Халқаро сипмозиум

19.11.2008

2008 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Бош офиси биносида Хитой Давлат Тараққиёт Банки вакиллари иштирокида Симпозиум бўлиб ўтди.

Симпозиум дастурида хитойлик ҳамкасблар жорий молиявий танглик билан боғлиқ ҳодисалар хроникаси таҳлили ва бу вазиятнинг йирик мамлакатлар, жумладан Хитой иқтисодиётига таъсири, иқтисодиёт ҳамда энергетика, шунингдек уни ривожлантиришни режалаштириш ва бу соҳадаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш каби муҳим ва долзарб йўналишлар бўйича маърузалар тайёрлаган эдилар.

Миллий банк Бошқаруви Раисининг ўринбосари Ш.Сагдиев, шунингдек Хитой Давлат Тараққиёт Банки (ХДТБ) Таълим ва тренинг департаменти бошлиғи Ван Юань хонимнинг кириш нутқларида ХХР билан Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда ижобий натижаларга эришилгани таъкидланди. Ўзмиллийбанк билан ХДТБ ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик муваффақиятли даражага кўтарилгани, 2007 йил 16 июнь куни Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ Банклараро бирлашмаси Кенгашининг III мажлиси давомида Ўзмиллийбанк билан ХДТБ ўртасида кичик ва хусусий бизнес лойиҳаларини молиялаш учун 60 млн. АҚШ доллари қийматидаги Қарз битими имзолангани ҳам бу борадаги муҳим кўрсаткич бўлгани уқтирилди.
Ушбу тадбир доирасида томонлар икки мамлакат банк-молия тизимининг долзарб масалалари ҳақида фикрлашдилар, шунингдек турли йўналишларда ахборот алмашиш тўғрисида келишиб олдилар.
Бундан ташқари, ШҲТ Банклараро бирлашмаси йўналишлари бўйича биргаликда олиб борилаётган иш доирасида 2007 йилнинг декабрь ойида Ўзмиллийбанк билан ХДТБ ўртасида тажриба алмашиш ва ўқитиш соҳасида ўзаро кўмаклашиш тўғрисида Меморандум имзоланган эди. Шу Меморандум доирасида ХДТБ томонидан жорий йилда Хитой банк-молия тизими, халқаро молиялаш асослари, инвестиция лойиҳаларини баҳолаш ва молиялашнинг асосий кўрсаткичлари билан таништириш мақсадида Ўзмиллийбанк ходимлари учун бизнес-семинар ташкил қилинганди. Мазкур семинар муваффақиятли ўтди ва у Хитой банк тизимининг принциплари ҳамда тузилишини, ХДТБнинг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги тажрибасини янада чуқурроқ тушуниш имконини берди. Ушбу ҳолат эса, Банкнинг 60,0 млн. АҚШ доллари миқдоридаги жорий кредит йўналиши амалга оширилишини фаоллаштиришга хизмат қилди.
Хитой Тараққиёт Банки 1994 йилнинг март ойида таъсис этилган. Унинг бош қароргоҳи Пекин шаҳрида жойлашган. Банк ташкил этилган вақтда унинг устав сармояси 50 млрд. юань (6 млрд. АҚШ долларидан ортиқ) эди. Мазкур банк Хитойнинг учта давлат тараққиёт банки (Хитой Экспорт-импорт банки (The Export-Import Bank of China) ва Хитой қишлоқ хўжалигини ривожлантириш банки (The Agricultural Development Bank of China) орасида энг каттаси ҳисобланади. У бевосита ХХР Давлат Кенгашига бўйсунади ва фақат шу банкка вазирлик мақоми берилган.
Тараққиёт банки таркибида бош операция бўлими, ХХР ҳудудида 32та филиал ва 4та ваколатхона, 4,5 мингдан зиёд ходимлар бор.
Кейинги 10 йил мобайнида ХДТБ Хитой макроиқтисодий сиёсатига амал қилиб, мамлакатни иқтисодий ривожлантириш ва таркибан стратегик қайта қуриш ишларини назорат қилиб борди. ХДТБ инфратузилма соҳасидаги, шунингдек мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш учун зарур базавий ва ёрдамчи саноат соҳаларига мансуб асосий лойиҳалар ва қурилишларни узоқ муддатли молиялаш билан шуғулланувчи асосий муассаса ҳисобланади.
Бундан ташқари, ХДТБ ҳукумат билан мамлакатнинг асосий лойиҳаларини амалга ошириш бозори ўртасидаги боғловчи бўғин вазифасини бажаради. Шунингдек у ижтимоий соҳага инвестицияларни амалга ошириш учун “йўл очиб” ва “кўприк солиб”, мамлакат кредит тузилмасини шакллантиришда ҳам ёрдам бермоқда.

Манба: ЎзР ТИФ Миллий банки матбуот хизмати



Похожие новости
Хусусий мулкчилик ва ҳудудлар иқтисодиётини инвестициялаш самарадорлигини ошириш – устувор вазифа

02.02.2009

Хусусий мулкчилик ва ҳудудлар иқтисодиётини инвестициялаш самарадорлигини ошириш – устувор вазифа

Респблика қимматбаҳо қоғозлар биржаси қатнашчиларининг маблағлари ҳажмига нисбатан янги талаблар қўйилмоқда

22.01.2009

Респблика қимматбаҳо қоғозлар биржаси қатнашчиларининг маблағлари ҳажмига нисбатан янги талаблар қўйилмоқда

Давлат буджети - мамлакатдаги иқтисодий соҳани тартибга солишга қаратилган энг муҳим механизмлардан бири

22.01.2009

Давлат буджети - мамлакатдаги иқтисодий соҳани тартибга солишга қаратилган энг муҳим механизмлардан бири



Система Orphus