2008 йилнинг 10 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган "Микрокредитбанк акциядорлик-тижорат банкининг тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони билан Устав капитали қўшимча 72,0 миллиард сўмга кўпайтирилди ва кўрсатиладиган микромолиявий хизматларнинг фоиз ставкалари пасайтирилди. Бу эса - ўз навбатида банкнинг тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолиятини янада кенгайтириш имкониятини яратди.
Мазкур Фармон банк зиммасига соҳага молиявий кўмак бериш билан биргаликда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, яъни айниқса қишлоқ жойларида янги корхоналар ва иш ўринлари яратиш учун имтиёзли микросармоялар ажратишни кенгайтириш, тадбиркорлик субъектларини янги техника ва технологиялар билан жиҳозлашга ёрдамлашиш, фермер хўжаликларининг талаб ва эҳтиёжларини янада кенгроқ қамраб олиш ва ишлаб чиқилган рақобатбардош маҳсулотларнинг кўргазма ҳамда ярмаркаларини, реклама компанияларини ўтказиш сингари ғоят кенг кўламдаги ишлапрни ташкил этиш вазифасини юклади. Айни кунларда ушбу вазифаларни амалга ошириш борасида кенг кўламда амалий тадбирлар ўтказилмоқда. "Микрокредитбанк" очиқ акциядорлик тижорат банкининг Ғаллаорол туманининг Лалмикор қўрғонида "Микрокредитбанк" акциядорлик тижорат банкининг қишлоқ фаровонлиги ва тараққиёти учун хизмат қилаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ишларини ташкил этиш мавзуида ўтказилган навбатдаги кўргазмали семинари ҳам ана шундай тадбирлардан ҳисобланади.
Бугунги кунда Республикамизнинг турли ҳудудларида банкнинг 80 филиали, 266 мини банки ҳамда 30 га яқин агентликлари фаолият кўрсатиб келмоқда.
2008 йил давомида "Микрокредитбанк" томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 92 миллиард сўмлик сармоялар ажратилди. Бу - 2007 йилдаги айни мақсадлар учун ажратилган кредитларга нисбатан 1,6 баробар кўп демакдир. Ўтган йил давомида ажратилган микромолиявий хизматлар миқдори 55,4 миллиард сўмни, яратилган янги иш ўринлари сони - 56 075 тани ташкил этган. Шу йилнинг ўтган биринчи чорагининг ўзида тадбиркорларга ажратилган сармоялар миқдори - 38,6 миллиард сўмга, жумладан кўрсатилган микромолиявий хизматлар - 23,4 миллиард сўмга етди.
Кичик бизнесни қўллаб қувватлаш ва замонавий хизматлар кўрсатиш йўлида собитқадамлик билан олиб бораётган ишлари туфайли "Микрокредитбанк" йириклиги бўйича Марказий Осиё ва Европадаги микрокредитлар берувчи жаҳоннинг энг яхши 100 та банклари сафига кирди ҳамда 5 олмосли микромолиявий хизматлар кўрсатувчи банк сифатида эътироф этилди. Дунёнинг энг нуфузли "Фитч рейтингс" халқаро рейтинг компанияси томонидан яқинда "Микрокредитбанк" акциядорлик тижорат банкига - молиявий ҳолати, яъни ўз молиявий мажбуриятларини ўз вақтида бажара олиш қобилиятига узоқ ва қисқа муддатли ҳамда умумий узоқ муддатли йўналишлари бўйича барқарор рейтинг баҳолари берилди.
Банкнинг Жиззах вилояти филиали томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка ўтган йили 5,9 миллард сўмлик, шу йилнинг ўтган илк чорагининг ўзидаёқ - 3,2 миллиард сўмлик сармоялар ажратилди. Шу жумладан ўтган йилги ажратилган микрокредитлар 4,5 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, шу йилнинг ўтган уч ойида ажратилган микросармоялар 2,1 миллиард сўмга етди. Ўтган йилги ажратилган сармоялар эвазига вилоятда 2 мингтага яқин ишчи ўринлари яратилди.
Бугун Ғаллаорол туманининг Лалмикор қўрғонида қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йилига бағишлаб ташкил этилган семинарда банк ходимлари қишлоқ шароитида микросармоялардан янада самаралироқ фойдаланиш имкониятлари ва жойларда ишлаб чиқаришни янада кенгроқ кўламда ташкил этиш борасида тадбиркорларга янада яхшироқ хизмат кўрсатиш ҳақидаги илғор тажрибалари билан фикр алмашдилар.
Амалий кўникмалар ҳосил қилиш мақсадида тадбир доирасида банк сармоялари эвазига яратилган махсулотлар кўргазмаси бугунги кунда қишлоқларимизда чинакам ишлаб чиқариш корхоналари яратилаётганини намойиш этди. Чунончи, "Жиззахкартранс" корхонаси банкдан олган 53 миллион сўм кредити эвазига ишлаб чиқараётган 20 хил турли рангдаги деворий плиткалар, 12 миллион сўм кредит олиб "Улуғбек Ойбек" корхонаси чиқараётган сифатли череписалар, "Дилдора чинниси" корхонаси 7 миллион сўм сармоя олиб чиқараётган зарҳал лаганлар, чойнак-пиёлалар, "Зомин асали" корхонаси 23,5 миллион сўм кредит ҳисобига бежирим ва турли катталикдаги идишларга қадоқлаётган доривор асаллар, "Искандар Ҳусниддин" хусусий корхонаси 22 миллион сўм микросармоя эвазига тайёрлаётган бежирим ва замонавий мебеллар, "Давр М" хусусий корхонаси 21 миллион сўм микросармоя ҳисобига сутни қайта ишлаб тайёрлаётган тансиқ озиқ-овқатлар сингари ўнлаб маҳсулотларни ҳарқандай талабчан харидорни ўзига жалб эта олиши қайд этилди. Ана шундай ишларни амалга ошира оладиган тадбиркорларнинг сафи янада кўпайиши борасида банк раҳбарияти ва вилоят ҳамда туман раҳбарлари тадбиркорларга ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Шунингдек, тадбирда ишбилармон Эркин Тожиевнинг банк сармоялари ҳисобига қурилган ва керакли ускуналар билан жиҳозланган қишлоқ аҳолисига хизмат кўрсатувчи "Алишер - 3" комплекси ишга туширилади. Ушбу комплекс таркибида автомобилларга барча турдаги хизматларни кўрсатадиган устахоналар, зооветеринария дорихонаси, ем сотадиган ва қатор бошқа савдо дўконлари, компютер ва пайнет хизмати кўрсатиш хоналари, фотостудия, сартарошхона, либослар ателеси мавжуд.
Кўргазмали семинарда тадбиркорликни бошлаётган хотин-қизлардан – Ғаллаороллик Замира Қиличева, Шоира Бўриевага, Дўстлик туманида истиқомат қиладиган Гулчеҳра Мирзақулова ва Норгул Шавқиевага микрокредитлар эвазига янги замонавий тикув машиналари топширилди. Дўстлик қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежининг битирувчиси Шоҳиста Хайруллаева ҳамда Лалмикор саноат касб-ҳунар коллежи битирувчиси Мавжуда Қозиевага тикувчиликни йўлга қўйиш, Пахтакор туман касб-ҳунар коллежи битирувчиси Ботирбек Раҳмонов ва Зомин қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи битирувчиси Ғанишер Ўроловга пайнет хизматини ташкил этиш, Дўстлик туманида коллежни тугаллаётган Ойбек Тўйжонов ва Янгиобод туманининг Баландчақир қишлоғидаги коллежни тугаллаётган Сирож Холиқбоевга косибликни йўлга қўйиш, коллежни Жиззах туманида битираётган Маъбуда Худойбердиевага гулчиликни, Гулистонда битираётган Ғуломжон Умировга чорвачиликни ташкил этиш учун бошланғич сармоя сертификатлари топширилади.
Одатда банкнинг гишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги мақсадлари учун жорий йил мобайнида молиялаштирган лойиҳалари бўйича мунтазам мониторинг олиб борилади ва унинг якунлари йилнинг ҳар чорагида аниқланади. 2009 йилнинг илк чораги бўйича "Қишлоқдаги энг яхши бизнес лойиҳа" номинасияси ғолиби ана шу анжуманда эълон қилинди. Ушбу номинасия ғолиби бугун очилган "Алишер - 3" хусусий корхонаси бўлди. Шунингдек банкнинг Жиззах вилояти филиали шу йўналишда молиялаштирган лойиҳалар сарҳисоб этилди. Мирзачўл туманидаги "Ўзбекистон" қишлоқ фуқаролар йиқинида иссиқхона хўжалиги ташкил этган "Улуғбек Саврон" фермер хўжалиги раҳбари Одил Бозорбоев - "Микромолиявий хизмат эвазига энг кўп иш ўринлари яратган тадбиркор", шу тумандаги Абай маҳалла фуқаролар йиқини автомобилларга техник хизмат кўрсатадиган "Шабек моторс" хусусий корхонаси "Қишлоқдаги энг яхши сервис хизмати", Ғўбдин қишлоғида сартарошлик хизмати ташкил этган Саидаҳрор Абдуллаев "қишлоқдаги энг ишбилармон ёш тадбиркор", Дўстлик туман, Наврўз қишлоғида гилам тўқишни йўлга қўйган хусусий тадбиркор Ойсафар Сайфуллаева "Худудга хос ишлаб чиқаришнинг ноанъанавий йўналиши" ва Бахмал туманининг Оқтош туманида тикувчиликни ташкил этган Феруза Мусаева "Қишлоғининг энг моҳир чевари" номинасиялари бўйича кўрик-танлов ғолиблари деб топилди ва улар дипломлар, қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Манба: Банк ахборот ҳизмати
"Микрокредитбанк": Қишлоқдаги корхонага микросармоялар