Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида иқтисодий соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ва изчил ислоҳотлар рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишда муҳим омил бўлаётир.
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг паст рентабелли, зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор давлат корхоналарини ва обектларни хусусийлаштиришни жадаллаштириш тўғрисидаги қарори асосида вилоятимизда 25 хўжалик юритувчи субект инвестиция мажбуриятлари эвазига бепул хусусийлаштирилди, – дейди Давлат мулки қўмитасининг Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Панжи Муҳаммадиев. – Бунинг натижасида янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, замонавий усулда хизмат кўрсатиш жорий этилди ва 400 дан ортиқ иш ўрни яратилди.
Термиз шаҳридаги «Сурхон-Аджанта ЛТД» қўшма корхонасининг бўш турган иншоотлари Жанубий Кореянинг «Shidong Enercom inc» компаниясига 3 миллион АҚШ доллари қийматида инвестиция киритиш шарти билан берилди. Шунингдек, «Сурхон» заводи биноси ҳам ушбу компанияга 200 минг АҚШ доллари миқдорида қўшимча инвестиция киритиш мажбурияти эвазига топширилди.
Фойдаланилмаётган ушбу бинолар қайта таъмирланиб, замонавий технологиялар билан жиҳозланди ва «Shindong Spinning Termez» қўшма корхонаси барпо этилди. Йилига уч минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада 200 дан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Тайёрланаётган маҳсулотлар республикамиздаги тўқимачилик корхоналари ҳамда Жанубий Кореядаги буюртмачиларга етказиб берилаётир.
– Ушбу корхонада ишлаётганимга тўрт ойдан ошди, – дейди Термиз шаҳар Байналмилал маҳалласида яшовчи Зарнигор Чориева. – Ишга махсус ажратилган автобусларда бориб келамиз. Озода, шинам сехларда барча ишлар замонавий ускуналар ёрдамида бажарилади.
Айни пайтда хорижлик ҳамкорлар қўшма корхонанинг иккинчи навбатини ишга тушириш учун икки миллион АҚШ долларига тенг миқдорда қўшимча ускуна ва жиҳозлар ўрнатмоқда. Бу яна элликта иш ўрнини очиш имконини беради.
– Учинчи босқичда ўзимизда ишлаб чиқарилаётган ип-калаваларни бўяш ҳамда тайёр кийим-кечак тайёрлаш йўлга қўйилади, – дейди «Shindong Spinning Termez» қўшма корхонаси бош директори Александр Ян. – Корхона тўла қувват билан ишлаши учун 12 миллион АҚШ доллари қийматида инвестиция киритилиб, 500 дан ортиқ иш ўрни ташкил этилади.
Вилоятдаги «Сурхонсувқурилиш» акциядорлик жамиятининг 25 фоиз давлат улуши, Шўрчи туманидаги аккумулатор сехи, Термиз туманидаги «Баҳористон» болалар боғчаси ва бошқа корхона ҳамда обектларни инвестиция мажбуриятлари эвазига бепул олган сармоядорлар томонидан амалга оширган ишлар ҳам эътиборга лойиқ. Масалан, ўтган йили Жарқўрғон тумани марказий шифохонасининг бўш турган хирургия бўлимини тажрибали шифокор Баҳодир Маҳмудов раҳбарлик қилаётган «Жарроҳ-медик» хусусий корхонаси танлов савдоси орқали хусусийлаштирди.
Бинони ишга тушириш учун хусусий корхонага 65 миллион сўм инвестиция киритиш мажбурияти юкланди. Сармоядор бинони тўлиқ қайта таъмирлаб, мижозлар учун барча қулайликларни яратди. 89 миллион сўмлик инвестиция киритиб, 17 та иш ўрни ташкил этди. Ҳозирги кунда мазкур хусусий клиника УЗИ, ЭКГ ва бошқа тиббий асбоб-анжомлар билан таъминланиб, бу ерда беморларга сифатли хизмат кўрсатилаётир.
Вилоятда хусусийлаштириш жараёнини жадаллаштириш ҳисобига ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, қишлоқларда саноатни ривожлантириш ва янги иш ўринларини кўпайтириш борасидаги ишлар жорий йилда ҳам изчил давом эттирилмоқда.
Муаллиф: Х.Маматрайимов
Манба:
Хусусийлаштириш самаралари