Йилнинг энг яхши микромолиялаш ташкилоти

26.12.2008
Мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларда банк ва мижоз ўртасидаги ўзаро муносабатлар ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Хусусан, мулкчилик шаклининг ўзгариши, жамиятда хусусий тадбиркорларнинг пайдо бўлиши ҳамда улар фаолиятининг жадал ривожланишида тижорат банклар моддий таянч бўлмоқда. Шундай муассасалардан бири “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банкидир.

Кичик бизнес субъектларининг лойиҳаларини молиялаш билан биргаликда мамлакатимиз табиий ресурсларидан оқилона файдаланиш, уларни ишга солиш, олис қишлоқларда яшаётган ҳар бир оилага доимий ва ишончли даромад манбалари ва иш ўринлари яратиш борасида кенг қамровли ишларни олиб бораётган мазкур банк Юртбошимиз томонидан ҳам алоҳида эътироф этилди. “... Ўтган икки йил давомида ушбу банк активлари миқдори 3,5 баробар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни кредитлаш ҳажми 4 баробарга ошди ва бу мақсадларга 150 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди...” деб таъкидлади мамлакатимиз раҳбари ўзининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 16 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида.

Дарҳақиқат, республикамиз молия муассасалари орасида кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорларни, деҳқон ва фермер хўжаликларини имтиёзли микросармоялашга ихтисослашган “Микрокредитбанк” фаолият бошлаганига ҳали кўп вақт бўлмаса-да, бугунга келиб ўзининг имтиёзли ва ҳар томонлама қулай хизматлари билан республикамизнинг барча минтақаларини қамраб олишга эришди. Айни пайтда банк ўзининг 78та филиали, 270дан ортиқ минибанклари орқали 140 мингдан зиёд мижозга намунали хизмат кўрсатиб келмоқда.
Банк бошқа шундай муассасалар қатори ўз хизматлари билан чекка қишлоқларга кириб бориш ва аҳолига қулайликлар яратиш йўлида самарали ишларни олиб бормоқда. Жумладан, жорий йилда банк Бойсун, Тахтакўпир, Ширин ва Бахмал туманларида фаолият юритаётган агентликларини мини банкка айлантирди, Андижон вилоятининг Қорасув шаҳрида янги минибанкни ишга туширди. Жума, Косонсой, Элликқалъа ва Чортоқ минибанкларининг филиал сифатида иш юритишини таъминлади. Бу ўз навбатида бундай ўзгаришларнинг ўша минтақа аҳолисига қўшимча имконият ва имтиёзлар берганлигини тақдислайди.

Бугунги кунда аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш, чекка-чекка қишлоқ ёки овулларда замонавий ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, аёлларимизнинг уй меҳнати, ёшларимизнинг иқтидори орқали етук тадбиркорлар сафини кенгайтириш, сервис хизматини ривожлантириш давлатимиз олдига қўйилган муҳим вазифалар бўлиб, уларни амалга оширишда “Микрокредитбанк” ҳам катта жонбозлик кўрсатмоқда. Хусусан, банк томонидан жорий йилнинг 11 ойида фақатгина хотин-қизларнинг тадбиркорилиги учун 12 млрд. сўм миқдорида микрокредит ажратилди. Бунинг натижасида 14 739 нафар хотин-қиз иш билан таъминланди.

- Бухоро кўҳна шаҳарлардан бири бўлгани учун бу ерга хорижий меҳмонлар тез-тез келиб туришади, - дейди “Алмаз” хусусий корхонаси раҳбари Дилором Файзиева. – Шуни инобатга олиб шаҳар марказида янги замонавий меҳмонхонани ишга туширдик. Бунда “Микрокредитбанк” томонидан берилган кредит маблағлари катта ёрдам бўлди.
Дилором Файзиева “Микрокредитбанк”нинг энг фаол ва шижоаткор мижозларидан бири ҳисобланади. У банк томонидан ўтказилган “Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасидаги энг яхши лойиҳа” кўрик танловида юқори ўринга муносиб топилди.
Тадбиркорлик субъектларини микромолиявий хизматлар билан таъминлаш борасида олиб борилган ишларни таҳлил этувчи бу каби ўзига хос тадбирлар Тошкент вилоятининг Паркент, Андижон вилоятининг Пахтаобод, Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманларида ҳам ўтказилди.

Умуман, банк томонидан республикамизда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш учун шу йилнинг ўзида 7,8 млрд. сўм миқдорида микромолиявий хизматлар кўрсатилди.

2008 йилнинг ўтган 11 ойи мобайнида жамиятимиз пойдевори ҳисобланмиш 7244 нафар ёш оилага 12,3 млрд. сўмлик кредитлар ажратилиб, бунда асосий эътибор оилавий бизнесни йўлга қўйишга қаратилди. Шундан 7 332 оилага 6,8 млрд. сўмлик имтиёзли микрокредит ҳамда 5,2 млрд. сўмлик истеъмол кредити берилган.
Шунингдек, банк “Ёшлар йили” Давлат дастури бўйича ҳам алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқиб, кўпгина эътиборга молик ишларни амалга оширди. Жумладан, вилоятлардаги юзлаб касб-ҳунар коллежлари билан ҳамкорликда иш олиб борди, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш учун ўз ташаббусларини таклиф этди. Бунинг натижасида 1270 нафар коллеж битирувчилари “Микрокредитбанк”нинг имтиёзли микрокредитлари соҳибига айланди. Банк улар учун жорий йилнинг ўзида 1,2 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратди.

- 2009 йилнинг “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” дея номланиши банкимиз зиммасига ғоят масъулиятли вазифаларни юклаш баробарида аҳоли фаровонлигини юксалтириш йўлидаги хизматларимиз доирасини янада кенгайтириш учун янгидан-янги ташаббусларни юзага чиқариш имкониятларини беради, - дейди Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки бошқаруви раиси Жамшед Сайфиддинов. - Шундан келиб чиқиб, банкимиз жамоаси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ташкил этиш, уни жадал ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароит яратиш борасида тадбиркорлар билан ҳамкорликни янада кучайтиришга галдаги муҳим вазифа сифатида қарамоқда.
Умуман, “Микрокредитбанк” аҳолининг турли қатламлари билан иш олиб бориб, фермердан тортиб, кичик корхонагача, якка тартибдаги тадбиркорлигу оилавий бизнесни амалга ошираётган хонадонларгача ўз молиявий мададлари билан кириб борган. Банкнинг бундай ҳамкорлиги юртимиздаги ҳар бир тадбиркорнинг иш кўламини кенгайтиришга, шу орқали оилалар турмуш фаровонлигини оширишга, одамларда ишбилармонлик кайфиятини шакллантиришга хизмат қилаётгани кундай равшан.

Бундай самарали ишлар “Микрокредитбанк”нинг халқаро “Микс-маркет” ташкилоти томонидан эътироф этилишига, хусусан, жаҳоннинг 3000га яқин микромолиялаш муассасалари орасида “Йилнинг энг яхши микромолиялаш ташкилоти” номини олишга сабаб бўлди.

Назира МАВЛОНОВА.
Похожие новости
ЕТТБ Ўзбекистондаги етакчи кабель ишлаб чиқарувчи корхонани кенгайишини қўллаб-қувватлайди

03.03.2009

ЕТТБ Ўзбекистондаги етакчи кабель ишлаб чиқарувчи корхонани кенгайишини қўллаб-қувватлайди

Ўзбекистон Миллий банки: ҳар бир мижоз манфаати учун

18.02.2009

Ўзбекистон Миллий банки: ҳар бир мижоз манфаати учун

Аҳоли омонатлари кафолатининг янги даври

08.01.2009

Аҳоли омонатлари кафолатининг янги даври



Система Orphus