хусусан, бу борада юздан зиёд корхона, ташкилот билан шартномалар тузилган. Ҳозирга қадар 14 мингтага яқин пластик карточка муомалага чиқарилди. 204 терминал савдо ҳамда хизмат кўрсатиш шохобчаларига ўрнатилди. 2008 йил давомида терминаллар сонини 360 тага, пластик карточкалар сонини эса 23 мингтага етказиш режалаштирилган. Шунингдек, банкда мижозларга масофадан туриб кўрсатиладиган бир неча хизмат турлари – “Интернет-банкинг”, “SMS-банкинг” ҳамда “Eмаил-банкинг” дастурлари мавжуд. “Интернет-банкинг” дастуридан ўтган йили қарийб 60 мижоз фойдаланган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 550 нафардан ошди. “SMS-банкинг” дастури орқали эса 117 мижозга хизмат кўрсатилмоқда. Бу хизмат турининг қулайлиги шундаки, мижоз банкка келмасдан, ўз ҳисобварақларининг ҳолати бўйича тегишли маълумотларни олиши ва тасарруф этиши мумкин. “Ҳамкорбанк” тизимида амалга оширилаётган бу ишларнинг барчаси аҳолининг банк тизимига ишончининг янада мустаҳкамланиб, нақд пул маблағларининг банкдан ташқари айланмасини қисқартириш, мамлакатимиз иқтисодиётини жадал ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

ЎзА, Сайёра Шоева

Похожие новости
«InFinBank» омонатларни таклиф этади:

04.09.2009

«InFinBank» омонатларни таклиф этади:

ОАТБ "Агробанк" янги омонатни таклиф этади

04.09.2009

ОАТБ "Агробанк" янги омонатни таклиф этади

“Qishloq Qurilish Bank” янги омонатларни таклиф этади

04.09.2009

“Qishloq Qurilish Bank” янги омонатларни таклиф этади



Система Orphus