JET: Вклады в сумах или долларах: что выгоднее в Узбекистане? Подробнее

Банк фаолиятини янада такомиллаштириш – давр талаби

10.12.2008

Ўзбекистон банклар ассоциациясида Марказий банк ташаббуси билан мамлакатимиз Президентининг иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарининг молиявий барқарорлигини, банклар капиталлашувини янада ошириш, уларнинг инвестицион фаоллигини кучайтириш, банклардаги аҳоли омонатларини ҳимоялаш борасида сўнгги пайтда қабул қилинган қатор муҳим фармон ва қарорларида қўйилган вазифалар ижросига бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди.

Йиғилишда республика Марказий банки, тижорат банклари, Банклар уюшмасининг раҳбар ходимлари иштирок этишди.Семинарда қайд этилдики, мазкур ҳужжатларни қабул қилишдан кўзда тутилган асосий мақсад - аҳолининг банк тизимига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, банк тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, пировард натижада эса - банкларнинг иқтисодиёт реал сектори корхоналарини молиявий барқарорлаштиришдаги ролини оширишдан иборатдир.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг молиявий барқарорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2008 йил 18 ноябрдаги Фармонида иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарининг капиталлашув даражасини янада ошириш ва уларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш ва бошқариш механизмларини такомиллаштириш, иқтисодиётни таркибий ислоҳ қилишга инвестицияларни кенгроқ жалб қилиш ишларини ташкил этишда банкларга алоҳида ўрин берилган.

Бунда, тижорат банкларига корхоналарни қайта тиклаш, уларни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этишни таъминлаш шарти билан ночор корхоналарни сотиб олиш имконияти берилди.

Шунингдек, семинарда банклар раҳбарларининг эътибори юқоридаги вазифаларни бажаришда банкларнинг инвестицион кредитларни бериш ва хизмат кўрсатиш масалалари билан шуғулланувчи таркибий бўлинмаларини қисқа муддатларда юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш лозимлигига қаратилди.

Семинарда муҳокама этилган яна бир масала - бу муҳтарам Президентимизнинг 2008 йил 28 ноябрда қабул қилинган “Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларидаги омонатларини ҳимоялаш кафолатларини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонидир. Ушбу Фармон фуқароларимизнинг омонатларини жаҳон молиявий кризисининг эҳтимол тутилган салбий оқибатларидан ҳимоялашнинг ишончли кафолатларини таъминлаш, мамлакатимиз банк тизимига аҳолининг ишончини тобора мустаҳкамлаш, аҳоли омонатларини тижорат банкларига жалб қилиш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратишга қаратилгандир.

Чунончи, мазкур Фармонга биноан фуқароларнинг тижорат банклари депозит ҳисобварақларидаги омонатлари уларнинг миқдоридан қатъи назар тўлиқ қоплаб берилади. Бу ўз навбатида, ислоҳотларнинг биринчи навбатда фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилганлигидан далолатдир.

Бундан ташқари, семинарда “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Асакабанк”, “Халқ банки”, “Пахтабанк”, “Ғаллабанк”, “Микрокредитбанк” раҳбарларининг эътибори Президентимизнинг мазкур банкларнинг капиталлашувини янада ошириш, уларнинг инвестицион фаоллигини кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш, республика аҳолисига банк хизматлари кўрсатишни тубдан такомиллаштириш, мижозларга халқаро андозалар даражасида кенг турдаги замонавий банк хизматларини кўрсатишни такомиллаштиришга қаратилган фармон ва қарорларида белгиланган вазифаларнинг оғишмай бажарилишини таъминлаш юзасидан барча зарур чора-тадбирларни кўриш лозимлигига қаратилди, жумладан 2009 йил – тижорат банклари учун инвестицион фаоллик йили бўлиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Семинар якунида юқоридаги фармон ва қарорлар ижросини ташкил этиш борасида иштирокчилардан тушган барча саволлар юзасидан батафсил тушунтириш ва тавсиялар берилди.

Марказий банк ахборот хизмати


Похожие новости
Хусусий мулкчилик ва ҳудудлар иқтисодиётини инвестициялаш самарадорлигини ошириш – устувор вазифа

02.02.2009

Хусусий мулкчилик ва ҳудудлар иқтисодиётини инвестициялаш самарадорлигини ошириш – устувор вазифа

Респблика қимматбаҳо қоғозлар биржаси қатнашчиларининг маблағлари ҳажмига нисбатан янги талаблар қўйилмоқда

22.01.2009

Респблика қимматбаҳо қоғозлар биржаси қатнашчиларининг маблағлари ҳажмига нисбатан янги талаблар қўйилмоқда

Давлат буджети - мамлакатдаги иқтисодий соҳани тартибга солишга қаратилган энг муҳим механизмлардан бири

22.01.2009

Давлат буджети - мамлакатдаги иқтисодий соҳани тартибга солишга қаратилган энг муҳим механизмлардан бири



Система Orphus