Президентимиз Ислом Каримовнинг 2008 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2009 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, кичик бизнеснинг ихчам ва ҳаракатчанлиги, бозор конъюнктураси ўзгаришлари ва истеъмолчилар эҳтиёжларига нисбатан тез мослаша олиши уни янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадини ошириш борасида энг қулай ва мақбул воситага айлантиради.
Кичик бизнес субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари ҳажми ўтган йили салкам 22 фоизга кўпайди. Натижада кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2008 йилда 48,2 фоизга кўтарилди. Бугунги кунда мамлакатимизда иш билан банд бўлган жами аҳолининг 76 фоиздан кўпроғи шу соҳада меҳнат қилаётир.
Шунинг учун жорий йилда хизмат кўрсатиш ва кичик бизнес соҳасини аҳоли бандлигини таъминлаш ва ҳаёт даражасини оширишнинг энг муҳим омили сифатида янада ривожлантириш устувор вазифа сифатида белгиланди. Ушбу чора-тадбирлар солиқ ва кредит имтиёзлари билан бир қаторда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай бизнес муҳитини яратиш мақсадида ислоҳотларни янада чуқурлаштиришни ҳам ўз ичига олади. 2009 йилда хўжалик юритувчи субъектларни текширишлар сонини камайтириш кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари томонидан бу борада қўйилган вазифаларни изчил таъминлаш мақсадида Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, текширишлар сонини кескин қисқартириш ва улар фаолиятидаги тўсиқларнинг олдини олиш борасида сезиларли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Янгийўл, Чирчиқ ва Оҳангарон шаҳарлари ҳамда Бўка туманида тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида ўтказилган йиғилишларда шулар ҳақида гап борди. Тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этган тадбирга маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, банклар раҳбарлари таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев солиқ соҳасида тадбиркорларга берилган имтиёзлар, шунингдек, текширишларга оид ўзгаришлар хусусида гапирди.
Очиқ мулоқотлар давомида тадбиркорларнинг банклардан кредит олишлари, кредитни қайтариш муддатлари ва фоизлари, ер ажратиш, қурилиш учун лойиҳалар тайёрлаш, солиқ соҳасида жорий этилган имтиёзлар ва бошқа масалалар бўйича савол-жавоблар бўлди, таклифлар билдирилди.
Бундан ташқари, вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама этилди.
Тадбирларда Тошкент вилояти ҳокими Р.Холматов иштирок этди.
Муаллиф: Норгул Абдураимова
Манба:
Тадбиркор манфаати – доимий ҳимояда