Мижозлар ишончи ошиб, омонатлар тури кўпаймоқда

20.03.2009

Жамият тараққиёти, халқ фаровонлигининг юксалиши кўп жиҳатдан аниқ мақсадга йўналтирилган пул-кредит сиёсати билан боғлиқдир. Шу боис мамлакатимизда банк-молия муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Банк хизмати “Банк – мижоз учун, мижоз банк учун эмас” тамойили, яъни аҳоли манфаатлари устуворлигини таъминлаш асосида ривожлантирилмоқда.

Ҳозир мамлакатимизда ўттизга яқин банк, ҳудудларда уларнинг саккиз мингдан ортиқ филиал ва бўлимлари мижозларга хизмат кўрсатмоқда. Юртимизда ҳар бир банк муассасасига беш минг нафар киши (ривожланган мамлакатлардагига деярли тенг (тахминан тўрт минг киши) тўғри келмоқда. Банкларнинг бундай тармоғи аҳолининг кенг қатламини банк хизматлари билан қамраб олиш, унинг пул маблағларига бўлган эҳтиёжини тўлароқ қондириш имконини бермоқда.

Президентимиз Ислом Каримовнинг Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2009 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисидаги маърузасида жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида мамлакатимиз банк-молия тизими фаолиятини мустаҳкамлаш ва сифат жиҳатдан яхшилаш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳам белгилаб берилди. Жумладан, соҳани янада такомиллаштириш, банкларнинг капитали ва ресурс базасини оширган ҳолда иқтисодиётнинг базавий тармоқлари корхоналарини, аввало, экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларга молиявий кўмак бериш, ишлаб чиқаришни ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, янги иш ўринлари ташкил этиш борасидаги ишларни кучайтиришга эътибор қаратилди.

Айни чоғда аҳоли ва хўжалик юритувчи субектларнинг бўш маблағларини тижорат банклари депозитларига жалб қилишни рағбатлантириш ишлари устувор аҳамият касб этиб, бу борада узоқ муддатли рағбатлантириш омилларини ташкил этиш муҳим вазифалардандир.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2008 йил 20 февралда қабул қилинган “Тижорат банкларида аҳоли омонатлари шартларини либераллаштириш ҳамда кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 28 ноябрда имзоланган “Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларидаги омонатларини ҳимоялаш кафолатларини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари бу борада муҳим омил бўлаётир.

Мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар натижасида мамлакатимиз тижорат банклари томонидан 400 дан ортиқ қулай омонат турлари таклиф этилмоқда. 2008 йилда аҳолининг тижорат банкларидаги омонатлари миқдори 2007 йилга нисбатан 68,6 фоиз ошди. Омонатлар, банк сирларини сақлашни кафолатловчи, мижозларнинг биринчи талабидаёқ уларнинг ҳисобрақамларидан ҳеч қандай тўсиқсиз маблағ беришни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар кўрилмоқда. Аҳолига кредит ажратиш, шу жумладан, истеъмол ва микрокредитлар бериш тизими муттасил ривожланмоқда.

Аҳолининг банкларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ҳамда бўш пул маблағларини банклар омонатларига кенг жалб этиш борасида Аксиядорлик тижорат “Пахтабанк” томонидан ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.

– Банкнинг ўз мижозлари ишончини қозониши ва ўзаро муносабатларнинг янада мустаҳкамланиши, аввало, банк ўз мижозларига ишончли ҳамкори сифатида қарашига, қўйилган омонатларнинг тўла сақланишини таъминлаб, ҳар бир омонатчи ундан чекловларсиз, ихтиёрий равишда фойдалана олишига шароит яратишга чамбарчас боғлиқдир, – дейди “Пахтабанк” бошқаруви раиси ўринбосари Азим Тангирбердиев. – Барча хўжалик юритувчи субектлар сингари банклар ҳам ўзининг тижорат фаолиятини барқарор юритиши учун ўз ресурслари ва аҳолидан жалб қилинган маблағлардан кенг фойдаланади. Агар ҳар бир фуқаро банкка қўйган маблағининг тўла сақланишига, ўз вақтида қайтарилишига ва уларга тўланадиган фоизларнинг барқарорлигига, банкдаги пул маблағлари билан боғлиқ барча маълумотлар сир сақланишига қатъий ишонч ҳосил қилса, ўзининг вақтинчалик бўш пулларини банкда сақлаб, қўшимча даромад олишга қизиқиши шу даражада ошади.

Президентимизнинг тижорат банкларида аҳоли омонатлари шартларини либераллаштириш ҳамда кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармони бу борадаги вазифаларни амалга ошириш, банкка мурожаат этувчи фуқароларнинг хоҳиш-истагини тўла қаноатлантириш борасидаги имкониятларини янада кенгайтирди. Хусусан, 2008 йилнинг 1 апрелидан 2009 йилнинг 1 апрелигача бўлган даврда банклар томонидан жисмоний шахслардан депозит ҳисобварақларга, жумладан, тақдим этувчининг депозитларига нақд пул шаклида қўйилган ёки ўзининг хорижий банклардаги шахсий ҳисобварақларидан ўтказилган миллий ва хорижий валутадаги пул маблағлари уларнинг келиб чиқиш манбаларини тасдиқлайдиган ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда қабул қилинмоқда. Айни пайтда бу маблағлар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан озод қилинган.

Бугунги кунда банкнинг 186 филиали, 169 махсус кассаси, 270 дан ортиқ валута айирбошлаш шохобчаси, 712 мини-банки фаолият кўрсатмоқда. Дастлаб мазкур муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимлар ўртасида юқорида қайд этилган фармон талаблари бўйича семинарлар ва суҳбатлар ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилди. Бу жараёнда омонатчилар ўзининг шахсий ҳамда тақдим этувчининг ҳисобварағига, яъни аноним равишда пул қўйиши мумкинлигига алоҳида эътибор қаратилди. Фармоннинг мақсад-моҳияти ва мижозларга берилган имтиёзлар ҳамда банкка оид бошқа масалалар бўйича мурожаатларга малакали жавоб бериш учун маслаҳатчи-мутахассислар жалб этилди.

2008 йилда банк томонидан 18 янги омонат тури жорий этилди. Ҳозирги кунда аҳолига 23 хилда миллий, 3 хилда хорижий валутада омонат турлари таклиф этилмоқда. Бу мижозлар пул маблағларини сақлашда ўзларига энг мақбул шартлар ҳамда муддатларни танлаш ва ўз даромадларини оширишида муҳим омил бўлмоқда. Масалан, “Тараққиёт” омонатига аҳолининг миллий валутадаги пул маблағлари 6 ой муддатга, йиллик 26 фоиз ҳисобидан, “Олтин водий” омонатига эса 12 ой муддатга, йиллик 24 фоиз ҳисобидан даромад тўлаш шарти билан қабул қилинмоқда. Шу билан бирга, “Чашма” тақдим этувчи омонатига хорижий валутадаги пул маблағлари 6 ой муддатга, 6 фоиз ҳисобидан даромад тўлаш шарти билан қабул қилинмоқда. Муҳими, мазкур омонатларга ҳисобланадиган фоиз даромадларининг юқорилиги, сақлаш муддатларининг хилма-хиллиги ҳамда омонатчилар ўз фоиз даромадларини ҳар ойда олиш имконияти уларнинг оммалашишига хизмат қилмоқда.

“Олтин водий”, “Тараққиёт”, “Тошкент – 2200 ёшда”, “Фаровонлик”, “Навниҳол”, “Саховат”, “Ёшлик”, “Мададкор” ва “Оқ олтин” омонат турлари қулайлиги билан мижозларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Сабаби, бу омонатлар аҳолининг таклиф ва истаклари асосида ташкил этилган бўлиб, улар учун қулай, фоизлари юқори ва кафолатланган. Асосийси, биринчи талаб қилинишидаёқ омонат қайтарилади. Шу боис ҳам “Пахтабанк”да омонат сақлаган фуқаролар юқори даражада фойда олиш имкониятидан баҳраманд бўлмоқда.

Ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасида аҳолининг банкка жалб этилган жамғарма ва муддатли омонатлари миқдори 2009 йил 1 январ ҳолатида ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 50 фоиз ўсишига эришилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 31 октабрда қабул қилинган “Аҳолининг омонатларини жалб қилиш бўйича республика тижорат банклари ўртасида танлов ўтказиш тўғрисида”ги қарорига биноан ўтказилган банклараро танлов якунларига кўра, “Eнг яхши эмитент банк” номинатсияси бўйича “Пахтабанк” биринчи ўринга сазовор бўлди. Шу билан бирга, танловнинг “Қишлоқ жойларда аҳоли омонатларини жалб қилиш бўйича йилнинг энг яхши банк филиали” йўналиши бўйича “Пахтабанк”нинг Чуст филиали ғолибликни қўлга киритди.

– Шу ўринда омонатчилар томонидан банкимизга қўйиладиган пул маблағлари дахлсизлиги тўлиқ кафолатланганлигини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман, – дейди А.Тангирбердиев. – Омонатчиларнинг ҳисобварақлари ва пул қўйилмалари ҳақидаги, шунингдек, улар бўйича амалга ошириладиган оператсиялар хусусида банк сири сақланиши ҳам кафолатланган. Банк мижозлари омонатларини ўз ихтиёрига қараб ва ҳеч қандай чекловларсиз тасарруф этиши мумкин.

Банкимизнинг барча филиалларида ходимларимиз банкка ташриф буюрган, мурожаат этган ҳар бир кишини хушмуомалалик билан кутиб олиб, унинг хоҳиш-истагини тинглаб, тезкорлик билан юқори савияли банк хизмати кўрсатишга интилмоқда. Қолаверса, филиалларимизда “Ишонч телефонлари” ишлаб турибди. Улар орқали мижозлар ҳар қандай эътироз, илтимос ва таклифини билдириши мумкин. Барча муаммолар ўз вақтида, омонатчининг манфаати ва фойдасига ҳал этилади.

Президентимиз Ислом Каримовнинг номи қайд этилган фармонлари мамлакатимизда банк тизимини янада либераллаштириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, банклар билан аҳоли ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тижорат банклари омонатларига миллий ва хорижий валутадаги бўш пул маблағларини кенг жалб этишда муҳим омил бўлмоқда. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, янги иш ўринлари ташкил этишга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшимча маблағлар ажратиш, халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтиришдек хайрли мақсадларга хизмат қилаётир.

Муаллиф: Олим Тўрақулов

Манба: UzA.uz

Похожие новости
Нигерияда банк раҳбарлари қидирилмоқда

24.08.2009

Нигерияда банк раҳбарлари қидирилмоқда

Таҳлилчилар АҚШ банкларининг аксарияти банкротга учраши ҳақида башорат қилмоқда

24.08.2009

Таҳлилчилар АҚШ банкларининг аксарияти банкротга учраши ҳақида башорат қилмоқда

Freddie Mac ўзининг янги операцион директори исмини эълон қилди

19.08.2009

Freddie Mac ўзининг янги операцион директори исмини эълон қилди



Система Orphus