Ишонч ва барқарорлик – устувор мақсад

12.11.2008
Давлат-тижорат Халқ банки молия бозордаги ўзининг фаол иштироки эвазига иш унумдорлигини оширишга, хизматлар кўламини кенгайтиришга эришиб келмоқда. Бунда ҳукуматимиз томонидан берилаётган кенг имкониятлар ҳам муваффақиятли фаолиятнинг бош омили бўлмоқда. Хусусан, мамлакатимиз Президентининг шу йил 11 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат-тижорат Халқ банкининг капиталлашув даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-775-сонли Қарори асосида амалга оширилган тадбирлар натижасида банкнинг жами капитали йил бошига нисбатан 3,2 бараварга ортиб, 92,7 млрд. сўмга етди. Шунингдек, банкнинг жами активлари 506,6 млрд. сўмни ташкил этиб, унинг 82,9 фоизи ёки 419,8 млрд. сўми даромад келтирувчи активлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Жорий йил бошидан буён Халқ банки ва унинг жойлардаги бўлимлари томонидан иқтисодиётнинг реал сектори, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва истеъмол бозорини кредитлашга алоҳида эътибор қаратилди. Мижозларга қисқа фурсатда 223,7 млрд. сўмдан ортиқ турли соҳаларга йўналтирилган кредитлар берилди. Инвестицион йўналишдаги лойиҳаларни молиялаштиришга 63,0 млрд. сўм ажратилди. Кредитларни расмийлаштириш жараёнида мижозларга бизнес режа тузиш, банк хизмати қулайликларидан самарали фойдаланиш, ҳисоб-китоб ишларини тўғри ва қонуний амалга ошириш борасида ҳам таклиф ва маслаҳатлар берилиб борилаяпти. Бу эса мижознинг банкни энг яқин ишончли ҳамкори, деб билишига замин яратмоқда.

Йил бошидан буён банкнинг кредитлар портфели ҳажми 143,2 млрд. сўмга ёки 218,6 фоизга ортиб жами 263,9 млрд. сўмни ташкил этди. Банк кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун 43,9 млрд. сўмдан ортиқ кредитлар ажратган бўлса, унинг натижасида 7950 та янги иш ўринлари вужудга келди. Бу банк томонидан тақдим этилаётган кредитлар ўз самарасини бераётганидан, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилаётганидан далолат беради.

Маълумки, қишлоқ хўжалиги мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий тармоғи ва даромад манбаи саналади. Шунинг учун ҳам аҳолининг катта қисми қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан шуғулланиб, шу орқали ўз имкониятларини яхшилаб олишади. Бугун Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан амалга оширилган чуқур иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар натижасида юзага келган фермерлик ҳаракати вакилларининг аксарият қисми ўз фаолиятларини Халқ банки билан хамкорликда амалга ошириб келмоқда. Шу боис, уларга пахта ва ғалла етиштириш билан боғлиқ имтиёзли кредитлар ажратиш қаторида, бошқа маҳсулотларни етиштириш учун ҳам молиявий ёрдам кўрсатилмоқда. Жумладан, банк томонидан ушбу тармоқ вакилларига ажратилган жами кредитларнинг 218,2 млн. сўми боғдорчиликни ривожлантиришга, 622,7 млн. сўми мева-сабзавотчиликка, 777,2 млн. сўми картошка етиштиришга ва 100 млн. сўмдан ортиқроқ маблағ қорамоллар сотиб олишга йўналтирилган. Фермерларнинг қишлоқ хўжалиги техникаларига бўлган эҳтиёжини қондириш учун 21,7 млрд. сўм ажратилди. Президентимизнинг 2006 йил 23 мартдаги “Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва молларини кўпайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 308-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида банк томонидан 7977 нафар кишига чорвачиликни ривожлантиришлари учун 7,1 миллиард сўм кредитлар берилди.

Шунингдек, банк тадбиркор аёллар ва оилавий чорвачиликни ривожлантиришга бел боғлаган аёлларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, тадбиркор аёлларга 1,9 млрд. сўм, аёллар меҳнатидан фойдаланиладиган хўжалик субъектларига 2 млрд. сўм, оилавий чорвачиликни ривожлантиришни кўзлаган кам таъминотли аёлларга 2,1 млрд. сўм ажратилди.

Халқ банки бундан кейин ҳам аҳоли учун сифатли ва замонавий молиявий хизматларни кўрсатиш орқали уларнинг ишончли шеригига айланиш ҳамда мамлакат иқтисодиёти барқарорлигини таъминлаш йўлида фаол саъй-ҳаракатларни амалга оширишига ишониб қоламиз.

Бобур САТТОРОВ.
"Банк ахборотномаси"



Похожие новости
ЕТТБ Ўзбекистондаги етакчи кабель ишлаб чиқарувчи корхонани кенгайишини қўллаб-қувватлайди

03.03.2009

ЕТТБ Ўзбекистондаги етакчи кабель ишлаб чиқарувчи корхонани кенгайишини қўллаб-қувватлайди

Ўзбекистон Миллий банки: ҳар бир мижоз манфаати учун

18.02.2009

Ўзбекистон Миллий банки: ҳар бир мижоз манфаати учун

Аҳоли омонатлари кафолатининг янги даври

08.01.2009

Аҳоли омонатлари кафолатининг янги даври



Система Orphus