Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга 450 миллион доллар ажратади

26.12.2008
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) бир неча йилдан буён иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари, таълим, қишлоқ хўжалиги ва транспорт соҳасида йирик қўшма лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистон билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Яқинда ОТБнинг мамлакатимиз билан ҳамкорлигига доир қисқа ва узоқ муддатли келажакдаги режалари маълум қилинди. Ушбу банк яқин уч йил давомида Ўзбекистонга тахминан 450 миллион АҚШ доллари ажратишни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон ва ОТБ темир йўл ва автомобил йўллари тармоғини ривожлантириш борасида фаол ҳамкорлик қилиб келади. Жумладан, Марказий Осиё минтақавий транспорт йўлаги бўғинларидан бири бўлган асосий автомагистрални ривожлантириш учун ОТБ мамлакатимизга 75 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратди. Бу маблағ Ўзбекистонни Қозоғистон, Афғонистон ва Туркманистон билан боғлайдиган узунлиги 1204 километрлик Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов автотрассасини ривожлантиришга йўналтирилди.

ОТБ мамлакатимизда келадиган юкларнинг асосий қисми темир йўл транспорти улушига тўғри келишини ҳисобга олган ҳолда, ҳукуматимиз саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади ва темир йўл тармоғини ривожлантириш учун икки марта, умумий қиймати 140 миллион долларга тенг маблағ ажратди.

ОТБ 2008 йилнинг декабрида Ўзбекистон ҳукуматига сув ресурсларини бошқариш ва Андижон, Навоий, Наманган, Самарқанд ҳамда Фарғона вилоятларидаги ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун 100 миллион доллар миқдорида кредит ажратишга қарор қилди. Лойиҳада узунлиги 150 километр хўжаликлараро каналларни ва хўжаликлар ичидаги 500 километрдан ортиқ коллектор-дренаж иншоотларини қайта тиклаш, Фарғона ва Зарафшон водийси ҳудудларида 150 минг гектардан ортиқ ерни суғорадиган саккизтагача насос стансиясини реконструкция қилиш кўзда тутилган. Лойиҳани амалга ошириш муддати тахминан олти йилни ташкил этади. Кредит тўғрисидаги битимни 2009 йилнинг бошида имзолаш режалаштирилган.

Осиё тараққиёт банки томонидан иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳада амалга оширилаётган кўплаб лойиҳалар ўзининг сезиларли натижаларини бермоқда.

Масалан, ОТБнинг “Қашқадарё ва Навоий вилоятларида сув таъминоти ҳамда санитария” лойиҳасининг амалга оширилаётганини таъкидлаш мумкин. Лойиҳа оқова сувларни чиқариб ташлаш учун сув қувурлари тизимини барпо этиш ва ускуналарни янгилашни назарда тутади. Бу қарийб 170 аҳоли пунктида сув таъминоти ва санитария ҳолатини яхшилаш имконини беради. 2006 йилдан буён амалга ошириб келинаётган “Сув” лойиҳасини 2010 йилда якунлаш режалаштирилмоқда.

ОТБ 12 йиллик ҳамкорлик давомида Ўзбекистон Республикасига умумий қиймати бир миллиард доллардан ортиқ бўлган 26 кредит маблағи ажратди. Айни пайтда умумий қиймати қарийб 600 миллион долларни ташкил этадиган 16 та кредит маблағини ўзлаштириш давом этмоқда. Улар қишлоқ хўжалиги, транспорт инфратузилмаси, ичимлик сув таъминоти тармоғида инвеститсия лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, таълим ҳамда кичик бизнесни ривожлантириш соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.

Ўзбекистон ва ОТБ ишончли ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйган. ОТБ мутахассисларининг фикрича, ҳозирги глобал молиявий инқирозга қарамай, Ўзбекистон иқтисодий ривожланишнинг барқарор юқори кўрсаткичларини намоён этмоқда. Осиё тараққиёт банки экспертлари фикри асослидир. Негаки, ушбу нуфузли халқаро молия институти Ўзбекистондаги 12 йиллик фаолияти давомида миллий иқтисодиётимиз хусусиятларини яхши ўрганиб чиққан.

– Ўзбекистон раҳбарияти иқтисодий юксалиш аҳоли турмуш даражасига ижобий таъсир кўрсатиши учун астойдил ҳаракат қилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз, – дейди Осиё тараққиёт банкининг мамлакатимиздаги доимий ваколатхонаси раҳбари Хонг Вей. – Шу сабабли мамлакатингиз ҳукумати банкимиз билан ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишда ижтимоий масалалар, хусусан, таълим, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш ва бошқа муҳим тармоқларга катта эътибор қаратмоқда.

ОТБ экспертларининг фикрича, Ўзбекистон иқтисодиёти келгусида ҳам юқори суръатларда ривожланади ва ушбу халқаро молия институти қўшма лойиҳалар ёрдамида мазкур жараёнга ўз ҳиссасини қўшиб бораверади.

Манба: УзА


Похожие новости
Хусусий мулкчилик ва ҳудудлар иқтисодиётини инвестициялаш самарадорлигини ошириш – устувор вазифа

02.02.2009

Хусусий мулкчилик ва ҳудудлар иқтисодиётини инвестициялаш самарадорлигини ошириш – устувор вазифа

Респблика қимматбаҳо қоғозлар биржаси қатнашчиларининг маблағлари ҳажмига нисбатан янги талаблар қўйилмоқда

22.01.2009

Респблика қимматбаҳо қоғозлар биржаси қатнашчиларининг маблағлари ҳажмига нисбатан янги талаблар қўйилмоқда

Давлат буджети - мамлакатдаги иқтисодий соҳани тартибга солишга қаратилган энг муҳим механизмлардан бири

22.01.2009

Давлат буджети - мамлакатдаги иқтисодий соҳани тартибга солишга қаратилган энг муҳим механизмлардан бири



Система Orphus