JET: Вклады в сумах или долларах: что выгоднее в Узбекистане? Подробнее

Сиз қанча солиқ тўлашингизни биласизми?

12.03.2009

Қадим Юнон файласуфи Демокрит “Қонунлар уларга итоат этувчиларгагина ўзларининг ижобий томонларини намоён қиладилар”, деган экан. Аслида қонунларга итоат қилиш, ижобий томонларидан баҳраманд бўлишимиз учун барчамиз уларни билишимиз, ўрганишимиз ва қонунларга амал қилишимиз лозим. Шу аснода мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан қонун ижодкорлигини амалга ошириш, қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка халқчил тилда етказиш, инсонларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш йўлида аниқ дастурларга асосланган ҳолда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан буён барча соҳалардагидек солиқ соҳасида ислоҳотлар амалга оширилиб, солиқ тизими тобора эркинлаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 51-моддасида: “Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар”, деб белгиланган. Демак, солиқ тўлаш бизнинг конституцион бурчимиз ҳисобланар экан. Қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлаш борасидаги конститутсиявий мажбурият жамиятда яшаётган ва давлат фаолиятининг натижаларидан фойдаланаётган инсон ва фуқарога энг оддий талабдир.

2008 йилнинг 1 январидан эътиборан кучга кирган янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 12-моддасига биноан, “солиқ” тушунчасига қуйидагича таъриф берилган: “Солиқлар деганда ушбу Кодексда белгиланган, муайян миқдорларда ундириладиган, мунтазам, қайтариб берилмайдиган ва беғараз хусусиятга эга бўлган, бюджетга йўналтириладиган мажбурий пул тўловлари тушунилади”.

Республикамизда солиқ тизимини такомиллаштиришнинг муҳим йўналишларидан бири жисмоний шахсларнинг даромадидан олинадиган солиқни мувофиқлаштириш, солиқ ставкаларини йилдан йилга пасайтириш ҳисобланиб, бу йўналишга сўнги йилларда алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда, биринчи навбатда аҳолининг реал даромадларини ошириш ва иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим омили бўлган тўловга лаёқатлилигини кучайтириш асосий ўринда турибди.

2009 йилнинг 1 январидан бошлаб шаҳар йўловчилар транспортида ходимларнинг хизмат қатновлари учун уларга бериладиган йўл карточкалари суммаси жисмоний шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тарзидаги даромад сифатида қаралмайди, балки эндиликда мазкур харажатлар солиқ тўловчи корхонанинг харажатлари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йилдаги ПҚ-1024-сонли қарорига асосан 2009 йилга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қуйидаги янги ставкалари белгиланди.

 

 

Солиқ солинадиган даромад

Солиқ ставкаси

Энг кам иш ҳақининг олти бараваригача миқдорда

Даромад суммасининг 12 фоизи

Энг кам иш ҳақининг олти бараваридан (+1 сўм) ўн бараваригача миқдорда

Олти баравар миқдордан солиқ+энг кам иш ҳақи миқдорининг олти бараваридан ошадиган суммадан 17 фоиз

Энг кам иш ҳақининг ўн баравари (+1 сўм) ва ундан юқори миқдорда

Ўн баравар миқдордан солиқ+энг кам иш ҳақи миқдорининг ўн бараваридан ошадиган суммадан 22 фоиз

 

 

Солиқ ставкаларини пасайтириб бориш солиқ сиёсатининг асосий йўналишларидан ҳисобланади. Жумладан, 1998 йилдан 2008 йилгача ушбу солиқнинг юқори чегараси 45% дан 25%гача, оралиқ чегараси 30%дан 18 %гача, қуйи чегараси эса 15%дан 13%га камайтирилди. Мазкур солиқ ислоҳотлари жисмоний шахслар даромадини ошириш ҳамда даромадлилик даражасини самарали таъминлаш мақсадида амалга оширилган, десак асло муболаға бўлмайди. Солиқ кодексининг 181-моддасига асосан, жисмоний шахсларнинг қуйидаги даромадлари белгиланган энг кам ставка бўйича солиққа тортилади:

Баланд тоғли, чўл ва сувсиз ҳудудларда ишлаганлик учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган коеффитсиентлар бўйича қўшимча тўловлар тариқасида олинган даромадларга. Бунда чўл ва сувсиз жойларда, баланд тоғли ва табиий-иқлим шароити ноқулай ҳудудларда ишлаганлик учун юридик шахслар ходимларининг иш ҳақига коеффитсиентлар ҳисоблашнинг энг юқори суммаси ҳисоблаш пайтидаги ҳолатга кўра белгиланган энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида белгиланади;

корхоналар, муассасалар, ташкилотлар томонидан вақтинчалик қишлоқ хўжалиги ишларига юборилган жисмоний шахсларнинг шу ишларни бажаришдан олинган даромадларига.

Меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда банд бўлган аёлларнинг даромадларидан олиш даражаси 20 фоиздан ошмаслиги лозим. Меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишлар рўйхати қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаб чиқариш учун солиқ ставкасини қўллаш мақсадида энг кам иш ҳақи миқдори йил бошидан ортиб борувчи якун бўйича (йил бошидан тегишли даврнинг ҳар бир ойи учун энг кам иш ҳақларининг суммаси) ҳисобга олинади.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ҳисоблаб чиқарилган суммаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жисмоний шахсларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ўтказиладиган ҳар ойлик мажбурий бадаллар суммасига камайтирилади.


Келинг, энди буларни аниқ бир мисолда кўрайлик. Масалан, А жисмоний шахсга январ ойи учун 320 000 сўм иш ҳақи ҳисобланди. Бугунги кунда энг кам иш ҳақи 28040 сўмни ташкил этади.


1. Энг кам иш ҳақи олти бараварининг 12 %ини ҳисоблаймиз. 28040х6=168240 сўм


168240х12%=20188.8сўм-солиқ суммаси

2. Энг кам иш ҳақининг олти бараваридан (+1 сўм) ўн бараваригача миқдорни ҳисоблаш учун энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан 168240 сўм (енг кам иш ҳақининг олти баравари миқдори)ни чегириб унинг 17 фоизини ҳисоблаймиз.


28040х10=280400 сўм.


280400-168240=112160 сўм


112160х17%=19067.2 сўм-солиқ суммаси


3. Энг кам иш ҳақининг ўн баравари (280400)дан то 320000 сўмгача бўлган суммани ҳисоблаб, унинг 22 фоизини ҳисоблаймиз.

320000-280400=39600 сўм


39600х22%=8712 сўм-солиқ суммаси


4. Энди жами солиқ суммаси йиғиндисини ҳисоблаб, уни ҳисобланган иш ҳақи миқдори (320000 сўм)дан чегирамиз.

20188.8+19067.2+8712=47968 сўм-жами солиқ суммаси


320000-47968=272032 сўм-солиқ ундирилгандан кейинги сумма


Бундан ташқари, ҳисобланган иш ҳақидан Касаба уюшмасига 1% (ихтиёрий равишда), 2009 йилдан бошлаб эса Пенсия фондига 3.5% (2008 йилда 2.5% эди) ҳамда 2005 йилдан бошлаб фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия жамғармасига 1% каби тўловлар мавжуд.


5. Касаба уюмасига ажратма


320000х1%=3200 сўм


6. Пенсия фондига ажратма


320000 х3.5%=11200 сўм

7. Фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ажратма базаси ҳисобланган иш ҳақи (320000 сўм) бўлиб, натижа жами солиқ суммаси (47968 сўм)дан камайтирилади.


320000х1%=3200 сўм


47968-3200=44768 сўм-давлат бюджетига тўланадиган солиқ суммаси


8. Демак, ҳисобланган иш ҳақидан барча тўловларни чегирамиз.


320000-47968-3200-11200=257632 сўм-тўланадиган иш ҳақи миқдори


Юқорида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаш ва давлат бюджетига тўлаш тартибини имкон қадар соддароқ қилиб кўрсатишга ҳаракат қилдик. Бизнингча, биз хоҳ иқтисодчи бўлайлик, хоҳ ҳуқуқшунос ёки бошқа соҳа вакиллари, ўзимизнинг иш ҳақимиздан қанча солиқ тўлашимиз лозимлигини билиш бизнинг иқтисодий ҳуқуқимиздир. Буюк бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темур солиқлар ҳақида қуйидаги фикрни билдирганлар: “Фуқаролар бугун солиқларни ўзлари учун ўз хоҳишлари билан тўламас эканлар, эртага албатта уларни ўз ёвлари учун тўлашга мажбур бўладилар”.


Солиқларни давлатнинг қон томирларига ўхшатиш мумкин. Одамзоднинг яшаши учун қон томирлари нақадар муҳим экан, солиқларнинг ҳам давлат учун аҳамияти шунчалик муҳимдир. Демак, солиқсиз давлат бўлмаганидек, давлатсиз солиқ ҳам бўлмайди. Бундан эса солиқларни ўз вақтида, тўлиқ ва онгли равишда тўлашимиз лозимлиги англанади.

Азизхон НОДИРОВ,
Адлия вазирлиги Ахборот хизмати ходими

Манба: www.minjust.uz

 

Похожие новости
Ҳурматли Марказий банк ходимлари Мен Қарши шаҳрида микрокредит ташкилоти очмоқчи эдим. Бунинг учун қандай ҳужжатлар тайёрлашим керак? Шу ҳақда батафсилроқ маълумот беришларингизни сўрайман.

02.03.2009

Ҳурматли Марказий банк ходимлари Мен Қарши шаҳрида микрокредит ташкилоти очмоқчи эдим. Бунинг учун қандай ҳужжатлар тайёрлашим керак? Шу ҳақда батафсилроқ маълумот беришларингизни сўрайман.

Жисмоний шахсларнинг банкларга ва кредит уюшмаларига қўйган омонатларидан олинадиган даромадларни солиққа тортиш бўйича саволлар

17.12.2008

Жисмоний шахсларнинг банкларга ва кредит уюшмаларига қўйган омонатларидан олинадиган даромадларни солиққа тортиш бўйича саволлар

Кредит уюшмаси нима?

15.11.2008

Кредит уюшмаси нима?



Система Orphus