Ҳаммага маълумки, Банкларнинг ишончлилиги ва барқарорлиги бутун аҳоли ва ҳар бир кишининг уларга бўлган ишончини белгилайди. Бу эса, биринчи навбатда, банк мижознинг ҳисобварақ, омонат, пластик карточка очиш ёки улар бўйича зарур операцияларни бажариш билан боғлиқ ёхуд бошқа эҳтиёжларини ўз вақтида ва сифатли қондира олишига боғлиқдир. Бундан ташқари, банк ривожланган инфратузилмага эга бўлиши, мижозларга хавфсиз хизмат кўрсатилишини таъминлай олиши ҳамда тақдим этилаётган хизматлар сифати ва доираси бўйича замонавий мезонлар/рейтинглар талабларига жавоб бериши, шунингдек янги интерактив хизматлар ва электрон ҳисоб-китоб турларини фаол жорий этиши керак.
Ҳозирги кунда Миллий банк пластик карточкаларга хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш учун катта маблағлар ажратишда давом этиб, иш ҳақи лойиҳаларини фаол жорий қилмоқда. Айни пайтда электрон савдо терминаллари билан жиҳозланган савдо-сервис корхоналари тармоғини кенгайтириб бораяпти.
Бу соҳада юз бераётган жараёнлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Пул муомаласи бош бошқармаси бошлиғи Бодягина Людмила Григорьевна батафсил ҳикоя қилиб берди.
Ҳозирда жаҳоннинг аксарият мамлакатларида чакана тўловлар тизимида пластик карточкалар етакчилик қилаяпти,– деб таъкидлади Людмила Григорьевна. Ҳисоб-китоблар қулайлиги, нақд пул айланмаси қисқариши ва хизмат кўрсатишга оид харажатлар камайиши, пул маблағларини сақлаш ва улардан фойдаланиш хавфсизлиги – тижорат банклари томонидан тарқатилаётган пластик карточкаларнинг баҳс-мунозарага ўрин қолдирмайдиган афзалликларидир.
Миллий банк Республикада сўм ва халқаро пластик карточкаларнинг энг катта эмитенти ҳисобланади.
- Бир йўла кўрсаткичлар ҳақида гапирмоқчиман. Ўтган йил мобайнида қарийб 180 мингта карточка муомалага чиқарилди. Умумий эмиссия эса 1.319 минг дона бўлди. 2008 йилда карточкалар бўйича бажарилган операциялар ҳажми 2007 йилдагига нисбатан икки баравар ўсиб, 210 млрд. сўмликдан кўпроқ суммани ташкил этди. Сўм пластик карточкаларни тўлов воситаси сифатида қабул қилувчи савдо-сервис корхоналарида нақд пулсиз тўловлар бўйича оборотлар аввалги йил кўрсаткичидан 2 баравардан зиёдроқ кўпайиб, деярли 150 млрд. сўмга етди.
Ҳозирги вақтда Республика тижорат банклари ҳокимиятлар билан биргаликда мамлакат ташкилотлари ва ишлаб чиқариш корхоналари орасида иш ҳақи лойиҳаларини жорий этиш йўли билан пластик карточкалардан фойдаланиш соҳасини кенгайтириш борасида фаол иш олиб бораяпти. Миллий банк иш ҳақи лойиҳалари доирасида 381,6 мингта пластик карточка чиқарди. Бу эса, чиқарилган жами карточкаларнинг деярли учдан бир қисмини ташкил этади. 2008 йил мобайнида мижозларнинг махсус сўм карточка ҳисобварақларига 227,4 млрд. сўм ўтказилди. Бу эса, 2007 йилдаги шу кўрсаткичдан 1,6 баравар кўпдир.
Республика аҳолисининг муайян қисми нақд пулсиз чакана ҳисоб-китобларнинг ушбу тизимига кенг миқёсда ўтиш ғоясига иштиёқсизлик билан қараётгани сир эмас. Кўпчилик ҳали ҳам аксарият катта супермаркетлар ва фирма дўконларида пластик карточка орқали тўловларни амалга ошириб бўлмайди, савдо-сервис корхоналари тармоғи яхши ривожланмаган, карточкалар билан боғлиқ хизматлар хилма-хил эмас, деб ўйлайди. Миллий банк фақат 2008 йилнинг ўзида пластик карточкаларни тўлов учун қабул қилувчи ўз савдо-сервис корхоналари тармоғини 2.653тадан 3.553тага етказганлиги юқоридаги фикрнинг нотўғрилигини кўрсатиб турибди. Бу даврда қўшимча равишда 1.164та терминал сотиб олиниб, уларга ўрнатилди. Натижада, банк бўйича терминаллар умумий миқдори 30% кўпайиб, 3.968тани ёки “UZKART” тизимига аъзо 21та тижорат банки бутун республикада ўрнатган терминалларнинг 1/5 қисмини ташкил этди.
Банк пластик карточкаларни қабул қилиш ва улар бўйича хизмат кўрсатиш тўғрисида шартномалар тузган савдо-сервис корхоналари орасида савдо, хизмат кўрсатиш корхоналари ҳам, уяли алоқа хизматидан фойдаланганлик учун тўловларни қабул қилиш пунктлари ҳам, дорихоналар, автомобилларга ёнилғи қуйиш шахобчалари, қаҳвахоналар, ресторанлар ҳам, авиа ҳамда темир йўл кассалари ва бошқалар ҳам бор. Бунда шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, тобора кўпроқ кичик дўконлар, “Озиқ-овқатлар” дўконлари пластик карточкадан фойдаланиладиган нақд пулсиз ҳисоб-китобларни қўллай бошламоқда. Ҳолбуки, улардаги товарларнинг асосий турлари, шак-шубҳасиз, аҳолининг кенг қатламларига мўлжалланган.
Банк мутахассислари самарасиз фойдаланилаётган ускуналар миқдорини камайтириш мақсадида, ҳар бир терминал орқали ўтаётган савдо айланмаларини доимий асосда мониторинг қилаяптилар. Мониторинг якунлари бўйича мазкур терминаллар фаол ишлатилмаётган савдо нуқталаридан қайтариб олинаяпти ва мижозлар талаби кўпроқ бўлган савдо-сервис корхоналарига ўрнатилаяпти. Терминаллар ўрнатиладиган янги жойлар белгиланаётганда карточка ушловчи мижозларни сўроқлаш натижалари, шунингдек савдо нуқталари банк билан иш ҳақи лойиҳалари тўғрисида шартнома тузган корхона ва ташкилотларга қанчалик яқин жойлашганлиги ҳисобга олинмоқда.
Ўтган йилда ҳар бир терминалга тўғри келадиган операцияларнинг ойлик ўртача ҳажми анча ўсди – йил охирига келиб, бу ҳажм 6,5 млн. сўм даражасида бўлди. Ҳолбуки, 2007 йилнинг шу даврда бу кўрсаткич 2,6 млн. сўм эди.
Ҳозирги кунда Миллий банк аҳоли гавжум яшайдиган жойларга замонавий банк хизматларини максимал даражада яқинлаштириш учун барча чораларни кўраяпти. Шу мақсадда ихтисослаштирилган кассалар ва мини-банклар тармоғи кенгайтирилмоқда. Уларда корпоратив мижозларга ҳисоб-китоб-касса хизматлари кўрсатилаяпти, жисмоний шахсларга омонатлар очиш ва омонатларни бериш, улардан коммунал ва бошқа тўловларни, жумладан тўлов воситаси сифатида пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш операциялари бажарилаяпти ва ҳ.к.
Ҳозирги кунда 104та ихтисослаштирилган касса ҳамда 82та мини-банк очилган ва ишлаб турибди. Бу ихтисослаштирилган кассаларнинг 32таси Тошкент шаҳрида жойлашган.
Шак-шубҳасиз, бу ерда ҳам карточкалар коммунал ва бошқа барча турдаги хизматлар ҳақини тўлашнинг тезкор ҳамда қулай усули сифатида ўзини кўрсатди. Шуни таъкидлаш керакки, 2008 йилда Ўзмиллийбанкнинг махсус кассалари ва мини-банкларида қабул қилинган коммунал тўловлар суммаси 678 млрд. сўмни ташкил этди. Шулардан 6,8 млрд. сўми карточкалар орқали тўланди.
Банк карточка эгаларига қўшимча банк хизматини таклиф қилаяпти: иш ҳақи лойиҳалари доирасида кредит овердрафт карточкалари чиқарилмоқда. Бундай карточка эгалари банкдан қарз олиш имконига эга бўладилар. Овердрафт кредитидан фойдаланиш тўртта кредит схемаси кўринишида таклиф этилмоқда. Бу схемалар аҳоли турли қатламларининг алоҳида эҳтиёжларини ҳисобга олиш имконини беради. Ўтган йили 3 мингтадан ортиқ овердрафт карточка муомалага чиқарилди. Улар бўйича 6,2 млрд. сўмликдан зиёд кредитлар берилди. Бу эса, 2007 йилнинг шу давридагига нисбатан икки баравар кўпдир.
2008 йилда Миллий банк тижорат банклари орасида биринчи бўлиб сўм пластик карточкалар бўйича принципиал янги хизмат – DUET Online хизматини муваффақиятли жорий этди. Бу хизмат туридан фойдаланувчи мижозлар ўз уйлари ёки офисларида турган шахсий компьютерлардан Интернет орқали ўзларининг карточка ҳисобварақларини кўришлари мумкин. Эндиликда Ўзмиллийбанк мижозлари банк муассасасига бормасдан ҳисобварақдаги маблағларни пластик карточкага тушириш ва савдо картасини инкассация қилиш имконига эга бўлдилар. Банк DUET Online тизимини ривожлантириш бўйича белгиланган дастурга мувофиқ унинг янги версиясини тажриба сифатида фойдаланишга жорий этди. Мазкур тизим ёрдамида мижозлар банк билан тегишли шартнома тузган тўлов олувчилар номига ўз ҳисобварақларидан ҳақ тўлаш имкониятидан фойдаланишлари мумкин. Бунда, ҳозирча, ўз биллинг тизимига эга бўлган уяли алоқа операторлари ва интернет-провайдерлар каби олувчилар ҳақида сўз бормаяпти. Яқин келажакда тўловлар фақат коммунал хизматлар ҳақи сифатида қабул қилинади.
Банк томонидан вилоятларда амалга оширилган лойиҳалар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Чунончи, 2008 йил июль ойида Навоий вилоятида пластик карточкалардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, уларга ўтказиладиган иш ҳақи ҳажмларини ва карточка эгалари сонини кўпайтириш, савдо-сервис корхоналари тармоғини кенгайтириш ҳамда янги маҳсулот ва хизматларни жорий этиш йўли билан пул эмиссиясини қисқартириш бўйича минтақавий комплекс дастур тасдиқланди. Уни бажариш мақсадида Миллий банк муассасаларида карточка тизими янги версияга ўтказилди. Ушбу иш барча йирик корхоналар ҳудудида Гуруҳли ўзига-ўзи хизмат кўрсатиш марказларини жорий этиш имконини берди. Олиб борилган бу ишлар натижасида 2008 йилнинг иккинчи ярмида эмиссия кўрсаткичлари 4 баравар ошди, шунингдек карточкалар билан операциялар бажариш учун бевосита банкка келадиган мижозлар оқими анча камайди.
2009 йил ЎзР Марказий банки томонидан пластик карточкалар йили деб эълон қилинганлигини ҳисобга олиб, Миллий банк пластик карточкалар даражасини жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш мақсадида нақд пулсиз чакана ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантириш, карточка ушловчиларга тақдим этилаётган хизматлар сифатини яхшилаш, шунингдек уларга хизмат кўрсатиладиган тармоқни янада кенгайтириш ҳамда мижозлар учун янги қизиқарли маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқишни ўз олдига бош вазифалар қилиб қўйди. Карточка маҳсулотларини оммалаштириш мақсадида банк доимий асосда реклама тадбирларини амалга оширади. Корхона ва ташкилотларни иш ҳақи лойиҳаларида қатнашишга жалб этиш борасидаги фаол ишлар давом эттирилади.
Терминаллар тармоғи янада ривожлантирилади. Бунда фақат жисмоний шахслар учун эмас, айни пайтда юридик шахслар учун ҳам банк карточкаларидан фойдаланиш соҳаси анча кенгайтирилиши мўлжалланмоқда.
Пластик карточкалар бўйича янги банк маҳсулотлари ва хизматларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш доирасида банк Visa ҳомийлигида EMV-спецификациясига мансуб чипли карточкаларни муомалага чиқармоқчи.
Жорий йилда банкоматлар сони янада кўпаяди, шунингдек мутлақо янги ускуна – инфокиосклар фойдаланишга киритилади. Бу ускуналарни коммунал хизматлар, уяли алоқа хизматлари ва бошқалар ҳақини карточкалар орқали қабул қилиш учун ҳамма кириши мумкин бўлган жойларга ўрнатиш режалаштирилаяпти. Жисмоний шахслар ўз жўнатмаларини тез ва қулай амалга оширишларини таъминлаш учун миллий валютадаги, жумладан пластик карточкалардан фойдаланилувчи ички пул жўнатмалари тизимини жорий этиш мўлжалланмоқда. Пластик карточкалар шаҳар йўловчи транспортининг барча турларида, жумладан метрода юриш ҳақини тўлашда қўлланилади. Истиқболда банк ҳисобварақларини масофадан бошқариш тизимларини (интернет-банкинг, мобил банкинг ва шу кабиларни) жорий этиш вазифаси ҳал этилади.
Сўзим якунида шуни айтиб ўтмоқчиманки, юқорида баён этилган маълумотлар ўз пули эвазига энг сифатли хизматлардан фойдаланишни истовчи тобора кўпроқ ўзбекистонликлар савдо ва ҳисоб-китобларнинг маданиятли усулларига мойиллик билдирмоқда. Ҳозирги кунда эса айни пластик карточка бундай ҳисоб-китобларнинг энг тезкор ва жўн усулидан фойдаланишни таъминлайди. Электрон ҳисоб-китоблар тизими ривожланишидаги ижобий динамика эса, мазкур маҳсулот яқин келажакда халқ орасида кенг оммалашган нақд пулсиз тўловлар воситасига айланади деб умид қилиш учун асос беради.
Манба: "Банк ахбаротномаси"
Пластик карточкалар – оддий ечим