JET: Являются ли игры Hamster Kombat и Notcoin законными? Подробнее

Давлат буджети - мамлакатдаги иқтисодий соҳани тартибга солишга қаратилган энг муҳим механизмлардан бири

22.01.2009

Давлат буджети мамлакатдаги иқтисодий соҳани тартибга солишга қаратилган энг муҳим механизмлардан бири бўлиб, ҳар бир жамиятнинг иқтисодий тизимини шакллантириш ва ривожлантиришда муҳим ўрин эгаллайди.

Ўзбекистон Республикаси Конститутсиясининг 122-моддасига мувофиқ олиб борилаётган молия ва пул-кредит сиёсати босқичма-босқичлилик тамойилига асосланган. Бу эса ўз навбатида, бутун дунёда рўй бераётган иқтисодий бўҳроннинг давлатимиз иқтисодиётига сезиларли даражада таъсир ўтказа олмаслигини кафолатлайди. Ҳозирги кунда мамлакатимиз молия-иқтисод, буджет, банк-кредит тизими, шунингдек, ишлаб чиқариш соҳаларининг барқарор ишлаши учун зарур маблағ ва заҳирага эга.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан маъқулланган Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил давлат буджетидаги 2009 йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ҳам ана шу йўналишда, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган мамлакатимизни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари негизида ишлаб чиқилган.

Давлат буджети даромадлари ва харажатлари сиёсати ўзаро узвий боғлиқ бўлиб, муҳим вазифалардан бири – халқимиз ва мамлакатимиз манфаатларига мос, ишлаб чиқаришни ривожлантира оладиган молия-кредит, пул сиёсатини юритишга хизмат қилади.

Ҳужжатга мувофиқ, 2009 йилги солиқ сиёсати ҳам барқарор иқтисодий ўсиш, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларининг макроиқтисодий ва молиявий жиҳатдан ўзаро мувофиқ бўлиши, аҳоли турмуш даражасининг ошишини таъминлашга қаратилгандир. Жумладан, бизнес ва хусусий тадбиркорлик субектларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва янги иш жойларини яратишни рағбатлантириш мақсадида солиқ юкини пасайтириш кўзда тутилган.

Жумладан, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўловининг асосий ставкасини 8 фоиздан 7 фоизгача пасайтириш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар даромадидан олинадиган қатъий белгиланган солиқ миқдорини ўртача 1,3 баробарга камайтириш белгиланган. Солиқ тўловчиларнинг барча гуруҳлари учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаларини пасайтириш ҳисобига аҳоли даромадларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Кредит уюшмаларидаги депозит қўйилмалар бўйича олинган даромадларни жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилиш кўзда тутилгани ушбу ташкилотларга жисмоний шахсларнинг омонатларини жалб қилишда тенг шарт-шароит яратиш ва депозитлар бозоридаги рақобатни ривожлантириш, микромолиялаштиришни рағбатлантириш имконини беради.

Ер ва сув ресурсларидан янада самарали фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида 2009 йилги давлат буджетида ер солиғи, ягона ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини 1,25 баробарга ошириш кўзда тутилган.

Солиқ сиёсатининг ушбу параметрлари 2009 йилда ялпи ички маҳсулот 8,0 фоизга, саноат тармоқлари маҳсулотлари 9,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 5 фоизга, инвеститсиялар ҳажми 18 фоизга ўсиши, инфлатсия даражаси 6-8 фоизгача камайиши учун мустаҳкам асос бўлади.

Давлат буджети параметрларида муҳим қисм – 2010 йилгача буджет тизими ходимлари иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва ижтимоий нафақалар миқдорларини 2,5 баробар ошириш мақсадидан келиб чиқиб, аҳоли даромадлари даражасини ҳамда турмуш фаровонлигини янада кўтариш белгиланган.

Шу боис 2009 йил 1 январдан бошлаб илгари энг кам иш ҳақига нисбатан белгиланган ижтимоий нафақалар, пенсиялар ва уларга тенглаштирилган тўловлар миқдорини қатъий пул миқдорларида белгилаш ҳамда уларни иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар миқдори оширилиши муддатларида индексатсия қилиб бориш белгиланган. Бу эса ижтимоий нафақалар ва тўловлар миқдорини ўртача иш ҳақи ўсишидан кўпроқ индексатсия қилишни таъминлайди.

Ёшларимизнинг миллий ва жаҳон мусиқаси, тасвирий санъатининг юксак намуналаридан кенг баҳраманд бўлиши учун зарур шароит яратиш, бошланғич мусиқий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, болалар мусиқа ва санъат мактабларини ривожлантириш мақсадида 2009 йилда давлат буджетидан 6 та мусиқа мактабини қуриш, реконструксия қилиш ва мукаммал таъмирлаш ҳамда уларни мусиқа асбоблари ва махсус жиҳозлар билан таъминлаш учун тегишли маблағ ажратиш кўзда тутилган. Шунингдек, ўсиб келаётган ёш авлодни жисмоний тарбия ва сув спорти билан шуғулланишга янада оммавий жалб этиш, сузиш ҳавзалари тармоғини кенгайтириш ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 21 та болалар сузиш ҳавзасини мукаммал реконструксия қилиш ва таъмирлашга маблағ ажратиш режалаштирилган.

2009 йилда Мактаб таълими жамғармаси ҳисобидан меҳрибонлик уйлари, жисмоний ва ақли заиф болалар махсус мактаб-интернатларининг моддий-техник таъминотини яхшилаш бўйича қабул қилинган Давлат дастури доирасида 2 та ана шундай муассасани реконструксия қилиш ва 10 та муассасани мукаммал таъмирлаш белгиланган.

Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ, 18 та академик литсей, 191 та касб-ҳунар коллежини фойдаланишга топшириш назарда тутилган. Шунингдек, мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастури асосида буджетдан ташқари Мактаб таълими жамғармаси ҳисобидан 2009 йилда 1932 та умумтаълим мактабини қуриш ва таъмирлаш, шунингдек уларни замонавий ўқув-лаборатория ва мебеллар билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилади.

Давлат буджетининг соғлиқни сақлаш тизими харажатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 19 сентабрдаги "Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида"ги фармонида қайд этилган тадбирлар харажатлари ҳисобга олинган ҳолда белгиланган ва бу ялпи ички маҳсулотга нисбатан ўтган йилги 2,5 фоиз ўрнига 2,7 фоизни ташкил қилади.

Маҳаллий ҳокимият ва ўзини ўзи бошқариш идораларининг аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги иштироки самарадорлигини ошириш мақсадида буджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳисобидан болаликдан ногиронларга нафақалар тўлаш бўйича харажатлар 2009 йилдан давлат буджети ҳисобидан молиялаштирилади. Бунда нафақаларни жойлардаги ижтимоий муҳофаза қилиш идоралари орқали тайинлаш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 19 мартдаги қарори билан тасдиқланган суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга Суғориладиган ерларнинг мелоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси орқали 130 миллард сўм йўналтирилади. Шунингдек, ноқулай табиий шароитда пахта етиштиришнинг рентабеллиги ва рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида мураккаб табиий шарт-шароитда ва кам ҳосилли ерларда пахта етиштираётган фермер хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун 2008 йилдагидан 2 баравар кўпроқ маблағ ажратилади.

Аҳоли пунктларини ободонлаштириш, маҳаллий аҳамиятга эга автомобил йўлларини таъмирлаш ҳамда шаҳар ва туманлар инфратузилмаларини қўллаб-қувватлашга ЯИМ ҳажмининг 0,2 фоизи миқдорида харажатлар белгиланган.

Давом этаётган жаҳон молиявий инқирозига қарамай, 2009 йилга мўлжалланган давлат буджетида ижтимоий соҳага бўлган харажатлар миқдори камайтирилмайди ва у умумий харажатларнинг 56,5 фоизини ташкил этади.

Давлат буджетининг белгиланган ушбу параметрлари мамлакатимизда инвеститсиявий фаолликни ошириш, иқтисодиётни изчил ривожлантириш, ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсишини таъминлаш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ва халқимиз фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади.

Манба: Uzreport.com

Похожие новости
Хусусий мулкчилик ва ҳудудлар иқтисодиётини инвестициялаш самарадорлигини ошириш – устувор вазифа

02.02.2009

Хусусий мулкчилик ва ҳудудлар иқтисодиётини инвестициялаш самарадорлигини ошириш – устувор вазифа

Респблика қимматбаҳо қоғозлар биржаси қатнашчиларининг маблағлари ҳажмига нисбатан янги талаблар қўйилмоқда

22.01.2009

Респблика қимматбаҳо қоғозлар биржаси қатнашчиларининг маблағлари ҳажмига нисбатан янги талаблар қўйилмоқда

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга 450 миллион доллар ажратади

26.12.2008

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга 450 миллион доллар ажратади



Система Orphus