Мамлакатимиз банк-молия тизимида изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бермоқда. Хусусан, 2008 йил давомида юртимизда фаолият кўрсатаётган банкларнинг аксарияти юқори натижаларни қўлга киритди. “Микрокредитбанк” аксиядорлик-тижорат банки аксиядорларининг умумий йиғилишида мазкур банкнинг даромади сезиларли даражада ортиб, мамлакатимиз иқтисодиётидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётгани алоҳида қайд этилди.
“Микрокредитбанк” бошқаруви раиси Ж.Сайфуддиновнинг таъкидлашича, Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан амалга оширилаётган банк тизимини ислоҳ қилиш ва эркинлаштиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар иқтисодиётимизнинг янада юксалиб, халқимиз фаровонлигининг ошишига хизмат қилмоқда. Ҳозирги кунда «Микрокредитбанк» ўзининг саксонга яқин филиали, 270 мини банки орқали аҳолига кўплаб турдаги банк хизматлари кўрсатмоқда.
Ўтган йилда банк томонидан тадбиркорларга 92 миллиард сўмлик кредит ажратилди. Бу эса жойларда 56 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш учун замин яратди. Ажратилган сармояларнинг 18 фоизи ишлаб чиқаришга, 35 фоизи қишлоқ хўжалигига, қарийб 40 фоизи қурилиш ва маиший хизматга йўналтирилган. Банк томонидан кўрсатилаётган имтиёзли микролизинг хизмати ишбилармонларнинг зарур техника воситаларига эга бўлиши учун кенг имкониятлар яратмоқда. Жумладан, фермер хўжаликларига кўрсатилган лизинг хизматлари туфайли мулк эгалари 150 дан кўпроқ турли русумдаги трактор ва ўттизга яқин юқори унумли комбайнга эга бўлди.
Банкнинг мижозларга хизмат кўрсатиш доираси тобора кенгайиб бораётир. Бунда аҳоли ҳамда хўжалик юритувчи субектлар эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган кредитлар муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда салкам 9 минг оилага имтиёзли микрокредитлар ажратилди. Уй-рўзғор жиҳозлари ва маиший техника воситалари сотиб олиш учун қарийб етти миллиард сўмлик имтиёзли истеъмол кредитлари берилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 10 ноябрда қабул қилинган “Микрокредитбанк” аксиядорлик тижорат банкининг тадбиркорлик субектларини қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони банкнинг тадбиркорларга имтиёзли кредит бериш имкониятларини янада кенгайтиришида муҳим омил бўлмоқда.
“Микрокредитбанк” аксиядорлик-тижорат банки аксиядорларининг умумий йиғилишида таъкидланганидек, Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йилида кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, қишлоқларда аҳолига хизмат кўрсатиш обектлари сонини кўпайтиришда банк молиявий ёрдамининг ҳажми янада ошади. Банк ажратиладиган микрокредит ва лизинглар ёрдамида 76 мингга яқин янги иш ўрни яратишни режалаштирмоқда.
Муаллиф: Сайёра Шоева
Манба:
24.08.2009
Нигерияда банк раҳбарлари қидирилмоқда
24.08.2009
Таҳлилчилар АҚШ банкларининг аксарияти банкротга учраши ҳақида башорат қилмоқда
19.08.2009
Freddie Mac ўзининг янги операцион директори исмини эълон қилди
Микрокредитлар тадбиркорликни ривожлантиришга ҳизмат қилмоқда