JET: Являются ли игры Hamster Kombat и Notcoin законными? Подробнее

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тижорат банкларида аҳоли омонатлари шартларини либераллаштириш ҳамда кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига шарҳ

15.12.2008
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тижорат банкларида аҳоли омонатлари шартларини либераллаштириш ҳамда кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига шарҳ

Мустақиллик йиллари мобайнида мамлакатимизда «Банк – мижоз учун, мижоз банк учун эмас» тамойили асосида банк тизими тубдан ислоҳ қилинди ва либераллаштирилди.

Ҳозирги кунда республикада 30 га яқин банклар фаолият юритмоқда. Мижоз ўзи банк танлаш, пул маблағларини бир нечта банклардаги ҳисобварақларида сақлаш ва ўз маблағларини, қаерда жойлашганидан қатъи назар, банкнинг исталган филиалидан олиш ҳуқуқига эгадир. Бугунга келиб мамлакатнинг барча минтақалари ва аҳоли пунктларида тижорат банкларининг 8 мингдан ортиқ филиаллари ва бўлинмалари мижозларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланаётганини айтиб ўтиш кифоя.

Агар Россия Федерацияси ва Қозоғистондаги банк муассасаларининг ҳар бирига 20 мингдан зиёд аҳоли тўғри келса, Ўзбекистонда – 5 минг киши, яъни ривожланган мамлакатлардагига деярли тенг (тахминан 4 минг киши) тўғри келади. Банкларнинг бундай кенг кўламли тармоғи мамлакатнинг бутун аҳолисини банк хизматлари билан тўлиқ таъминлаш, унинг пул маблағларига бўлган эҳтиёжини мумкин қадар кўпроқ қондириш имконини беради.

Сўнгги йиллардагина тижорат банклари томонидан бозор фоиз ставкалари билан 200 дан ортиқ жозибали депозит турлари татбиқ этилди, пластик карточкалар асосида ҳисоб-китоб қилиш тизими ривожланиб бормоқда, натижада 2000 йилдан бошлаб аҳолининг тижорат банкларидаги маблағлари 55 баробар ўсди ва 1 трлн. сўмдан ошиб кетди.

Аҳолининг банк тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш чоралари кўрилмоқда, омонатлар сақланиши, банк сири, мижозларнинг биринчи талабидаёқ уларнинг ҳисобварақларидан маблағлар ҳеч қандай тўсиқсиз берилишини таъминлаш кафолатланган, Аҳолининг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди ташкил этилган.

Шу билан бирга, айрим инсонларда банк тизимига нисбатан ишончсизликдан иборат сийқа муносабатлар ҳамон сақланиб қолмоқда, пулни банклардан ташқарида сақлаш одати чуқур илдиз отган. Бундай психологик стереотип давлатнинг фақат битта монополист-банки бўлган, пулларни олиш ҳар доим ҳам қулай бўлавермаган, кўпинча банкларнинг ўзида маблағ бўлмаган аввалги тизим шароитларида юзага келган. Оқибатда аҳолида пулларни жамғарма кассаларда сақлашга ишончсизлик туғилган ҳамда аксарият пул жамғармалари уйда сақланган.

Таъкидлаш жоизки, аҳолининг банк тизимига бўлган ишончини ошириш ва пул маблағларини хуфёна иқтисодиётдан реал секторга жалб этиш мақсадида бир қатор мамлакатларда капитални легаллаштириш амалга оширилди. Хусусан, Россия Федератсияси, Қозоғистон, Швейцария каби мамлакатларда капитални амнистия қилиш бўйича бир марталик тадбирлар ўтказилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган «Тижорат банкларида аҳоли омонатлари шартларини либераллаштириш ҳамда кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон аҳолининг банк тизимига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш ва аҳолининг бўш пул маблағларини тижорат банклари омонатларига жалб этишга қаратилган.

Мазкур йўналишда кўп ишлар амалга оширилди, замонавий қонунчилик-ҳуқуқий база яратилди, амалдаги қонун ҳужжатларининг тегишли тартиб-қоидалари тасдиқланди, бироқ улар замон талабларига ҳали тўлиқ жавоб бераётгани йўқ.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган Фармонга мувофиқ 2008 йил 1 апрел – 2009 йил 1 апрел оралиғидаги даврда истаган киши банкда ўз депозит ҳисобварағини очиши, унга миллий ва хорижий валутадаги чекланмаган миқдорда ва уларнинг келиб чиқиш манбаларини тасдиқлайдиган ҳужжатларни тақдим этмаган ҳолда исталганча пул маблағларини қўйиши мумкин.

Шуни таъкидлаб ўтиш муҳимки, омонатчи ҳам шахсий ҳисобварағига, ҳам тақдим этувчининг ҳисобварағига, яъни аноним тарзда маблағ қўйиши мумкин, маблағларнинг ўзи эса нақд пул шаклида ҳам, омонатчиларнинг хорижий банклардаги шахсий ҳисобварақларидан пул ўтказиш йўли билан ҳам қўйилиши мумкин.
Қайд этиш жоизки, нафақат қўйиладиган маблағларнинг келиб чиқиш манбалари тўғрисида декларатсия ва ҳужжатларни тақдим этиш талаб қилинмайди, балки уларни сўраб олиш қатъиян тақиқлаб қўйилди. Бундай сўровлар банклардан ташқари маҳаллий ҳокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, солиқ ва бошқа назорат органларига ҳам ман этилди. Боз устига, пул қўювчидан пул маблағларининг келиб чиқиш манбалари тўғрисида маълумотномалар ва бошқа ахборотларни ҳар қандай тарзда талаб қилиш ноқонуний ҳисобланади, бу эса банк сири тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий ва сўзсиз риоя этилишини таъминлайди.

Фармоннинг яна бир муҳим банди шундаки, жисмоний шахслар томонидан қўйилган пул маблағлари жорий йилнинг 1 апрели – 2009 йилнинг 1 апрели оралиғидаги даврда солиқ органлари томонидан текширилмайди – чунки улар барча турдаги солиқлардан ва мажбурий тўловлардан озод этилган.

Фармонда банк сирига риоя қилишнинг ишончли кафолатларини таъминлаш, уни ошкор этгани учун мансабдор шахсларга нисбатан қаттиқ жавобгарлик чораларини қўллаш масалаларига катта эътибор берилган.

Қабул қилинган Фармоннинг амалга оширилиши банклар билан аҳоли ўртасида ишончли шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, тижорат банклари омонатларига миллий ва хорижий валутадаги бўш пул маблағлари тушишини сезиларли миқдорда ошириш, мамлакат иқтисодиётини янада ривожлантириш ва аҳолининг турмуш даражасини изчил равишда ошириш учун улардан инвеститсия ресурслари сифатида фойдаланиш имконини беради.



Похожие новости
Аҳоли томонидан пластик карточкалар бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширишда тўлов терминалларини жиҳозлаш ва уни ҳаётга татбиқ этиш тартиби тўғрисида қарор қабул қилинди.

14.08.2009

Аҳоли томонидан пластик карточкалар бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширишда тўлов терминалларини жиҳозлаш ва уни ҳаётга татбиқ этиш тартиби тўғрисида қарор қабул қилинди.

"Банклар ва уларга алоқадор шахслар ўртасида ўтказиладиган операциялар тўғрисидаги низом"га қўшимчалар киритилди.

20.03.2009

"Банклар ва уларга алоқадор шахслар ўртасида ўтказиладиган операциялар тўғрисидаги низом"га қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистон тижорат банкларидаги бухгалтерлик ҳисоби режаларига ўзгартиш ва тўлдиришлар киритилди

06.02.2009

Ўзбекистон тижорат банкларидаги бухгалтерлик ҳисоби режаларига ўзгартиш ва тўлдиришлар киритилди



Система Orphus