JET: Являются ли игры Hamster Kombat и Notcoin законными? Подробнее

Тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлаб

19.03.2009

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари учун уларнинг фаолиятларида тўсиқ бўлаётган масалаларни бартараф этишга қаратилган очиқ мулоқот ташкил этилди. Унга Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти билан қаторда, Молия вазирлиги, Божхона қўмитаси, Марказий банк, Савдо-саноат палатасининг раҳбарлари ҳам таклиф этилди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда солиқ сиёсатини янада либераллаштириш, жумладан, солиқ юкини камайтириш, солиқларни унификация қилиш ва солиққа тортиш тартибини соддалаштириш, тадбиркорлик субъектларига кўмаклашиш ва уларнинг ҳуқуқий эркинлигини ошириш борасида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Муҳтарам Президентимиз Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишида таъкидлаганларидек, хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ юкини янада камайтириш, микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўловининг 10 фоиздан 8 фоизга, 2009 йилдан бошлаб саноат маҳсулотини ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган корхоналар учун эса 7 фоизга туширилиши тадбиркорлик, кичик бизнесни изчил ривожлантириш учун кучли рағбатлантирувчи омиллар яратди. Натижада сўнгги олти йил мобайнида фаолият юритаётган кичик бизнес субъектлари сони 1,9 баробар кўпайди ва 2008 йили қарийб 400 мингтани ташкил этди.

2009 йил 1 январдан киритилган янги қоидалардан яна бири илгари
хусусийлаштирилган корхоналар билан бевосита боғлиқдир. Унга кўра, ягона солиқ тўлови тўловчиси бўлган илгари хусусийлаштирилган корхоналарда сотилган товарлар ва хизматлар ҳажми сўнгги икки чоракда объектив сабабларсиз, солиқ органлари томонидан белгиланган тартибда ҳисоблаб чиқилган мол-мулк ва ер солиғининг ўн карра миқдоридан кам суммани ташкил этган ҳолларда, улар солиқ органи хабарномаси асосида умумий белгиланган солиқ тўлаш тартибига ўтишлари шартлиги белгилаб қўйилди.

Мамлакатимизда табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилиб, ресурс солиқлари ставкалари ҳар йили индексациялаб борилмоқда. Шунга асосланиб, 2008 йилда амал қилган ресурс солиқлари ставкалари 2009 йил учун 1,25 бараварга индексация қилинди.

2009 йил 1 январдан бошлаб юридик шахсларнинг ўз сармоясини оширишга (капиталлаштиришга), ишлаб чиқариш фаолиятини ривожлантиришга (инвестицияларга), аввал олинган кредитлар бўйича ҳисоб-китоб қилишга йўналтириладиган даромадлари 5 йил муддатга солиққа тортишдан озод этилди.

Ягона ижтимоий тўловнинг 24 фоизли ставкаси сақланиб қолгани ҳолда, 2009 йилнинг 1 январидан ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб чиқаришнинг базавий миқдори киритилди.

Асосий ўзгаришлардан яна бири жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига киритилди. 2008 йилда ушбу солиқнинг ставкалари 13, 18 ва 25 фоизни ташкил қилган бўлса, 2009 йил 1 январдан бошлаб, ставкалар мос равишда 12, 17, 22 фоиз миқдорда белгиланди.

Шунингдек, жисмоний шахсларнинг кредит уюшмаларидаги омонатлари бўйича олган даромадларини 2009 йил 1 январидан бошлаб жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилиш тартиби жорий этилди.

Бундан ташқари, 2009 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларнинг ўзлари таъсис этган микрофирмалар ва кичик корхоналардан дивиденд тарзида оладиган даромадлари 5 йил муддатга солиққа тортишдан озод этилди.

Жаҳон бозорида талаб пасайиб бораётган бир шароитда, ички бозорда талабни рағбатлантириш орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини сақлаб қолишда ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Президентимизнинг 2008 йил 28 ноябрдаги ПФ-4058-сонли Фармонига мувофиқ жаҳон молия-иқтисодий инқирозининг салбий оқибатларини бартараф этиш, иқтисодиётнинг реал секторидаги базавий тармоқларининг иқтисодий барқарор суръатлар билан ўсиши ва макроиқтисодий мутаносиблигини таъминлаш, аҳоли бандлигига кўмаклашиш, экспорт қилувчилар, етакчи саноат тармоқларининг корхоналари ҳамда кичик бизнесни аниқ манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида инқирозга қарши дастур ишлаб чиқилди.

Мазкур дастурда комплекс чора-тадбирлар кўзда тутилган. Хусусан, хўжалик юритувчи субъектларга, истисно тариқасида, 2009-2010 йилларда амортизация ажратмалари белгиланган нормалардан паст бўлган тақдирда, кўшиш, улар ишлаб чиқараётган маҳсулотнинг таннарҳи жаҳон таннархидан ҳам тушиб кетган холларда эса Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда амортизация ажратмаларини 6 ой муддатга тўхтатиб туриш хуқуқи берилган.

Ушбу мулоқотни ташкил этишдан мақсад жорий йил бошидан кучга кирган 2009 йил учун макроиқтисодий кўрсаткичлар ва давлат бюджети параметрлари тўғрисидаги Президентимиз Қарори ҳамда кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларга ободонлаштириш ва инфратузилмани ривожлантириш, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишларда фаолият олиб бориш учун берилган солиқ, молия ва бошқа соҳалардаги имтиёзлар, қулайликлар солиқ тўловчилар учун амалда қандай самара бераётганини биргалиқда муҳокама қилиш, бу борада билдирилаётган таклиф ва мулоҳазалар билан ўртоқлашишдан иборат эди. Шу боис, тадбиркорлар томонидан билдирилган таклифлар юзасидан керакли тавсиялар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Бекзод АКРОМОВ.

Похожие новости
Нигерияда банк раҳбарлари қидирилмоқда

24.08.2009

Нигерияда банк раҳбарлари қидирилмоқда

Таҳлилчилар АҚШ банкларининг аксарияти банкротга учраши ҳақида башорат қилмоқда

24.08.2009

Таҳлилчилар АҚШ банкларининг аксарияти банкротга учраши ҳақида башорат қилмоқда

Freddie Mac ўзининг янги операцион директори исмини эълон қилди

19.08.2009

Freddie Mac ўзининг янги операцион директори исмини эълон қилди



Система Orphus