Объявлен рейтинг лучших мобильных приложений банков Узбекистана Подробнее

Кредит уюшмалари тизимида барқарорликни таъминлаш ва уларни янада ривожлантириш чоралари кўрилмоқда

02.01.2010

Ҳозирги кунда республикамизда кичик бизнес субъектларининг кредитга бўлган эҳтиёжларини тўла қондириш ва уларга молия хизматларини тижорат банклари билан бир қаторда кўрсатаётган кредит уюшмалари ва микрокредит ташкилотларининг фаолиятларини кенгайтириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Молия соҳасини ривожлантириш агентлиги Осиё тараққиёт банки кўмагида «Кичик ва микромолиялаштиришни ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириб келмоқда. Ушбу лойиҳадан кўзда тутилган асосий мақсад кичик бизнес субъектларига молиявий кўмак кўрсатиш орқали хусусий тадбиркорларга ҳамда аҳолига қўшимча даромад манбаларини яратишнинг институционал асосларини ташкил этишдан иборат.

Лойиҳа доирасида олиб борилган чора-тадбирлар туфайли кредит уюшмалари ва микрокредит ташкилотлари ўз фаолиятларини бошлаганига кўп вақт бўлмаса-да, улар молия бозорида муваффақиятли фаолият юритиб келишмоқда.

Агар рақамларга эътибор берадиган бўлсак, 2009 йилнинг 1 январь ҳолатига кредит уюшмалари сони 78 тани, жами депозит қўйилмалари 81,4 млрд. сўм ва кредит қўйилмалари ҳажми 102,4 млрд. сўмни ташкил этган бўлса, 2009 йилнинг 1 декабрь ҳолатига келиб уларнинг сони 103 тани, жами депозит қўйилмалари 145,6 млрд. сўм ва кредит қўйилмалари ҳажми 176,1 млрд. сўмга етди. Бошқача айтганда, ўтган 11 ой ичида кредит уюшмалари сони 25 тага, депозит ва кредит қўйилмалари ҳажми эса мос равишда 79,0 ва 79,1 фоиз ошди.

Кредит уюшмаларининг яна бир муҳим кўрсаткичларидан бири бу уларнинг активлари миқдори ва аъзолари сонидир. Рақамларга назар ташлайдиган бўлсак, жорий йилнинг 11 ойи давомида кредит уюшмалари жами активлари миқдори 80,4 фоиз, аъзолари сони эса 50,2 фоизга ошиб, 2009 йилнинг 1 декабр ҳолатига жами активлари миқдори 202,4 млрд.  сўмни, аъзолари сони эса 149 мингдан ортиқ кишини ташкил этди.

Кредит уюшмалари ва микрокредит ташкилотлари бугунги кунда молия бозорида ўз ўрнига эга бўлса-да, улар фаолиятини такомиллаштириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Масалан, уларда ҳанузгача пул маблағларини бошқариш, халқаро стандартларга мувофиқ молиявий  ҳисоботларни тузиш, уларни таҳлил қилиш каби тажриба ва кўникмаларга бўлган эҳтиёж катта.

Бу борада, «Кичик ва микромолиялаштиришни ривожлантириш» лойиҳаси доирасида юқорида таъкидлаб ўтилган масалалар юзасидан ўқув семинарлари, тренинглар ўтказиб келинмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 26 декабрь куни «Кредит уюшмалари тизимида барқарорликни таъминлаш ва уларни янада ривожлантириш масалалари» мавзусида cеминар-тренинг ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Молия соҳасини ривожлантириш Агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, унда кредит уюшмаларининг кенгаш раислари ҳамда ижро этувчи орган раҳбарлари иштирок этдилар.

Тренингда нобанк кредит ташкилотларида ички назоратни ташкил этиш, кредит уюшмалари тизимидаги асосий кўрсаткичларнинг ўзгариш тенденцияси ва тизимни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, кредит уюшмалари томонидан ҳисоботларни тузиш ва уларни тақдим этишдаги муаммолар ҳамда кредит уюшмалари фаолиятини таҳлили ва уларни жойида текширувдан ўтказиш жараёнида аниқланаётган камчиликлар ҳамда уларни бартараф қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Тренинг чоғида иштирокчилар кредит уюшмалари тизимини янада мустаҳкамлаш, улар фаолиятини ташкил этиш ва тартибга солиш бўйича мавжуд меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириб бориш борасидаги ўз таклифларини билдиришди.

Шунингдек, семинарда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олдилар.

Молия соҳасини ривожлантириш агентлиги томонидан кредит ташкилотлари фаолиятига тегишли мавзуларда жорий йил давомида жами 27 марта тренинг ташкил этилган бўлиб, уларда 700 дан ортиқ киши иштирок этди.

Ҳозирги пайтда, кредит уюшмалари кредиторлар бўйича ахборотларни марказлашган ҳолда хавфсиз ва мустаҳкам сақлаш тизимини яратиш мақсадида «Кичик ва микромолиялаштиришни ривожлантириш» лойиҳаси доирасида Марказий банк ҳузуридаги Кредит ахбороти миллий институтига техник кўмак кўрсатиш, мазкур Институт тизимида кредит уюшмалари қарздорлари бўйича ахборотларни алмашиш имкониятини яратиб берувчи алоҳида тузилма ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Айни пайтда, Агентлик томонидан амалга оширилаётган «Кичик ва микромолиялаштиришни ривожлантириш» лойиҳаси Осиё тараққиёти банкининг амалдаги лойиҳалари орасида етакчи ўринни эгаллаб келмоқда. Лойиҳа Давлат инвестиция дастурига киритилган бўлиб, Дастурда белгиланган ўзлаштиришнинг режа кўрсаткичлари бўйича муддатидан аввал бажарилиб келинмоқда. Бу эса мазкур лойиҳанинг белгиланган муддатдан аввал тугаллашга имкон беради.

Таъкидлаш жоизки, мазкур лойиҳа доирасида «Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили»да 2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар Агробанк орқали фермер ва деҳқон хўжаликларининг микрокредитларга бўлган талабини қондиришга йўналтирилди.

Агентлик «Баркамол авлод йили»да қўйидаги чора-тадбирларни амалга оширишни режалаштирилмоқда: (i) кредит уюшмаларининг қарздорлари бўйича ахборотларни марказлашган ҳолда сақлаш тизимини яратиш; (ii) микромолия ташкилотларининг меъёрий-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш ҳамда улар фаолиятини самарали назорат қилишни мустаҳкамлаш; (iii) кредит уюшмаларидаги ёш мутахассислардан молия соҳасида чуқур билимга эга бўлган малакали мутахассисларни тайёрлаш учун ўтказилаётган тренинг дастурларини кенгайтириш.

Бугунги кунда, Осиё тараққиёт банкининг Директорлар кенгаши томонидан 2009 йилнинг май ойидаги йиллик мажлисида Ўзбекистонда кичик ва микромолиялаштиришни ривожлантириш учун иккинчи кредит линияси очилиши тасдиқланди. Агентлик ушбу кредит линиясини тезроқ ишга тушириш юзасидан Осиё тараққиёти банки билан музокаралар олиб бормоқда.

 

Источник: Марказий банк

Похожие новости
“Ўзсаноатқурилишбанк”нинг махсус бўлими очилди

09.09.2019

“Ўзсаноатқурилишбанк”нинг махсус бўлими очилди

Muvaffaqiyatli mikromoliyalash kaliti: yanada yaxshi natijalarga erishish uchun boshqarish san`ati

14.02.2011

Muvaffaqiyatli mikromoliyalash kaliti: yanada yaxshi natijalarga erishish uchun boshqarish san`ati

Муваффақиятли микромолиялаш калити: янада яхши натижаларга эришиш учун бошқариш санъати

11.02.2011

Муваффақиятли микромолиялаш калити: янада яхши натижаларга эришиш учун бошқариш санъати



Система Orphus