Ўзбекистон Миллий банки: ҳар бир мижоз манфаати учун

18.02.2009

Банк-молия тизимининг барқарорлигини ҳамда банкларнинг инвестиция фаоллигини ошириш учун ишончли ресурс базасини таъминлаш мақсадида аҳоли ва юридик шахсларнинг тижорат банкларидаги депозитларга жалб этилаётган маблағлари ҳажми кенгайтирилиши мамлакатимиз Президенти томонидан 2009 йил учун ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг бош йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

1991 йил 7 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг Фармонига мувофиқ ташкил этилган Ўзмиллийбанкнинг филиаллар тармоғи шаклланиб боргани сайин, у 1998 йилдан эътиборан энг катта хорижий банклар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда фуқароларнинг депозит ҳисобварақларига маблағларни жалб этиш билан аниқ мақсадли шуғуллана бошлади.

Қабул қилинган қарор тўғрилигини шундан ҳам кўриш мумкинки, олиб борилаётган ушбу иш барқарор ресурс базасини шакллантиришгина эмас, айни пайтда хизмат кўрсатилаётган мижозлар доирасини кескин кенгайтириш имконини ҳам берди.

Ҳозирги вақтда банк ўз мижозлари бўлган хусусий шахсларга қарийб 75 турдаги чакана хизматларни тақдим этаяпти. Булар миллий ва хорижий валюталардаги депозитларга маблағларни қабул қилиш, ҳисоб-китоб-касса хизматлари кўрсатиш, истеъмол, ипотека, овердрафт ва бошқа турдаги кредитлар бериш, сўмдаги ва халқаро пластик карточкалар бўйича хизмат кўрсатиш, пул жўнатмалари, валюта айирбошлаш операциялари каби ва бошқа хизматлардир.

Миллий банк Республика аҳолисига кўрсатилаётган хизматлар ҳажмларини режали асосда тобора кенгайтира бошлаб, 2000 йилдан буён омонатлар бозорида ўз пешқадамлик мавқеини сақлаб турибди.

1998-2008 йилларда миллий ва хорижий валютадаги депозитлар ҳажми сўм эквивалентида 1 млрд. сўмдан 257 млрд. сўмга чиқди. Бу эса, 2009 йил 1 январдаги ҳолатга кўра, республикадаги барча тижорат банкларида очилган депозитлар умумий ҳажмининг бешдан бир қисмини ташкил этади. Фақат 2008 йилнинг ўзида жисмоний шахсларнинг миллий ва хорижий валюталардаги депозитларида турган маблағлар қолдиғи деярли 22 млрд. сўм кўпайди.

Омонатчиларнинг умумий сони 12 баравар, жумладан, 2008 йил давомида 1,2 баравар ошди ва 2009 йил 1 январга келиб 1.810 мингтага етди. Бу эса, Россиянинг йирик тижорат банкларидаги кўрсаткичларга таққосласа бўладиган рақамдир.

Миллий банкнинг омонатчилари доимий равишда кўпайиб бораётгани ва депозит ҳисобварақларига жалб этилган маблағлар ҳажми анча ўсгани тўғри танланган маркетинг сиёсати ҳамда замонавий банк маҳсулотлари ва хизматларини фаол жорий этиш, улар сифатини яхшилаш, бўлим ва филиалларнинг моддий-техника базаси мунтазам равишда янгилаб борилиши, ходимлар малакаси оширилишининг натижасидир. Юқоридаги кўрсаткичлар аҳолининг республикадаги энг ишончли молия муассасаларидан бири сифатида Миллий банкка бўлган ишончи сўзсиз ошганлигидан ҳам далолат беради.

Миллий банк аҳолининг бўш пул маблағларини фаол жалб эта бориб, иқтисодиёт субъектларини кредитлаш учун ўз ресурс базасини кенгайтирибгина қолмасдан, айни пайтда пул маблағлари банкдан ташқарида айланишини қисқартириш ишига ҳам ўз улушини қўшмоқда. Бунда омонатчига унинг маблағлари фақат бут сақланиши ва анча кўпайиши эмас, шу билан бирга бу омонат унинг миқдоридан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ, тўла ҳажмда қайтарилиши ҳам кафолатланади.

Ўз хизматларининг жозибадорлигини ошириш, шунингдек аҳолининг ишончини мустаҳкамлаш мақсадида Миллий банк томонидан доимий асосда, фуқароларнинг ижтимоий ва ёш тоифасини ҳисобга олган ҳолда ҳар хил омонат турлари ишлаб чиқилмоқда ва жорий этилмоқда, мижозларга хизмат кўрсатиш инфратузилмаси ривожлантирилмоқда, жўшқин ўзгариб турган иқтисодий ва техникавий омилларга қараб, банкнинг ўз нарх ва тариф сиёсати шакллантирилмоқда.

Ҳар йили мамлакат турмушининг турли саналарига бағишлаб, шунингдек ҳар бир йил давлат дастурларидан бирини бажариш йили деб эълон қилиниши муносабати билан, янги депозитлар таклиф этилаяпти. Агар охирги йилларни оладиган бўлсак, Хайрия ва тиббиёт ходимлари йили деб эълон қилинган 2006 йилда “Шифокор”, Ижтимоий ҳимоя йили деб эълон қилинган 2007 йилда “Ёш оила”, Ёшлар йили деб эълон қилинган 2008 йилда “Камолот”, Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили деб эълон қилинган 2009 йилда “Замин” омонатлари жорий этилди.

Ўтган йил давомида республика аҳолисига миллий валютадаги йигирмата ва хорижий валютадаги ўн учта депозит таклиф қилинди. Бу ҳолат мижозларга бўш пул маблағларини сақлаш шартлари ва даромад миқдори ўзларига энг кўп мақбул бўлган омонатни танлаш имконини берди.

2008 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни муносабати билан миллий валютадаги “Янгилик” муддатли депозити бўйича ютуқлар тиражи ўтказилди. Бу тираж натижаларига кўра омонатчиларга тўланган ютуқларнинг умумий суммаси 18,3 млн. сўмни ташкил этди.

Ҳозир Миллий банк муассасаларида миллий валютадаги 14 хил депозит амал қилаяпти. Улар бўйича йиллик 16%дан 18%гача фоизлар, жумладан сақлаш муддати тугаганидан кейин бонуслар (2-3%) тўланмоқда. Бундан ташқари, берилаётган истеъмол ва ипотека кредитлари учун нақд маблағларни қўшимча равишда жалб этиш мақсадида “Расамад” ва “Имкон” гаров депозитлари очилаяпти. Улар бўйича фоиз ставкаси йиллик 2%дан 6%гача қилиб белгиланмоқда. Хорижий валютада 1 ойдан 3 йилгача сақлаш муддати билан очилаётган 19 турдаги депозитлар бўйича йиллик 7%гача даромад тўланмоқда.

Миллий банк фаолияти аҳолининг жамғармалари энг мақбул тарзда ишга солинишига ҳамда омонатчига, банкка, бутун мамлакат халқига ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан фойда келитиришига қаратилган.

Чакана хизматларни ривожлантириш соҳасида 2008 йил учун тасдиқланган сиёсат муваффақиятли амалга оширилганлиги Миллий банкка аҳоли омонатларини жалб этиш бўйича ўтказилган танловда ғолиб бўлиш ҳамда “Аҳоли омонатларини жалб этиш бўйича йилнинг энг яхши банки” деган асосий ва “Миллий валютадаги энг яхши муддатли депозит” деган қўшимча номинацияда (“Янгилик” омонати) биринчи ўринни эгаллаш имконини берди.

Бу танлов мамлакат Президентининг 2008 йил 31 октябрдаги ПҚ-991 сонли Қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда тижорат банклари ўртасида биринчи маротаба ўтказилди.

Мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад аҳоли қўлидаги бўш пул маблағларини жалб этиш борасида тижорат банклари олиб бораётган фаолиятни рағбатлантириш, уларнинг инвестиция фаолиятини янада жонлантириш учун банкларнинг ресурс базасини мустаҳкамлаш, айниқса аҳолига кўрсатилаётган банк-молия хизматларининг сифатини ошириш эди.

Шу йил 17 январда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон банклар ассоциацияси, Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш жамғармаси, тижорат банклари раҳбарлари, шунингдек банк тизими меҳнат фахрийлари иштирокида Мукофотлаш ва совринларни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Банк мижози бўлиш истагини билдирган фуқаролар доимий равишда кўпаяётганлиги республика аҳолисининг фаравонлиги ўсаётгани, умуман банк тизимига ва хусусан Миллий банкка бўлган ишонч мустаҳкамланаётганининг яққол далилидир.

Омонатчи Миллий банкни танлар экан, у кўрсатадиган хизматлар хилма-хиллигини ҳам, мижозга муносабатни ҳам ва энг муҳими, мамлакатдаги етакчи банкнинг ишончлилигини ҳам баҳолайди.

Ҳозирги вақтда жисмоний шахсларга омонат ҳисобварақлари очиш орқали кўрсатилаётган хизматлар орасида банклараро жўнатмалар бўйича ҳам, халқаро тизимлар орқали ўтказилаётган тезкор пул жўнатмалари бўйича ҳам бажарилаётган операцияларга талаб айниқса кучлидир.

Банк тезкор пул жўнатмалари бозоридаги ўз фаолиятини 2001 йилда “Western Union” компанияси билан ҳамкорлик тўғрисида битим имзолаш билан бошлади.

Ҳозирги кунда банклар юқорида айтилган тизимдан ташқари, “MIGOM”, “Азия Экспресс” тизимлари орқали, жумладан вакил банкларнинг “CONTACT”, “Лидер” ва “Юнистрим” тармоғидан фойдаланган ҳолда тезкор жўнатмаларни амалга ошираяптилар. Тезкор пул жўнатмалари бўйича операциялар ҳажми доимий равишда ўсаяпти. Фақат 2008 йилнинг ўзида мижозларга хизмат кўрсатувчи 117та пунктда умумий суммаси 171 млн. АҚШ долларидан ортиқ суммадаги 236 мингдан зиёд операция бажарилди.

Жўнатмаларни қабул қилиш ва юбориш пунктларида мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини доимий равишда яхшилай бориб, банк “Western Union” компанияси томонидан ўтказиладиган “Кўрсатилаётган хизматлар сифати аудити дастури”да бир неча маротаба ғолиб чиқди. Хусусан, 2004 йил якунлари бўйича – “Барча номинациялар бўйича энг яхши пункт”, 2005 йилда – “Амалда бажарилган пул жўнатмаларининг энг катта ҳажми”, 2006 йилда – “Агентлик тармоғининг энг яхши менежменти”, 2007 йилда – “Барча тоифалар бўйича энг яхши пункт” номинацияларида биринчиликни қўлга киритди.

Банк ушбу хизмат турига бўлган талабни ҳисобга олиб, жорий йилда “Тезкор Почта”, “BLIZKO” ва “MoneyGram” тизимлари орқали операциялар бажаришни бошлаш ниятида. Банк ўзига шерикларни танлаётганда аввало жўнатмалар қанчалик хавфсизлиги, ишончлилиги, тез ўтиши ва қимматга тушмаслигини ҳисобга олади.

Миллий банк 2009 йил учун ишлаб чиққан чакана хизматларни ривожлантириш сиёсатида биринчи навбатда республика аҳолисининг барча қатламларининг талабини қондиришга мўлжалланган, энг замонавий технологиялардан фойдаланиб тақдим этиладиган янги хизмат турлари жорий этилишини кўзда тутувчи асосий йўналишлар сақлаб қолинган.

Манба: Банк ахбарот ҳизмати

Похожие новости
ЕТТБ Ўзбекистондаги етакчи кабель ишлаб чиқарувчи корхонани кенгайишини қўллаб-қувватлайди

03.03.2009

ЕТТБ Ўзбекистондаги етакчи кабель ишлаб чиқарувчи корхонани кенгайишини қўллаб-қувватлайди

Аҳоли омонатлари кафолатининг янги даври

08.01.2009

Аҳоли омонатлари кафолатининг янги даври

Кичик банкнинг катта имконияти

08.01.2009

Кичик банкнинг катта имконияти



Система Orphus