Фаолият истиқболини таъминлаб

01.12.2008

“Туркистон” хусусий очиқ акциядорлик-тижорат инвестиция банкининг бугунги асосий фаолият йўналишларидан бири мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга хизмат қилувчи инвестицион лойиҳаларни ҳаётга фаол татбиқ этишдан иборат. Шу боис, банк жамоаси ташқи иқтисодий фаолият ва валюта операциялари соҳасида зарурий чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Жумладан, банк томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида валюта операциялари салмоғини ошириш, турларини кўпайтириш ва сифатини яхшилашга эътибор қаратилди.



Ҳозирги кунда банк ўз мижозларига валюта ва экспорт-импорт операциялари бўйича барча хизмат турларини таклиф қилаётган бўлиб, буларга тўловларнинг банк ўтказмаси, ҳужжатли аккредитив, инкассо турлари, жорий валюта операциялари бўйича тўловларни қабул қилиш ва ўтказиш, нақд хорижий валютадаги касса операциялари, нақд хорижий валюталарни сотиб олиш ва сотиш, банк мижозлари номидан биржадан ташқари валюта бозорида амалиётлар ўтказиш каби хизматларни кўрсатиш мумкин. Бунинг самараси ўлароқ, банкда валюта операциялари салмоғи ошиб, валюта ҳисобрақамларига эга мижозлар сони ортди. 2008 йилнинг 1 октябр ҳолатига 264 мижозга, шу жумладан 199 жисмоний шахсга, 6 давлат корхонасига, 49 кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига, 4 қўшма корхонага ва 6 хусусий тадбиркорга хорижий валюталарда талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари очилди.

Банк томонидан мижозларнинг мажбуриятлардан холи валюта маблағларини биржадан ташқари валюта бозорига жалб қилишга эътибор қаратилиб, бунинг натижасида 2008 йил бошидан мижозларнинг 3 млн. 381,49 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари биржадан ташқари валюта бозорига жалб этилди. Валюта айирбошлаш шохобчалари орқали 143,55 минг доллар харид қилинди.

Экспорт-импорт шартномаларини рўйхатга олиш, бажарилишини назорат қилиш, улар бўйича жорий операцияларни амалга ошириш ишлари ҳам назардан четда қолгани йўқ. Жорий йил бошидан умумий қиймати 8 млн. 144,3 минг долларлик 26 та импорт шартномаси рўйхатга олинди. Импорт шартномалар бўйича йил бошидан 1 млн. 164,99 минг доллар миқдорида озиқ-овқат, хом ашё, бутловчи қисмлар ва бошқа маҳсулотлар олиб келинди ва 121,5 минг долларлик хизматлар кўрсатилди. Шунингдек, 2008 йилнинг 9 ойи мобайнида 50 та экспорт шартномаси рўйхатга олинган бўлса, шундан 9 та шартнома хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича тузилган.

Ҳозирда банк раҳбарияти томонидан валюта операцияларини янада ривожлантириш устида иш олиб борилмокда. Бунда банк томонидан қўлланилмаган имкониятларни ишга солиш мақсадида валюта операциялари бўйича хизмат турларини кўпайтириш мақсад қилинмоқда. Айниқса, мижозларга керакли қулайликларни яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси валюта биржасига аъзо бўлиши ҳамда “Western Union” халқаро пул жўнатмалари тизими билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиши, банкнинг бу борадаги муҳим қадами бўлди.

“Туркистон” банки кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳам қатор ишларни амалга ошириб келмоқда. Жумладан, банк бўлинмаларидаги бўш ўринларни малакали ходимлар билан тўлдириш ва мутахассисларни танлашда уларнинг базавий олий маълумотга ва юксак салоҳиятга эга бўлишларига аҳамият қаратилди. Айниқса, мутахассисларнинг инвестицион лойиҳалар билан ишловчи ва таҳлил қилувчи махсус ихтисосликка эга бўлганлари танлаб олинди.

Ёш кадрларни тайёрлаш ва қайта ўқитиш йўлида ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, базавий маълумотга эга бўлмаган кадрларни банк ихтисослигининг иккинчи мутахассислиги бўйича ўқув юртларида сиртдан таҳсил олишига имконият яратилаяпти. Шунингдек, ходимларнинг малакасини мустаҳкамлаш, уларнинг масъулияти ва маданиятини ошириш мақсадида маънавий-маърифий ишлар ҳам олиб борилмоқда.

Жасур МИРЗАЕВ.
“Банк ахборотномаси”



Похожие новости
ЕТТБ Ўзбекистондаги етакчи кабель ишлаб чиқарувчи корхонани кенгайишини қўллаб-қувватлайди

03.03.2009

ЕТТБ Ўзбекистондаги етакчи кабель ишлаб чиқарувчи корхонани кенгайишини қўллаб-қувватлайди

Ўзбекистон Миллий банки: ҳар бир мижоз манфаати учун

18.02.2009

Ўзбекистон Миллий банки: ҳар бир мижоз манфаати учун

Аҳоли омонатлари кафолатининг янги даври

08.01.2009

Аҳоли омонатлари кафолатининг янги даври



Система Orphus