Бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда ҳамда аҳолига кўпгина турдаги молиявий хизматларни кўрсатишда молиявий барқарор бўлган кредит уюшмаларининг ўрни ва аҳамияти ортиб бормоқда.
2004 йилнинг сентябр ойидан ўз фаолиятини йўлга қўйган “Университет” кредит уюшмаси ҳам аҳолига қулай ва уларнинг талабларидан келиб чиқувчи хизмат турларини тақдим этиб келмоқда. қисқа давр мобайнида кредит уюшмаси мустақил, молиявий барқарор ривожланиб бораётган ва аъзолар ишончини қозонган молиявий ташкилотга айланди.
Кредит уюшмасининг ижрочи директори Шокир Мирзаев билан суҳбатимиз уюшманинг бугунги кундаги фаолияти ва бу жараёнда эришилган ютуқларнинг замири хусусида бўлди.
- Шокир Мирзаевич, аввало уюшманинг бугунги кундаги асосий фаолияти хусусида қисқача гапириб берсангиз?
- «Университет» кредит уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг молиявий операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи 20-сонли лицензияси асосида фаолият юритиб келмоқда.
Уюшма аъзоларининг асосий қисмини Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари, талабалари ва тадбиркорлар ташкил этмоқда. Бугунги кундаги фаолиятимизда асосий эътибор уюшма аъзоларига молиявий хизматлар кўрсатиш, яъни уларга кредит бериш, омонатга пул маблағларини жалб қилиш ва консалтинг хизматларини кўрсатишга қаратилаяпти.
- Мамлакатимиз молия бозорида кредит уюшмалари сони тобора ортиб, улар томонидан кўрсатилаётган хизмат турлари деярли бир хиллик касб этмоқда. Айтингчи, «Университет» кредит уюшмаси ўз аъзоларига таклиф қилаётган қайси хизмат турлари билан бошқа уюшмалардан фарқланиб туради?
- Уюшмамизнинг ўзига хос хусусияти шундаки, республика олий ўқув юртлари талабаларига шартнома асосида ўқиш ҳақини тўлаш учун имтиёзли шартлар асосида таълим кредитлари беради.
Шунингдек, «Универитет» КУнинг бошқа уюшмалардан фарқли томони кредит фоизлари миқдорининг пастлиги ва жозибадор депозит маҳсулотларининг таклиф қилинаётганида ҳам намоён бўлади.
Уюшма ўқитувчилар ва талабаларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида ҳам алоҳида ишларни бажариб келади. Бу борада уюшмага аъзо бўлган педагоглар ва талабаларнинг иқтисодий ва ижтимоий шарт-шароитларини яхшилаш йўлида амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганини мисол қилиб келтириш мумкин. Жумладан, маиший техника сотиб олиш, тўй тантаналарини ўтказиш, уй-жойларни таъмирлаш, соғликларини тиклаш ва бошқа шу каби йўналишларда кредитлар ажратилади.
- Уюшма эришаётган ютуқлари фаолиятнинг кўпроқ қайси жиҳатларида кўзга ташланади?
- Уюшмамизнинг барқарор фаолиятига ва аъзолар ишончини қозонишга, асосан жалб қилинган депозитлар бўйича мажбуриятларини тўлиқ ва ўз вақтида бажариш, тадбиркорлик субъектларини кредитлаш жараёнини осонлаштирилган механизмини қўллаш ва кредитларни икки-уч кун ичида бериш, янги молиявий хизмат турларини ишлаб чиқиб, мунтазам равишда татбиқ этиш ҳамда мижозлар билан ишлаш маданиятини ошириш орқали муваффақ бўлинмоқда.
2008 йил якунига кўра, уюшмамиз аъзолари сони минг нафардан зиёдни ташкил этаётган бўлса, шундан 500 га яқини профессор-ўқитувчилар, 150 нафари талабалар саналади. Кредит уюшмаси Тошкент шаҳридаги йирик суғурта компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиши натижасида фаолият доирасини янада кенгайтиришга ҳам эришмоқда.
«Универитет» кредит уюшмаси ташкил этилганда низом жамғармаси 20,0 млн. сўм бўлган бўлса, ҳозирги кунга келиб бу кўрсаткич 180,0 млн. сўмни, активлари миқдори 833,0 млн. сўмни ташкил қилаяпти.
Уюшма томонидан аъзолар учун манфаатли ва жозибадор депозит маҳсулотлари таклиф қилинмоқда. Бунга жисмоний шахслар учун мўлжалланган «Жамғарма» (йиллик устама фоизи 18 фоиз) ҳамда «Даромад» (йиллик устамаси 36 фоиз) омонатларини, юридик шахслар учун «Муддатли» омонатини (йиллик устамаси маблағ миқдори ва уни сақланиш муддатига қараб 18 фоиздан 24 фоизгача бўлган) мисол қилиб келтириш мумкин. Аҳамиятлиси шундаки, мазкур омонатларнинг устама фоизларини ҳар ойда олиш имконияти яратилган.
- Кредитлар асосан қайси тармоқ вакилларини молиявий қўллаб-қувватлашга йўналтирилмоқда ва уларнинг самарадорлигига қандай баҳо бериш мумкин?
- Ҳозирги кунга келиб «Университет» кредит уюшмаси ўз аъзоларига тадбиркорлик, таълим, истеъмол ва микрозаем каби кредит маҳсулотларини таклиф этмоқда. 2008 йилнинг 1 декабрь ҳолатига уюшма кредит портфелининг 59 фоизи тадбиркорлик кредити, 5 фоизи таълим кредити, 18 фоизи истеъмол кредити ва 18 фоизи микрозаем сифатида йўналтирилган маблағлар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Муаллиф: Акмал НАЗАРОВ
Аъзолар ишончи – муваффақият устуни