JET: Какие автомобили можно приобрести в рассрочку в Узбекистане 2025 году? Подробнее

Хусусий мулкчилик ва ҳудудлар иқтисодиётини инвестициялаш самарадорлигини ошириш – устувор вазифа

02.02.2009

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Буджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан “Хусусийлаштириш ва инвестициялаш минтақавий дастурларининг самарадорлиги мониторинги: ҳуқуқий ва иқтисодий жиҳатлар” мавзусидаги давра суҳбати шу йил 30 январда Бухоро вилоят ҳокимлигида ўтказилди. Тадбир хусусийлаштириш ва инвестициялаш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг мамлакат минтақаларидаги ижроси масалаларини кўриб чиқишга бағишланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 8 февралда бўлиб ўтган, 2007 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2008 йилда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, мамлакатимизда 2007 йилда хорижий инвестициялар иштирокида 700 дан зиёд янги корхона барпо этилди. Қўшма корхоналар биринчи галда юксак технологияларга асосланган тармоқларда – енгил, озиқ-овқат, электротехника, кимё ва нефт-кимё, машинасозлик, қурилиш материаллари саноатида, телекоммуникация ва ахборот технологиялари соҳасида ташкил этилаётганлиги эътиборга лойиқдир.

Ҳозирги кунда мамлакатимиз ташқи савдо айланмасининг учдан бир қисми хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ҳиссасига тўғри келмоқда, бундай корхоналар ишлаб чиқарган маҳсулотларнинг экспорт ҳажми ўтган йили 62 фоизга ошди. Кейинги йилларда давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш соҳасидаги ёндашувлар тубдан қайта кўриб чиқилди, корхоналар капиталида давлат иштирокини кескин камайтиришга оид қарорлар қабул қилинди, давлат мулкини баҳолаш ва кейинчалик хусусий мулк сифатида сотишни тартибга соладиган норматив базани либераллаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Масалан, хусусийлаштириш ва инвеститсиялашга доир минтақавий дастурларнинг амалга оширилиши натижаларига қараганда 2008 йили Бухоро вилояти корхоналарига 256 миллиард сўм миқдоридаги хорижий инвестициялар жалб қилинди, уларнинг 67,9 фоизини тўғридан-тўғри инвестициялар ташкил этди. Бундан ташқари 2007–2008 йиллар мобайнида 28 давлат активлари хусусийлаштирилиб, 2,1 миллиард сўм миқдоридаги инвеститсия мажбуриятлари маҳаллий инвесторлар томонидан адо этилди, икки мингга яқин янги иш ўринлари барпо этилди.

Сўзга чиққанлар шуни алоҳида таъкидладиларки, минтақа иқтисодиётини юксалтириш, корхоналарни реконструкциялаш ва янги корхоналар қуриш, уларни замонавий техника билан таъминлаш, энг янги технологияларни жорий этишда хорижий инвестицияларни жалб этиш, кичик бизнесни, хусусий тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш соҳаси ва касаначиликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Бу энг аввало аҳолини иш билан таъминлаш ва унинг даромадларини ошириш йўналишидаги, шунингдек, бошқа муҳим минтақавий ижтимоий муаммоларни ҳал этишга ёрдам беради.

Тадбир иштирокчилари шуни ҳам қайд этиб ўтдиларки, давлат обектларини хусусийлаштиришда энг муҳими бу корхоналарни ҳақиқий эгасига, хусусийлаштирилган завод ёки фабрикани модернизация қилиш, техник ҳамда технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашга, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқарилиши ва хизматлар йўлга қўйилишини ташкил этишга қаратилган самарали чораларни амалга оширишга қодир моҳир менеджерларга топширишдир.

Бундан ташқари сенаторлар минтақада инвестиция муҳитини яхшилаш зарур эканлигини, шунингдек, хусусийлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник қайта жиҳозлаш ва реконструкциялаш дастурларини амалга ошириш учун, минтақаларнинг меҳнат кучи мўлроқ жойларида янги иш ўринларини барпо этиш учун жумладан, чет эл инвесторларига ишончли ҳуқуқий ҳимоя ва кафолатлар таъмин этилган ҳолда хусусий тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш жоизлигини таъкидладилар.

Иштирокчилар хусусийлаштириш дастурларини амалга ошириш учун хусусий тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш мақсадида тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар билдирдилар.

Ўзаро фикрлашув асносида давра суҳбати иштирокчилари бир қанча таклифларни ўртага ташладилар ҳамда хусусийлаштириш ва инвестициялаш минтақавий дастурлари самарадорлиги мониторингини амалга оширишга доир тавсиялар қабул қилдилар.

Давра суҳбатида сенаторлар, халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашининг депутатлари, Молия, Иқтисодиёт, Адлия, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат мулк қўмитаси, Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, Марказий банк, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, олимлар, инвесторлар ва мулкдорлар иштирок этдилар.

Манба: Uza.uz

Похожие новости
Респблика қимматбаҳо қоғозлар биржаси қатнашчиларининг маблағлари ҳажмига нисбатан янги талаблар қўйилмоқда

22.01.2009

Респблика қимматбаҳо қоғозлар биржаси қатнашчиларининг маблағлари ҳажмига нисбатан янги талаблар қўйилмоқда

Давлат буджети - мамлакатдаги иқтисодий соҳани тартибга солишга қаратилган энг муҳим механизмлардан бири

22.01.2009

Давлат буджети - мамлакатдаги иқтисодий соҳани тартибга солишга қаратилган энг муҳим механизмлардан бири

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга 450 миллион доллар ажратади

26.12.2008

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга 450 миллион доллар ажратади



Система Orphus