Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида банк фаолиятига доир масалалар кўриб чиқилди

05.03.2009

4 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Д.Тошмуҳамедова олиб борди. Депутатлар Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартибини тасдиқладилар.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси А.Эрдонаев «Коллекторлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тақдим этди. Қонун лойиҳасида коллекторлик ташкилотларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни ташкил этиш, давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларнинг фаолиятини тартибга солиш тартиби, шунингдек, кредиторнинг, қарздорнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, коллекторлик ташкилотларининг фаолиятини таъминловчи бошқа нормалар белгиланган.

Савол-жавоблардан кейин ҳужжат моддама-модда муҳокама этилиб, унда барча сиёсий партиялар фраксияларининг вакиллари сўзга чиқдилар. Депутатлар айрим ҳуқуқий нормаларни такомиллаштириш мақсадида киритилган таклифларни инобатга олган ҳолда қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилдилар ва масъул қўмитага уни учинчи ўқишда кўриб чиқиш учун маромига етказишни топширдилар.

«Коллекторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонун қабул қилиниши муносабати билан «Банк сири тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини ҳам Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси А.Эрдонаев тақдим этди. Қонун лойиҳаси батафсил муҳокама қилинганидан кейин депутатлар уни иккинчи ўқишда қабул қилдилар.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг аъзоси Ш.Абдуллаеванинг маърузаси бўйича Қонунчилик палатаси «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди. Ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишлари, шу жумладан, 2008 йил 18 ноябрдаги «Иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг молиявий барқарорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қоидаларини рўёбга чиқаришга қаратилган. «Банкротлик тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларни янада такомиллаштириш банкрот деб эълон қилинган ишлаб чиқариш корхоналарини банклар мулк сифатида олиши, кейинчалик уларни бақувват инвесторларга реализация қилиши имкониятини беради. Амалдаги қонунларга тузатишлар жаҳон молия бозорларида юзага келган вазиятни ҳисобга олган ҳолда мамлакат иқтисодиётининг реал секторини қўллаб-қувватлаш мақсадида киритилмоқда.

Қонун лойиҳасининг моддама-модда муҳокамаси пайтида билдирилган фикрларни ҳисобга олган ҳолда, депутатлар Қонунни қабул қилдилар. Қонун маъқуллаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига юборилади.

Депутатлар сиёсий партияларнинг 2008 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги партиялар ҳисоботларини эшитдилар. Мазкур масала юзасидан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг раиси М.Тешабоев, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгаши раиси Л.Ғуломов, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А.Турсунов, Ўзбекистон «Адолат» сотсиал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси И.Саифназаров сўзга чиқдилар.

Сиёсий партияларнинг ҳисоботлари Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Адлия вазирлиги, Марказий сайлов комиссияси ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирокида кўриб чиқилди.

Ҳисоботларни муҳокама қилиш пайтида «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конститутсиявий Қонун кучга кирганлиги муносабати билан сиёсий партияларнинг молиявий интизомини мустаҳкамлаш алоҳида аҳамиятга эга эканлиги депутатлар томонидан таъкидлаб ўтилди.

Қонунчилик палатаси сиёсий партияларнинг 2008 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботларини маълумот учун қабул қилди.

Манба: UzA.uz

Похожие новости
Нигерияда банк раҳбарлари қидирилмоқда

24.08.2009

Нигерияда банк раҳбарлари қидирилмоқда

Таҳлилчилар АҚШ банкларининг аксарияти банкротга учраши ҳақида башорат қилмоқда

24.08.2009

Таҳлилчилар АҚШ банкларининг аксарияти банкротга учраши ҳақида башорат қилмоқда

Freddie Mac ўзининг янги операцион директори исмини эълон қилди

19.08.2009

Freddie Mac ўзининг янги операцион директори исмини эълон қилди



Система Orphus