Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҚАРОРИ

06.11.2008
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
ҚАРОРИ

Аҳолининг омонатларини жалб қилиш бўйича республика тижорат банклари ўртасида танлов ўтказиш тўғрисида

Аҳолининг бўш пул маблағларини банклардаги омонатларга жалб қилиш бўйича тижорат банкларини кўшимча рағбатлантириш ва уларнинг фаолиятини кучайтириш, банкларнинг инвестициявий имкониятларини янада кенгайтириш учун уларнинг ресурс базаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, аҳолига кўрсатилаётган банк-молия хизматлари сифатини ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон Банклари уюшмаси ва тижорат банкларининг ҳар йили январь ойида тугаган йил якунлари бўйича аҳолининг омонатларини жалб қилиш юзасидан республика тижорат банклари ва уларнинг филиаллари ўртасида танлов ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Белгилансинки:
танловда республиканинг барча тижорат банклари ва уларнинг бўлинмалари (филиаллари, мини-банклар, жамғарма ва махсус кассалар) иштирок этиши мумкин;
рейтинг баҳога кўра йил якунлари бўйича энг юқори балларни тўплаган тижорат банклари, филиаллар, мини-банклар, жамғарма ёки махсус кассалар танлов ғолиблари сифатида тан олинади;
танлов соврин жамғармаси танловда иштирок этаётган тижорат банклари ҳамда Ўзбекистон Банклари уюшмаси маблағлари ҳисобидан шакллантирилади.

3. Аҳолининг омонатларини жалб қилиш юзасидан республика тижорат банклари ўртасида ҳар йили танловлар ўтказишни ташкил этиш, якунларини чиқариш ва ғолибларни аниқлаш учун 1-иловага мувофиқ таркибда ташкилий қўмита тузилсин.

4. Аҳолининг омонатларини жалб қилиш юзасидан республика тижорат банклари ўртасида танлов ўтказиш хамда унинг иштирокчиларини рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги Низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Ташкилий қўмита (Ф. М. Муллажонов):
икки ҳафта муддатда танловни ўтказиш тартиби ва шартларини тижорат банкларига етказишни;
зарур миқдорда соврин жамғармасини шакллантиришни ва танлов ғолибларининг холисона аниқланишини таъминласин.

6. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, оммавий ахборот воситалари ташкилий қўмита билан биргаликда танлов ўтказилиши ва унинг натижалари кенг ёритилишини таъминласин.

7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р. С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Раиси Ф. М. Муллажонов зиммаларига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент шаҳри, 2008 йил 31 октябрь



Похожие новости
Хусусий мулкчилик ва ҳудудлар иқтисодиётини инвестициялаш самарадорлигини ошириш – устувор вазифа

02.02.2009

Хусусий мулкчилик ва ҳудудлар иқтисодиётини инвестициялаш самарадорлигини ошириш – устувор вазифа

Респблика қимматбаҳо қоғозлар биржаси қатнашчиларининг маблағлари ҳажмига нисбатан янги талаблар қўйилмоқда

22.01.2009

Респблика қимматбаҳо қоғозлар биржаси қатнашчиларининг маблағлари ҳажмига нисбатан янги талаблар қўйилмоқда

Давлат буджети - мамлакатдаги иқтисодий соҳани тартибга солишга қаратилган энг муҳим механизмлардан бири

22.01.2009

Давлат буджети - мамлакатдаги иқтисодий соҳани тартибга солишга қаратилган энг муҳим механизмлардан бири



Система Orphus