Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг салмоғи йил сайин ошиб бормоқда. Уларга яқиндан ёрдам бериб келаётган “Микрокредитбанк” акционерлик-тижорат банки хизматлари эса бутун республика бўйлаб кенг тарқалмоқда. Натижада жорий йилнинг 1 октябр ҳолатига банк устав капитали 78,1 млрд. сўмга, кичик бизнес субъектларига кўрсатган микромолиявий хизматлари миқдори 107,7 млрд. сўмга етди. - Касбим ўқитувчи, пенсияга чиққанимдан сўнг уйда ўтиришга кўниколмай, “Микрокредитбанк”дан 7 млн. сўм миқдорида кредит олиб, кичик корхона ташкил этдим, - дейди сурхонадарёлик “Мафтуна-Одилжон-Нодира” кичик корхонаси раҳбари Сурайё Юсупова. – Болалигимдан атлас ва адрас матоларини тўқишни билганлигим, қолаверса, миллий қадриятларимиз манбаларидан бири саналган ушбу газламаларга талабнинг тобора ортаётганлигини ҳисобга олиб тўқув цехини ишга туширдим. Ҳозирда мазкур корхонада ўндан ортиқ чевар қизлар томонидан кунига 50 метр атлас ва адрас матолари тўқилмоқда. Сифатли ва жозибадор ранглардаги ушбу матолар нафақат Сурхондарё аҳолисига, балки у ерга ташриф буюрган хорижий меҳмонларга ҳам манзур бўлмоқда. “Микрокредитбанк” мижозларни кўпроқ жалб қилиш ва уларга кенг кўламда хизмат кўрсатиш мақсадида қишлоқ жойларда дастлаб агентлик шохобчаларини очмоқда, сўнгра улар фаолиятини кенгайтириб, босқичма-босқич мини банк ва филиалларга айлантириб бормоқда. Хусусан, жорий йилда банкнинг Бойсун, Тахтакўпир, Ширин ва Бахмал туманларидаги агентликлари мини банк бўлиб, Жума, Косонсой ва Чортоқ мини банклари эса филиал сифатида ўз фаолиятларини бошлайди. Бугунги кунда “Микрокредитбанк”нинг республика бўйлаб 80га яқин филиаллари ва 272та мини банклари 126 мингдан зиёд мижозларга сифатли банк хизматларини кўрсатиб келмоқда. Шуниси эътиборлики, ушбу банк томонидан ажратилаётган кредитлар тадбиркорга турли мақсадлар учун, жумладан, оилавий касаначилик, ҳунармандчилик, пазандачилик, фермерлик каби киши имкониятларини қамраб олувчи барча жабҳаларни ривожлантиришга берилмоқда. Масалан, тўрақўрғонлик “Сарвиноз Саодат” фермер хўжалиги банкдан олган 9 млн. сўмлик микросармояси эвазига иссиқхона қуриб, туман аҳолисини йилнинг тўрт фаслида ҳам турли мева ва сабзавотлар билан таъминлаб келмоқда. Денов шаҳрида ишга туширилган “Биносоз Уста Олим” масъулияти чекланган жамияти эса аҳолига қурилиш материаллари ҳамда челак, карниз ва белкурак каби рўзғор буюмларини етказиб бериш билан шуғулланмоқда. “Микрокредитбанк” томонидан кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерликни микромолиялаш борасидаги ишлар махсус ишлаб чиқилган дастур асосида олиб борилади. Унга кўра жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида тадбиркорлик субъектларига 34,1 млн. сўм миқдорида кредит ажратиш кўзда тутилган бўлиб, ҳақиқатда эса 43 млн. сўмга яқин шундай хизматлар кўрсатилди. Бу кўрсаткични ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда банкнинг микромолиявий хизматлар кўлами 154,3 фоизга ошганлигини кўрсатади. “Микрокредитбанк” сармояларининг ҳар бир маҳалла ва оилага кириб боришида ва у ердаги маҳоратли, муайян ҳунарга эга бўлган кишилар истеъдодини шакллантиришида Республика Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” жамғармаси ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Айниқса, банкнинг Хотин-қизлар қўмитаси билан жойларда ўтказаётган учрашувлари, семинарлари яхши самара бериб, мамлакатимизда кўплаб гўзаллик салонлари, модалар ательелари, чеварлик, қандолатчилик ва гиламдўзлик каби аёллар фаолияти билан боғлиқ корхоналарнинг ишга туширилишига олиб келмоқда. Банкнинг бугунги кунгача хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун ажратган кредитлари миқдори 10,3 млрд. сўмни, шу асосда яратилган иш ўринлари ҳажми эса 12 029тани ташкил этмоқда. - Чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланиш учун “Тўмарис” фермер хўжалигини ташкил этдим, - дейди Навоий вилояти Нурота туманида истиқомат қилувчи Дилором Эшова. – “Микрокредитбанк”нинг аёл тадбиркорларга бераётган имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш ниятида оилавий касаначиликни ҳам йўлга қўйдим. Мақсадим, қадимги нурота каштачилиги довриғини тиклаб, уни бутун дунёга тарқатишдир. Бундан ташқари, банкнинг “Ёшлар йили” давлат дастури ижроси юзасидан олиб бораётган саъй-ҳаракатлари ҳам алоҳида аҳамиятлидир. Хусусан, банк йил давомида коллеж битирувчилари ўртасида танлов эълон қилиб, уларни банк хизматларидан фойдаланиш имконини берувчи сертификатлар билан таъминлаб келмоқда. Айни пайтда ушбу лойиҳа асосида жами 1133 нафар талабалар шундай имкониятни қўлга киритган. Уларга жалб қилинган микросармоялар миқдори 1,1 млрд. сўмни ташкил этмоқда. Шунингдек, “Микрокредитбанк” жорий йилнинг ўтган даври давомида кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 3,8 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратди. Республикада хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришни жадаллаштиришга кўмаклашиш борасида эса 6,0 млр. сўмлик микромолиявий хизматлар кўрсатди. Банкнинг 11,2 млрд. сўм миқдорида ажратган имтиёзли кредитлари ёш оилаларга кўрсатилган хизматлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Ҳозирда “Микрокредитбанк” АТБ жорий йил охирига қадар хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектларига ажратиладиган кредитлар ҳажмини 60 млрд сўмга етказиб, 50 мингдан зиёд янги иш ўринларини ташкил этиш борасида самарали ишларни олиб бормоқда. Бир сўз билан айтганда, “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банкининг тадбиркорлар билан ҳамкорлиги юртимиз ободлиги, оилаларимизнинг фаровонлиги учун хизмат қилмоқда.
Назира МАВЛОНОВА. "Банк ахборотномаси"
Похожие новости
03.03.2009
ЕТТБ Ўзбекистондаги етакчи кабель ишлаб чиқарувчи корхонани кенгайишини қўллаб-қувватлайди
18.02.2009
Ўзбекистон Миллий банки: ҳар бир мижоз манфаати учун
08.01.2009
Аҳоли омонатлари кафолатининг янги даври
Актуальные новости банков и финансовой сферы.
Подпишитесь на наш Телеграм канал
Актуальные новости банков и финансовой сферы. Подпишитесь на наш Телеграм канал
Тадбиркорлар таянчи